"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8395.15 -6.53
  • 1 EUR = 9510.03 -113.11
  • 1 RUB = 127.67 -1.35

Парвозинг юксак бўлсин, қалдирғочим!

Сизга бахт нима? деб савол беришганми?... Дунёга келиш – бу бахт. Кўзларинг кўриб туриши, оёқларинг юриб туриши, юрагингнинг уриб туриши – бу бахт. Оилали бўлиш, ўғил-қиз, неваралар ўстириш – булар ҳам бахт. Ота-онага меҳрибон фарзанд бўлиш, тинч осойишта Ватанда яшаб, ҳалол меҳнат қилиш – бахт. Ўҳў, бахтни таърифлашга сўзлар ожиздай...

Юртимизда яхши кунлар, байрам, тўйлар эгиз-эгиз. Мустақиллигимизнинг 23 йиллигида менинг ҳам қалбимда қўшалоқ байрам бўлди. Ўғлимнинг қизи – неварам Турсуной Жиянбоева биринчи синфга илк қадамини қўйди...

"Арна бўйи” маҳалласи ҳудудидаги 27-сонли умумтаълим мактаби узоқдан кўзга ташланиб туради. Икки қаватли мактаб биноси атрофи дов-дарахтлар билан ўралган. Ўқувчи ва ўқитувчилар қалбида байрам шукуҳи. Ўқувчилар ва ўқитувчилар мактаб кийимида. Ўқувчилар қўлларида гул... бирам чиройли кўринишади. Беихтиёр инсон қалбида бу озод Ватанда яшаётганидан ғурур ва шукроналик ҳисси кечади.

Биринчи ўқиш кунига бағишланган кечани она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Амина Тўраева очди. Вақтинчалик мактаб директори вазифасини адо этаётган Гулмирза Камолов ўқувчи ва ўқитувчиларни биринчи ўқиш куни билан қутлаб, ўқиш ва ишларига омадлар тилади. Мактабга бу йил биринчи синфга 65 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчасига Президентимиз совғаси – 12 турдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкаси тантанали равишда топширилди.

Тадбирда ота-оналар дил сўзларини айтишди. Ўқувчилар шеърлар айтиб, рақсга тушишди.

Ниҳоят, биринчи қўнғироқнинг неварам қўлида чалинишини кўрганимда қувончдан, бахтдан кўзларимга севинч ёшлари келди... Қалдирғочим – илм масканига биринчи қадаминг қутлуғ, парвозинг юксак бўлсин, дея ҳайқиргим келди.

Неварам синфхонага қадам қўйди. Бу синф раҳбари Ҳожибика Бобожонова. 1984 йилдан буён ёш авлодга илм беришда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бу меҳри дарё ўқитувчинингмеҳнатларини юртимиз, ҳукуматимиз қадрлади. Унга 2013 йилда "Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди.

Неварамнинг оилада – садоқатли умр йўлдоши, меҳрибон она, суюкли қайнона, ишда – жонкуяр устоз қўлида тарбия топишидан, илк билимларни олишидан бениҳоя хурсандман.

Мактабнинг барча ўқитувчиларига фарзандларимизга илм беришдек машаққатли ва улуғ ишларида муваффақиятлар тилайман.

Гулнора ЮСУПОВА.

(Фото - uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: