"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Баракали хирмон фасли

Сентябрь - баракали ой, баракали хирмон ойи. Туманимиз пахтакорларининг сўнгги беш йилдан буён пахта тайёрлаш бўйича йиллик шартномавий режаларини сентябрь ойида мунтазам равишда бажариб келаётганлиги бунинг яққол исботидир. Бу йил ҳам туманимиз пахтакорлари мана шу анъанавий ташаббусни қўлларида маҳкам тутиб, пахтазорларда йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқдалар ва терим суръатига суръат қўшмоқдалар. Бундай ғайрат-шижоат ва жўшқинликни "Намуна" маҳалласидаги фермер хўжаликлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса пахта йиғим-теримдаги ғайрат-шижоат тимсолини Жабборберган Эшчонов бошқараётган "Шўрқалъа" фермер хўжалиги мисолида кўриб таассуротларимиз янада бойиди.

- 100 гектар пахта майдонларимиз бор. Барча пахта майдонларида мўл ҳосил етиштирилди. Пахта йиғим-терим ишларида ҳар куни 180-190 нафар теримчи фаол қатнашиб, терим суръатига суръат қўшишмоқда. Энг илғор теримчилардан Гулнора Содиқова, Даригул Нурметова, Ҳанифа Pажабова, Ширин Юсупова, Гўзал Оллаёрова, Бибиробия Қурбониёзова, Маҳбуба Собирова, Қамажой Жумағалиева ва Сайёра Бекиевалар кунигаҳар бири 120-130 килограммдан пахта термоқдалар. Айтаверсак, бундай чаққон қўлли илғор теримчиларимиз жуда кўп, - дейди "Шўрқалъа" фермер хўжалиги раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Жабборберган Эшчонов тўлқинланиб.

Пахтакор теримчилар орасида пахта йиғим-терим ишлари бўйича 253-отряд раҳбари Гулмирза Бобожоновни ҳам учратдик. У ғўза пайкаллари оралаб юриб теримчиларнинг пахта ҳосилини тоза ва чаноқларда қолдирмасдан теришларини назорат қилаётган экан.

- Бизнинг асосий вазифамиз маҳалладаги меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламини пахта йиғим-теримига сафарбар қилиб, терим суъратига суръат қўшишдир. Шунингдек, барча теримчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун дала бошида қулайликлар ва шарт-шароитларни яратиб бериш муҳимдир. Теримчиларнинг меҳнатларини ўз вақтида баҳолаб бориш эса янада аҳамиятлидир. Мана шу каби дала-ташкилий ишларни ўз ўрнига қўйиб, хирмонга барака киритмоқдамиз, - дейди 253-йиғим-терим отряди раҳбари Гулмирза Бобожонов биз билан суҳбатда.

Суратда: Чапдан "Шўрқалъа" фермер хўжалиги раиси Жабборберган Эшчонов, илғор теримчилар Маҳбуба Собирова, Сайёра Бекиева, Қамажой Жумағалиевалар ва 253-пахта йиғим-терим отряди раҳбари Гулмирза Бобожоновлар.

Қобул ШОМУPОДОВ.

Муаллиф олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: