"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Ўзбекистонда интернет-журналистика ривожланмоқда

Пойтахтимизда "Миллий интернет-журналистикани ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий семинари бошланди.
Тадбир Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар ахборот хизматларининг масъул ходимлари, медиа соҳа экспертлари, марказий, ҳудудий босма ва интернет оммавий ахборот воситалари журналистлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчи ва талабалари, блогерлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари А.Файзуллаев, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари О.Тошбоев ва бошқалар сўзга чиқди. Улар ушбу тадбир мамлакатимизда интернет-журналистиканинг бугунги аҳволи ва уни ривожлантириш тенденциялари ҳақида фикр алмашиш, веб-нашрларда мақолалар сифатини яхшилаш масаласини кўриб чиқиш, интернет оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, журналистлар билими ва маҳоратини ошириш учун ўзига хос майдон эканини таъкидлади.
Семинарда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, медиа соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш босқичлари, интернет оммавий ахборот воситалари учун кадрлар салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистонда онлайн-журналистикани ривожлантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган маърузалар тингланди.
Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани таъкидланди. Бу аҳолининг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имкониятини кенгайтиради, барқарор иқтисодий юксалишга эришиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бу борада ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Pеспубликасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган "Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги "Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда интернет тармоғида Ўзбекистон Pеспубликасининг ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.
1995 йил 29 апрелда ".uz” домени рўйхатга олинганидан буён унда жойлаштирилаётган веб-сайтлар сони йил сайин кўпайиб бораётгани бунинг амалий натижаларидан биридир. Масалан, 2010 йилнинг февраль ойида мамлакатимиз интернет маконида 10 мингта веб-сайт рўйхатга олинган бўлса, жорий йил сентябрда уларнинг сони 18,3 мингдан ошди. Интернет оммавий ахборот воситалари ҳам жадал ривожланмоқда. Айни пайтда оммавий ахборот воситаларининг 270 дан зиёд тармоғи фойдаланувчиларга ахборот-таҳлил хизматлари кўрсатмоқда. WWW.UZ миллий ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларига ҳар ойда 820 мингдан ортиқ фойдаланувчи кирмоқда, бир ойда веб-сайтлар ўртача 11 миллион мартадан зиёд кўздан кечирилгани қайд этилган.
– Замонавий медиа-майдон сифатида интернет оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб- қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муҳим ўрин тутади, – дейди фонднинг бош мутахассиси Мадина Pўзматова. – Мисол учун, 65 ахборот-таҳлил, ижтимоий-сиёсий, янгиликлар тарқатадиган босма оммавий ахборот воситасига ўз веб-сайтини яратишга ёрдам берилди. Уларнинг 59 таси газета, бештаси журнал ва биттаси мустақил интернет-нашр сайтидир. Фонд томонидан "Интернет тармоғи базасида етакчи йирик медиа-тузилмалар, ҳудудий туман ва шаҳар таҳририятлари ўртасида ўз вақтида ва сифатли ахборот алмашиш тизимини яратиш” лойиҳасининг амалга оширилгани таҳририятлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги муҳим воқеа бўлди.
Семинар иштирокчилари электрон нашрларнинг ўзига хослиги ва устуворлиги интернетнинг кенг имкониятлари орқали аниқланишини қайд этди. Биринчи навбатда, бу тезкор ахборот етказишдир. Масалан, бир неча дақиқа аввал рўй берган воқеадан тармоқда кўп миллионли аудитория хабардор бўлади.
– Материални сифатли қилиб узатиш интернет оммавий ахборот воситасининг муҳим устуворликларидан биридир, – дейди Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг катта ўқитувчиси Нозима Муротова. – Бу нафақат рангли тасвирлар, балки анимация ва видео-эффектлар, овоз жўрлиги ва бошқа безак воситалари бўлиб, улар биргаликда фойдаланувчиларнинг ахборот олишга бўлган қизиқишини янада оширади.
«Simple networking solutions» масъулияти чекланган жамияти директори Фарҳод Файзуллаевнинг таъкидлашича, ўн миллионлик Ўзбекистон интернет макони аудиториясининг катта қисми ҳар куни ахборот веб-сайтлари хизматидан фойдаланади. Уларга зарур ахборот-таҳлил маълумотларини қулай ва сифатли шаклда тақдим этиш учун янгиликлар тарқатувчи «Daryo.uz» веб-сайти кичкина матнлардан фойдаланмоқда. Бу фойдаланувчиларга вақтни тежаш, воқеа ва ҳодисаларнинг асосий жиҳатлари билан танишиш имконини бераётир. Мобиль қурилмалар учун махсус «Daryo.uz» иловасининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши фойдаланувчиларга катта қулайликлар яратди.
Экспертларнинг фикрича, бир пайтнинг ўзида ҳуқуқий, техник ва медиа йўналишларда комплекс чора-тадбирларнинг қабул қилиниши самарасида интернет-журналистика самарали ривожланади. Шу муносабат билан интернет оммавий ахборот воситалари фаолиятига нисбатан ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқларини тартибга соладиган қонунчилик базасини мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг журналистика факультетларида алоҳида ўқитиш йўналишини ташкил этиш орқали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш зарур.
Интернет оммавий ахборот воситалари ривожлангани сайин улардан фойдаланувчиларнинг роли ҳам ўзгариб бормоқда. Улар аста-секин ахборот олувчи мақомидан ҳаммуаллиф ва тарқатувчи мақомига ўтмоқда. Семинар доирасида Ўзнет ва миллий ҳамжамиятларнинг ижтимоий тармоқдаги илғор блогларининг тақдимоти ҳам ўтказилади. Ушбу тақдимотларда фуқаро журналистикаси ва блог соҳасини ривожлантириш тенденциялари, ижтимоий тармоқларнинг медиа-макон воқеликларига таъсири таҳлил этилади. Шунингдек, иштирокчилар интернет-журналистиканинг миллий бўғинини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдиради.
ЎзА, Сардор Тожиев, Бобур Обидов
Янгиликни бўлишинг: