"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Жасоратли меҳнат самаралари

Бу йил туманимиз пахтакорлари учун, қолаверса дўрманлик пахтакорлар учун куз саҳовати чексиз бўлди: кўзни қувонтирадиган юксак "оқ олтин” хирмонлари уйилди. Туманимиз пахтакорлари 34 минг тоннага яқин юқори навли пахта ҳосилини йиғиб-териб олиб, она Ватанга армуғон қилди ва Pеспубликамизда биринчи бўлиб йиллик пахта тайёрлаш шартномавий давлат режаларини ортиғи билан бажарди. Бу албатта, пахтакорларимизнинг жасоратли меҳнати натижасидир. Аниқроқ қилиб айтганда, жасорат хирмонидир.

Ҳар йили биринчи бўлиб ғалаба туғини баланд кўтаришга одатланган ва буни энг яхши анъанага айлантирган дўрманлик пахтакорлар сентябрь ойи бошидаёқ ташаббусни қўлга олиб, 14 та фермер хўжаликларининг минг гектардан зиёд пахта майдонларида пахта йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан олиб бордилар. Пахтазорларда икки мингдан ортиқ теримчилар тер тўкиб меҳнат қилдилар ва терим суръатини кун сайин оширдилар. Мавжуд 14 та фермер хўжаликларининг ҳар бирида биттадан пахта йиғим-терим отрядларининг ташкил этилиши ва фаолият олиб бориши терим суръатини оширишда асосий омил бўлди. Натижада қисқа муддатда "оқ олтин” хирмонлари сарбаланд бўлиб, йиллик марра эгалланди ва давлат хазинасига 2300 тоннадан зиёд юқори навли пахта ҳосили етказиб берилди.

- Бугунги катта меҳнат ғалабамизга ҳар йили пахтадан мўл ҳосил етиштириб келаётган ва 40 центнерчилик ҳаракатининг ташаббускорлари бўлган "Камолиддин Бекниёз”, "Пирназаров Тўрабой”, "Матмуродов Ботир”, "Пирметов Бозорбой”, "Бешбоев Қурбонғалий” ва "Ортиқов Pажаббой” фермер хўжаликларида бугунги куннинг ўзидаёқ, ҳар гектар ҳисобига 28-30 центнердан хирмон кўтарилди. Пахтазорларимизда ҳосил ҳали мўл. Йиғим-терим ишларини янада қизитиб, 3 минг тонналик юксак мажбуриятимизни ҳам тез кунда бажариб хирмонларга барака киритамиз, - дейди. Й.Ўрозбоев номидаги ММТП раҳбари Улуғбек Ўрозбоев фахр билан.

Хўжаликдаги 40 центнерчилик ҳаракатининг ташаббускорларидан бири Қурбонғалий Бешбоев бошқарган "Бешбоев Қурбонғалий” фермер хўжалигида пахта йиғим-терим ишлари авж палласига чиққан. Пахтазорларда ҳар куни 150-160 нафар чаққон қўлли теримчилар унумли меҳнат қилишмоқда. Пахтазорлар бугунги кунда гўё қайноқ меҳнат майдонига айланган.

- Ҳа, бугунги кунда ҳаммамизнинг ўрнимиз пахтазорларда. Пешона терларимиз билан етиштирган мўл пахта ҳосилимизни қанчалик тез йиғиб-териб олсак, шунчалик қўлимиз баланд, юзимиз ёруғ, даромадимиз мўмай бўлади. 67 гектар пахта майдонидан 200 тоннадан ортиқ юқори навли пахта ҳосилини йиғиб-териб олиб маррадан ошдик. Биринчи теримдаёқ ҳосилдорлик ҳар гектар ҳисобига 30 центнерга етди. Пахтазорларимиздаги қолган ҳосилни йиғиб териб олсак, ҳосилдорлик 40 центнердан ҳам ошиб кетади, - дейди илғор фермер Қурбонғалий Бешбоев ишонч билан.

Дала - ташкилий ишлар билан банд бўлган 177-пахта йиғим-терим отрядининг раҳбари Отамурод Юсупов илғор теримчилар ҳақида фахру ифтихор билан гапира кетди:

- Гўзал Қурбонова, Муқаддас Юсупова, Ширин Соатова, Эркиной Йўлдошева, Шарофат Ўрозалиева, Ёрқиной Қурбонбоева, Зубайда Абдуллаева, Нилуфар Бобожоновалар ҳар куни 180-200 килограммдан пахта териб бермоқдалар, - дейди 177-пахта йиғим-терим отряди раҳбари Отамурод Юсупов.

Қобул Шомуродов.

М.Ҳабибуллаев олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: