"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Қурбон ҳайитининг савобли амаллари

Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, мамлакатимиз Президенти Фармонига мувофиқ Pамазон ва Қурбон ҳайитларининг байрам қилиниши ва дам олиш куни қилиб белгиланиши бу қутлуғ кунларнинг обрўсини янада зиёда қилди. Натижада бу байрамлар катта шодиёна ва тантана билан нишонланмоқда. Қурбон ҳайитида қурбонлик  қилиш молиявий ибодат бўлиб, Қуръони карим ва Суннат билан собитдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, "Биз барча (ўтган) умматларга Аллоҳ берган чорва молларини сўйиш олдидан унинг номини зикр қилиш учун қурбонлик қилишларини буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳ. Бас, унгагина бўйсунингиз ва (эй Муҳаммад) итоат қилувчиларга хушхабар беринг” ("Ҳаж” сураси 34-оят).

Ийдни ҳайит номози ўқиб бўлингач, қурбонлик сўйиш билан бошланади. Кимки етарли миқдорда пул маблағига эга бўлмаса, қурбонлик вожиб эмас.

Ҳадисда Pасуллоҳ (с.а.в) "Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда бало-қазодан, охиратда офатдан озод қилади. Ҳайит номозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматларимдир” деган. Қурбонлик 3 кунгача сўйилиши мумкин. Қурбонлик сўйишда қурбонлик қилувчилар барчаси қатнашишлари мустаҳабдир. Қурбонлик қилишга 5 яшар туя, 2 яшар сигир, 1 яшар қўй ёки эчки суйиш мумкин. Туя ва сигир 7 киши номидан сўйилиши ва гўшти чамалаб эмас, килолаб ўлчаб тақсимланиши керак.

Қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиши, учдан бирини оила аъзоларига едириши, учдан бирини кейин ейишга олиб қўйиши мумкин. Қурбонлик терисини сотиш, қассобга бериш мумкин эмас, фақирларга ёки умумхалқ фойдаланувига бериш яхшидир. Қурбон ҳайитида қиладиган энг муҳим вазифамиз меҳрга ташна инсонларга байрам хурсандчилиги ва хушнуд кайфият улашиш, беморларни йўқлаб, соғайишини тилаш, аразлашганларни яраштириш, дийдорлашиш, байрам билан қутлаш, меҳрибонлик ва саҳоват кўрсатиш, қилган гуноҳ ва хатоларига тавба-тазарру қилиш, яхши амаллар қилиш, қабристонларни зиёрат қилиш, осмонимиз тинчлиги, турмушимиз осойишталигининг барқарор бўлмоғини тилашдир. Бундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳга шукроналар келтиришимиз ва унинг амр-арконларини сидқидилдан бажаришимиз лозим.

Мустақиллигимиз шарофати билан яратилган эмин-эркинлик туфайли бу йил ҳам Қурбон ҳайитини зўр шодиёна ва тантана билан ўтказиш бахтига эришдик. Илоҳим, барча юртдошларимизга қурбон ҳайити муборак бўлгай!

Аҳмад МАДPАҲИМОВ,

"Нўғай Эшон бобо” масжиди мутаваллиси.

(Фото - http://religions.uz)

Янгиликни бўлишинг: