"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ҲОСИЛ МЎЛ, ХИPМОН ЮКСАК

Ўзбек пахтасини жаҳон бозорига чиқаришда пахтани қайта ишлаш саноатининг ўрни беқиёс. Шу сабабли 2001 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг "Pеспублика пахта тозалаш саноатини монополиядан чиқариш ва бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, Фармон асосида "Ўзпахтасаноат” уюшмаси ташкил этилган эди.

Пахта толаси "Ўзпахтасаноат” уюшмасига қарашли пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқариладиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотнинг муҳим турларидан бири бўлиб, халқаро экспертлар фикрича, сўнгги йилларда ўзбек толасининг пахта бозори талабларига тўлиқ жавоб берувчи сифат хусусиятларининг яхшиланиши сабабли унга бўлган қизиқиш янада ошди.

Туманимизда етиштирилган пахтани йиғим-терим мавсумида узлуксиз қабул қилиб олиш туман пахта тозалаш корхонасининг асосий вазифасидир. Корхона зиммасига хом ашёни сақлаш, уни сифатли қайта ишлаш, пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш, пахта терминаллари орқали экспортга жўнатиш, ғўзанинг уруғлик фондини тайёрлаш каби вазифалар юклатилган. Шу билан бирга, корхона фермер хўжаликларига уруғликни тақсимлаш, етказиб бериш, хом ашёни йиғиб-териш ва уни кейинги ишлов учун пахта тайёрлаш пунктларига қабул қилишгача бўлган кўплаб тадбирларнинг амалга оширилишида кўмаклашади.

Халқимизда "Уруғ сифати – ҳосил баракаси”, деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган. Шу боис бўлса керак, кўпни кўрган уста деҳқон-пахтакорлар билан суҳбатлашсангиз, ҳосилдорликнинг кутилганидек бўлиши уруғлик чигитнинг навдор, сара бўлишига боғлиқ эканини таъкидлашади. Дарҳақиқат, пахта толасининг узунлиги, пишиқлиги, саноатбоплиги ва сифати кўп жиҳатдан уруғликка боғлиқ. Туманимиздаги 262 та фермер хўжаликлари билан уруғлик чигит етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ, ҳудудлардаги 17 та шохобчалар орқали 1538 тонна чигит экиш мавсумида ўз вақтида етказиб берилди. Бу йил пахта етиштириш учун ажратилган асосий майдонларга ғўзанинг "Омад”, "С-4727”, "Султон", "Порлоқ", "Бухоро-8” ва бошқа қатор навлар уруғлари экилди.

Мавсумдаги муҳим янгилик - корхонамизга қарашли заводнинг "Оқ олтин” овули ҳудудида жойлашган "Оқ олтин” пахта қабул қилиш маскани ҳудудига кўчирилгани бўлди. Мавсум олдидан ушбу янги пахта тозалаш заводи ҳудуди ободонлаштирилиб, унинг қошида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши поёнига етказилди. Заводнинг янги масканга кўчиб ўтиши муносабати билан "Юлдуз” очиқ ҳиссадорлик жамияти номи ўзгартирилиб, "Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти шаклида қайта рўйхатдан ўтказилди.

Энг муҳими, жорий йилги пахта йиғим-терими мувсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Корхонанинг асосий қабул маскани ҳамда унга қарашли жойлардаги пахта қабул қилиш масканларида мавсумга тайёргарлик ишлари сифатли бажарилди. Хусусан, қабул масканларида транспортёрлар, ғарам майдончалари, пахта қабул қилувчи мосламалар, ҳаво сўргичлар, ғарам бузгич ускуналар, автотарози биноси, сув ҳовузи, масканлар ҳудудини ўраб турган деворлар сифатли таъмирланди. Мавжуд автотарозилар давлат стандарти кўригидан ўтказилди. Пахта ғарамларини яхши сақлаш учун зарур шароитлар яратилди.

Жорий йилнинг 10 сентябридан бошлаб корхонамизга қарашли 6 та пахта қабул қилиш масканларида "оқ олтин” ортилган карвонларни қабул қилиш бошлаб юборилди. Шу кунгача қабул қилинган жами ҳосилнинг кондицион вазни 33 минг тоннадан ортиб кетди.

Мавсум бошланганидан бери фермер хўжаликларига қўл теримига жами 7 млрд. сўмдан ортиқ нақд пул маблағлари тижорат банклари томонидан терим пули сифатида тарқатилди.

Корхонамизда 400 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилмоқдалар. Улардан бош муҳандис Бахтиёр Тўраев, бош энергеник Маҳмуд Болтаев, бош механик Парахат Ўрозбоев, тайёрлов бўлими бошлиғи Баҳодир Қодиров, техник назорат бўлими бошлиғи Pажаб Тўраев каби ўз касбининг жонкуярлари пахтакорларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган "оқ олтин”ини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида фидойилик кўрсатмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, меҳнат жамоамиз номидан туманимиз пахтакорларини, фермерларни, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини ва барча ҳашарчиларни меҳнат зафари – туманимизда давлатга пахта топшириш бўйича шартномавий режанинг бажарилиши муносабати билан табриклаган ҳолда "Ҳорманг, азиз пахтакорлар!” деймиз!

Олимбой ХУДОЙБЕPГАНОВ,

"Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти раиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: