"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Меҳнатинг самарасини кўриш – бахт

Бу йил мамлакатимизда 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этилишида Қорақалпоғистон Pеспубликаси, жумладан, Амударё тумани пахтакорларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан фахрланамиз.
Президентимизнинг Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига йўллаган табригида илғорлар қаторида бизнинг Амударё тумани ҳам қайд этиб ўтилгани туманимиз аҳлининг меҳнатига берилган юксак баҳо, деб биламиз.
Бугун, деҳқоннинг йил-ўн икки ой қилган машаққатли меҳнати самараси кўриниб, ғалвир сувдан кўтарилганда шундай шарафга лойиқ кўрилиш ҳар қандай кишини тўлқинлантириб, янги зафарлар сари ундайди. Туманимизда 42 минг тоннадан ортиқ хирмон яратилишида деҳқон ва фермерларимиз билан бирга барча қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг ҳиссаси катта бўлди.
Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар юртдошларимизнинг ерга, мулкка, меҳнатга бўлган муносабатини, дунёқарашини тубдан ўзгартириб, қишлоқ ва овулларимиз замонавий қиёфа касб этиб, халқимизнинг турмуш шароити янада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Бугун деҳқонларимиз нафақат ўз оиласи, айни пайтда маҳалласи фаровонлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда. Мана шу омиллар қишлоқ хўжалигида эришаётган улкан ютуқларимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эндиликда фермер хўжаликлари ғаллачилик ва пахтачилик билан чекланиб қолмасдан, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик каби сердаромад тармоқларни, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини йўлга қўйиш, ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар самарасидир.
Селекция масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, олим ва мутахассисларимизнинг амалий ҳамкорлиги йўлга қўйилгани туфайли "Омад”, "С-4727”, "Султон”, "Порлоқ”, "Бухоро-8” каби маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос, серҳосил ва эртапишар ғўза навлари экилаётгани яхши самара бермоқда.
Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан минерал ва маҳаллий ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материалларининг ўз вақтида етарлича етказиб берилгани муваффақиятлар гарови бўлди. Йиғим-терим ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишга 30 минг 640 нафар теримчи жалб этилди. "Омонбой Pажабов”, "Улуғбек Ўразбоев”, "Қурбонғали Бешбоев”, "Камолиддин Бекниёз”, "Умида Турсунбоева”, "Анвар Йўлдошев”, "Аму соҳили” каби кўплаб илғор фермер хўжаликлари бошқаларга намуна бўлди.
Президентимизнинг табриги биз, қишлоқ меҳнаткашларининг кўнглини тоғдай кўтариб, янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундамоқда. Шу кунларда келгуси йил ҳосилига замин яратиш ишлари бошлаб юборилди. Кузги ғалла майсаларини суғориш, озиқлантириш ишлари давом этаётир. Пахтадан бўшаган майдонларни шудгорлаш ишлари якунланмоқда.

Pажаббой Йўлдошев,
Қорақалпоғистон Pеспубликаси
Амударё тумани ҳокими.
Янгиликни бўлишинг: