"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Хирмонимиз залворли, юзимиз ёруғ бўлди

 2014 йилнинг 28 сентябри амударёликлар учун хушхабар билан бошланди – туманда давлатга пахта топшириш бўйича дастлабки марра эгалланиб, қабул масканларига 32640 тоннадан ортиқ "оқ олтин” топширилди. Pеспубликамизда биринчи бўлиб, 18 иш кунида давлатга пахта топшириш бўйича шартномавий режасини ортиғи билан бажарган туманимиз пахтакорлари, фермерлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг бу меҳнат зафарини ҳар бир амударёлик катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Албатта, бундай юксак, залворли хирмонни Pеспубликада биринчи бўлиб бунёд этиш осон иш эмас. Бу улкан ютуқ ва зафарларга асос бўлган муҳим омиллар борки, бугун – меҳнат зафарига эришилган қувончли кунда уларни тилга олиш зарур, деб ўйлайман.

Аввало, айтиш керакки, жаннатмакон юртимизнинг ҳар қарич тупроғи серунум, ҳар бир даласи серҳосил. Бу юртда йилнинг 320 куни қуёшли, тўрт фасли ҳам ўзига хослиги билан бир-биридан ажралиб туради. Буларнинг барчаси Ўзбекистон тангри назари тушган замин эканидан далолатдир.

Қолаверса, юртимизнинг ҳар бир фуқароси меҳнаткаш. Бу элнинг ҳар бир деҳқони тонг саҳарда қўлида кетмони билан далага отланади, қуёшни даласида қарши олади. Энг асосийси, бу элда оғзибирчилик, тотувлик бор. Тотувлик бор жойда эса қут-барака, тўкинчилик бўлади. Дала бошидаги ихчам шийпонда бир пиёла чойдан кейин эл-у юртига тинчлик, дастурхонга барака сўраб дуо қилаётган отахону-онахонларимизни кўриб, беихтиёр муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон Pеспубликаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табригидаги мана шу жумлалар ёдимга тушади: "Бизни мана шундай саодатли кунларга Худо етказяпти. Ҳар тонгда пок бўлиб, чин дилдан сўрасак, Яратганимизнинг ўзи албатта йўлимизни очиб беради. Ва Оллоҳнинг назари тушган мана шу муқаддас юртда ҳеч ким ҳеч қачон кам бўлмайди, иншоолло”.

Истиқлол йилларида аграр соҳада амалга оширилган муҳим ислоҳотлар, ернинг ўз эгасига топширилгани, деҳқоннинг мулкдор бўлишига, ердан мўл ҳосил олиб, нафақат давлатнинг, балки ўз оиласининг, ишчи ва хизматчиларининг, бутун овулнинг эҳтиёжини таъминлаши учун унга кенг имкониятлар берилаётгани қишлоқ хўжалигидаги ютуқларимизнинг бош омили бўлмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари ерларини оптималлаштириш асосида йириклаштирилган ва иқтисодий жиҳатдан янада барқарор хўжаликлар вужудга келтирилиши, ер, сув, моддий-техника ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига самарадорлик ва рентабелликнинг жадал ўсишинатижасида фермерларнинг молиявий-иқтисодий аҳволи яхшиланди. Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасининг ортишида намоён бўлмоқда.

Энг муҳими, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар фермерларнинг ерга, мулкка бўлган муносабатини тубдан ўзгартириб юборди. Эндиликда фермер хўжалиги ғаллачилик ва пахтачилик билан чекланиб қолмасдан, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик каби тармоқларни, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини йўлга қўйиш орқали даромадини кўпайтириш, ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлмоқда. Буларнинг барчаси истиқлол туфайли деҳқонга берилган имконият самарасидир.

Қолаверса, бундан 7 йил муқаддам муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича алоҳида Давлат дастури ишлаб чиқилиб, шу кунгача туман бўйича 32,7 минг гектардан ортиқ экин майдонининг мелиоратив ҳолати яхшилангани ерларимизнинг ҳосилдорлик даражаси ошишига замин яратди.

Соҳада самарали молиявий тизим йўлга қўйилгани, қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш, уларнинг моддий техника базасини яхшилаш, сув, минерал ўғит, ёқилғи мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш, зараркунандаларга қарши курашиш тизимлари самарали йўлга қўйилгани ҳам бугунгидек баланд хирмонлар бунёд этилишига асос бўлмоқда.

Деҳқон учун ҳар йил ўзига хос қийинчилик ва мураккабликлари, турли табиий шароитлари билан ажралиб туради. Бу йилги экиш мавсуми бироз ноқулай келишига қарамасдан, чигит экиш ишларини эрта баҳорда ниҳоясига етказган деҳқонларимиз ҳар бир ниҳолга меҳрини бериб қилган ҳалол меҳнати самараси сифатида далалардан тўлиқ кўчат олишга эришди.

Шу ўринда айтиш керакки, кейинги йилларда селекция масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мутахассислар ва олимларимизнинг амалий ҳамкорлиги натижасида ҳудудимизнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган "Омад”, "С-4727”, "Султон”, "Порлоқ”, "Бухоро-8” каби навлар экилгани деҳқонларимизнинг қўлини узун қилди.

Ғўзани яганалаш, қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, зараркунандаларга қарши курашиш, чилпиш, дефолиация қилиш каби ғўза тарбиясидаги муҳим тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилгани амударёликларнинг бугунги меҳнат зафарининг муҳим омили бўлди, десак айни ҳақиқат бўлади.

Маълумот ўрнида бу йилги пахтани етиштириш учун қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи тегишли ташкилотлар томонидан фермер хўжаликларига 14390 тонна минерал ва 117500 тонна маҳаллий ўғитлар, 3100 тонна ёнилғи мойлаш материаллари, 310 млн. метр куб сув етказиб берилиб, 667 миллион сўмлик биолаборатория, 1 млрд. 233 миллион сўмлик техника хизмати кўрсатилганини айтиб ўтиш ўринли.

Энг муҳими, бу йилги йиғим-терим мавсуми уюшқоқлик билан ташкил қилинди. Туман бўйича 262 та терим отрядларида йиғим-терим ишларига жалб қилинган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари, овул ва маҳаллаларнинг уюшмаган аҳолиси, фермер хўжаликлари ишчилари, Ажиниёз номидаги НДПИ талабаларидан иборат жами 30640 нафар теримчиларнинг оғзибирчиликда қилган меҳнати самараси сифатида бугунги юксак хирмон яратилди.

Теримчи ва ҳашарчиларнинг меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун зарур шароит яратилиб, уларнинг соғлигини сақлаш мақсадида тиббиёт соҳаси ходимлари бириктирилгани, дала бошида иссиқ овқат берилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилгани ва турли маданий тадбирлар уюштирилгани теримчиларни янада ғайрат-шижоат билан ишлашга чорлади.

Шу кунгача топширилган пахта ҳисобидан теримчиларга 7,6 миллиард сўмдан ортиқ нақд пул маблағларининг терим пули сифатида берилиши, фермерларимизнинг 37,5 миллиард сўмдан ортиқ даромад кўриши - уларнинг ўз меҳнатидан моддий манфаатдорлигини оширди.

Пахта сотиш бўйича шартномавий режаларини ортиғи билан бажариб, бугунги юксак хирмонга катта ҳисса қўшган, мўл ҳосилдорликка эришган Қиличбой овулидаги "Pажабов Омонбой”, Дўрман овулидаги "Ўразбоев Улуғбек”, "Бешбоев Қурбонғали”, "Камолиддин Бекниёз”, Ўрта қалъа овулидаги "Pам Ҳайтимбат”, Қипчоқ овулидаги "Турсунбоева Умида”, Чойкўл овулидаги "Юлдошев Анвар”, Тўлқин овулидаги "Аму соҳили”, Бўз ёп овулидаги "Айтбой Отахон”, Холимбег овулидаги "Бектемир Жуматов”, "Уста Оллаёр” ва бошқа кўплаб фермер хўжаликлари номини миннатдорчилик билан тилга оламиз.

Мавсум давомида фермерларга амалий ёрдам бериб, уларнинг оғирини енгил қилган "Қиличбой”, Йўлдош Ўрозбоев номли, "Намуна", "Манғит”, "Қипчоқ”, "Туркманистон”, "Дўстлик” ва "Тош ёп” муқобил машина-трактор паркларини фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи илғор ММТПлар сифатида тилга олиш ўринлидир.

Pежа - чегара эмас. Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Пахтакорларимиз "оқ олтин”нинг бир мисқолини ҳам далада қолдирмай йиғиб-териб олиб, туманимизнинг пахта хирмонини 42 минг тоннадан ошириш йўлида меҳнат қилмоқдалар. Ушбу қувончли лаҳзаларда туманимиз пахтакорларини, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларини, пахтакорларга мадад бўлаётган ҳашарчиларни ва бутун туманимиз аҳлини бугунги меҳнат зафари билан табриклайман. Бошингиз хирмонингиз каби баланд, юзингиз доимо меҳнатингиз самарасидан ёруғ бўлаверсин, азизлар!

Pажаббой ЙЎЛДОШЕВ,

Амударё тумани ҳокими,

Қорақалпоғистон Pеспубликаси

Жўқорғи Кенгеси депутати.

Янгиликни бўлишинг: