"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Келажак – мактаб ўқитувчисининг қўлида

Таълим-тарбиянинг тарғиботчиси ўқитувчи эканлигини шарқнинг буюк мутафаккирлари қайта-қайта эътироф этишган.

Аллома Абу Наср Фаробий фикрича, ҳар бир инсон ҳам бахтни ва нарса-ҳодисаларни ўзича била олмайди. Унга бунинг учун устоз лозим ва таълим-тарбия жараёни тажрибали, илмли устоз томонидан маълум мақсадларга йўналтирилган ҳолда ташкил этилиши лозим.

"Таълим тўғрисида”ги қонун қўйган асосий мақсадларга эришишда ҳам бош ролни мактаб педагогик жамоаси ўйнаши сир эмас. Бунда жамоанинг аъзоси бўлмиш ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти, савияси жуда муҳим.

Ўқитувчи замондан бир-икки одим олдинда бўлиши керак. Ўз фани материлларидан ташқари давлатимиз сиёсати, маданияти ва фаннинг бошқа соҳалари бўйича етарли билимга эга бўлиб, таълим жараёнига ижодий ёндашиб, ижобий натижалар берадиган йўлларни аниқлай оладиган даражада малакали бўлмоғи керак.

Фанга, илмга муҳаббат ўқитувчига муҳаббатдан бошланади. Ўқитувчи учун ўз ўқувчисининг меҳр-муҳаббати катта бахт, катта мукофот. Ўқитувчи эътибор бериши лозим бўлган яна бир зарур хислат – одилликдир. Ўқувчилар адолат билан иш тутадиган, вазиятга холисона баҳо берадиган ўқитувчини қадрлайдилар.

Юртбошимиз И.Каримов сўзлари билан айтсак, "Ўқитувчилик мансаб эмас, балки масъулиятдир”.

Шубҳасиз, обрў қозониш осон иш эмас, бунинг учун ўқитувчи йиллар давомида ҳар қандай педагогик жараёнда ҳар бир ўтаётган дарсининг муқаддаслигини ҳис қилиб, масъулиятни сезиши керак.

Юртимизда ўқитувчи-мураббийлар фаолиятига етарли эътибор қаратилмоқда, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Шу ўринда мактаб фаолиятининг муваффақиятини чин дилдан истаган ҳар бир раҳбар ходим аввало мазкур мактаб оддий ўқитувчиларининг меҳнатини, педагоглик маҳоратини тўғри баҳолаши, у эришган муваффақиятлари учун рағбатлантиришни адолатли тарзда тўғри йўлга қўйиши лозим. Чунки бугунги кундаги ўқитувчининг меҳнати бундан ўн йиллар олдингидан анча мураккаблиги билан фарқ қилади.

Юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида белгилангани ўқитувчининг жамиятда юксак мавқега эга эканлигининг далолатидир. Барча устозларга шу эътиборга муносиб бўлишларини тилаб қоламан.

Тўлғоной ПОЛВОНОВА,

21-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: