"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

ОЗОД ВА ОБОД ЭЛДА ЯШАШ БАХТИ

Биз оёғимиз остидаги ерни инсониятни дунёга келтирувчи, камолга етказувчи мўътабар зот - онага қиёслаймиз. Чунки, тириклигимиз замин бағридан унадиган ризқ-рўз билан бардавом.

Мен яқинда Ўзбекистон телеканалида мамлакатимизда пахта етиштириш бўйича йиллик шартномавий режа адо этилгани муносабати билан тайёрланган махсус кўрсатувни мароқ билан томоша қилиб, шулар ҳақида ўйладим. Pеспубликамиз пахтакорлари эришган меҳнат зафаридан беҳад суюндим. Чунки, 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта халқимизнинг эртаги кунги фаровонлиги кафолатидир.

Шу муносабат билан муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига йўллаган табригини тинглаб, пахтакор, деҳқон, ё қишлоқ хўжалиги мутахассиси бўлмасам-да, жуда таъсирландим.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистондагина эмас, мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта топшириш режасини ортиғи билан адо этиб келаётган туманимиз номи Юртбошимиз табригида биринчи бўлиб тилга олинганида қувонганимдан ўзимга сиғмай кетдим.

Мана, кейинги 6-7 йил давомида пахтакорларимизнинг фидойи меҳнатлари натижасида Президентимиз табригида туманимиз номи илғорлар сафида тилга олиниб келинмоқда.

Бундай юксак кўрсаткичларга ўз-ўзидан эришилмаяпти. Албатта, юртимизнинг барча ҳудудларида аграр соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, фермерларга қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва зараркунандалардан ҳимоялаш воситалари узлуксиз етказиб берилмоқда. Аммо, бошқа ҳудудларга қараганда шароити нисбатан оғир бўлишига қарамасдан Амударё пахтакорлари Pеспублика туманлари орасида карвонбошилик қилиб келмоқда. Менимча, бундай натижаларга эришилаётганининг асосий сабаби - туман раҳбарияти бошчилигида соҳада самарали тизим яратилганидир.

Яна бир қувонарли жиҳати - жорий йилдан бошлаб туманимизда етиштирилган пахта хом-ашёсининг асосий қисми ўзимизда "Amudaryotex” хорижий корхонасида қайта ишланади. Президентимиз табригида таъкидланганидек, "Ўтган асрнинг 90-йилларида юртимизда етиштирилган жами пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланар эди. Ўтган қисқа даврда бу борадаги кўрсаткич 6 баробардан зиёд кўпайгани ҳамда бугунги кунда 44 фоизни ташкил этиб, чет мамлакатларга сотилаётгани, пахта толасига яна қўшимча қиймат қўшишга имконият яратаётгани шу йўналишда узоқни кўзлаб олиб бораётган ишларимизнинг амалий самарасидир”.

Биз кекса авлод вакиллари мамлакатимизда, мамлакатимизнинг кичик бир бўлаги бўлмиш туманимизда қўлга киритилаётган бу каби ютуқлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, фахр-ифтихорга тўлади.

Нафақат пахтачилик, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари қатори саноат, ишлаб чиқариш, таълим, тиббиёт, қурилиш каби йўналишларда ҳам туманимизда улкан муваффақиятларга эришилаётгани, халқимизнинг турмуш фаровонлиги йил сайин юксалиб бораётганидан жуда қувонамиз ва Аллоҳга шукроналар айтамиз. Буларнинг замирида истиқлол аталмиш буюк неъмат тургани, унинг абадийлигини, Ватанимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асраш, кўз ўнгимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиш шу элнинг ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлигини ёшларимизга қайта-қайта таъкидлаймиз.

Бундай тинч ва фаровон мамлакатда, озод ва обод юртда, илғор, ташаббускор ва интилувчан, меҳнатсевар халқ ичида яшаётганимиз ҳар биримизнинг бахтимиздир. Бундай бахтга муносиб бўлишга доимо интилиб яшайлик, азизлар!

Иброҳим ИСМОИЛОВ, халқ таълими фахрийси.

Янгиликни бўлишинг: