"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Кўчмас мулк ҳамиша ҳимояда

Мамлакатимизда аҳолининг ер ва мулкка бўлган ҳуқуқини муҳофаза қилиш, бу борада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ер кадастри ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат томонидан рўйхатдан ўтказиш тизимини яхшилаш, соҳани янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тартиботлар сонини ва муддатларини қисқартириш, шунингдек Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ушбу қарор билан "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ҳамда "Туман (шаҳар) ер кадастри дафтарини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.

"Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига, бинолар ва иншоотларга (шу жумладан, ер ости иншоотларига), кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек ипотекани ҳамда бинолар ва иншоотлар, ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларни, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаб, "бир ойна” тамойили бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши, шунингдек улар билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

Айтиш керакки,юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлари ушбу ҳуқуқлар мазкур Низомга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина кучга киради. Бирор юридик ёки жисмоний шахс томонидан фойдаланилаётган ер участкаси, бино ёки иншоотлар, агар уларга эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, мазкур жисмоний ёки юридик шахсга тегишли эмас, деб ҳисобланади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш - юридик ва жисмоний шахсларнинг, жумладан, битимлар асосида юзага келадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларининг вужудга келганлигини, бошқа шахсга ўтганлигини, чекланишини (юкланишини), бекор бўлишини тан оладиган ҳамда тасдиқлайдиган ҳуқуқий ҳаракатдир.

Юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларида назарга тутилган кадастр ва рўйхатга олиш хизматларини тўлиқ ҳажмда кўрсатиш учун ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси таркибида «бир ойна» бўлими ташкил этилади.

Юридик ва жисмоний шахслар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ўзларининг танловларига кўра, телекоммуникация каналлари бўйича электрон ҳужжат кўринишида мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Ариза электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда расмийлаштирилади ва зарурий ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Pеспубликаси "Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали ва ахборот ресурси орқали электрон шаклда жўнатилади.

Ҳозирда туман "Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонасида ҳам юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари "Бир ойна” тамойили бўйича амалга оширилмоқда.

Илгари фуқароларнинг ер участкаси ва биноларга бўлган эгалик ҳуқуқини давлат реестридан ўтказиш алоҳида юритилиб, бу кўп вақт талаб қилар, турли ҳужжатлар тайёрлашга тўғри келарди. Эндиликда тадбиркорларга қулай бўлиши учун бу жараёнлар ихчамлаштирилди. "Ер кадастри китобини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида мулкка бўлган ҳуқуқни давлат томонидан рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида Амударё тумани "Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси томонидан жами 767 та тадбиркорлик субъектларининг мулклари тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ва унга қарашли жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари якунига етказилиш арафасида.

Корхонамиз томонидан жорий йилнинг бошидан шу кунга қадар 881 та турар жойлар хатловдан ўтказилиб, шулардан 580 та турар жойга эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шу ўринда юртдошларимизга эслатиб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Pеспубликаси Фуқаролик Кодексининг 84-моддасига асосан кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Ўзбекистон Pеспубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 160-моддасига асосан фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаслиги энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай экан, ўзимизнинг фойдаланувимиздаги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни унутмайлик!

Икром КАPИМОВ,

туман "Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: