"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

Тотувликнинг улуғ ҳикматлари

(Публицистика)

Миллатлараро тотувлик

Тотувлик – буюк маънавий қадрият. Тотувлик – тинч ва осойишта ҳаётнинг ўзаги. Тинчликдек олий неъматга эришмоқ учун энг аввало оилада ўзаро тотув ва аҳил ҳаёт муҳитини қарор топтирмоқ керак. Бунинг учун оила бошлиғи интизомли, ўта қатъиятли, қаттиққўл ва адолатли бўлмоғи жоиз. Ана шунда бу оила гуллаб-яшнайди, унинг остонасидан бошланган ўзига хос интизомга асосланган оиланинг гўзал муҳитидан атрофдагилар баҳра олади, ҳавас назарлари ила боқади.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб давлатлар даражасида аҳил, тотув, ягона оила мақомига эришмоқ ниҳоятда қийин, машаққатли. Албатта, бунда давлат раҳбари ўта синчков ва қатъиятли бўлиш билан бирга мамлакатда миллий сиёсат юритишда бағрикенг, холис ва халқпарвар, ўз феълида қатъият ҳамда сабр-бардош хислатларини жам этган сиёсий билимдон бўлмоғи керак. Шу билан бирга ҳар қандай вазиятга ҳаққонийлик ва адолатпарварлик мезонларидан туриб ёндашадиган шахс бўлиши талаб этилади. Чунки давлат раҳбарининг озгина эътиборсизлиги мамлакат фуқароларининг, жамиятнинг барқарорлигига жиддий путур етказади. Агар дунёдаги сиёсий жараёнларга эътибор берадиган бўлсак, шундоқ мамлакатимиз чегаралари остонасидан бошланадиган халқаро терроризмнинг мудҳиш оқибатлари, турли  мафкуравий хуружлар туфайли Осиё ва Африка қитъалари давлатларида юз бераётган миллий-энтик ва диний низолар, бир миллатнинг бошқа бир миллат устидан зўравонлик сиёсатини юритишга интилиши оқибатида ҳар куни, ҳар соатда содир бўлаётган бемаврид йўқотишлар, бегуноҳ гўдаклар, аёллар, ёш ўсмирлар ва кексаларнинг ўлими қалбларни ларзага келтиради.

Шулар ҳақида ўйларканман, муҳтарам Президентимизнинг мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий сиёсат юритишдаги одилона ва изчил  ҳаракатлари халқимизни энг қийин шароитлардан - фаровонликка, энг мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятлардан – тинч, осойишта, тўқ ва обод ҳаётга олиб чиққанлиги, мамлакатимизда том маънода миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида фидойилик кўрсата олгани ва бу бутун жаҳонда тан олингани кўз олимда жонланади.

Агар эсларингизда бўлса, муҳтарам Президентимиз 1991 йилнинг 31 августида Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида миллий масалада, айниқса, кўпмиллатли Ўзбекистон фуқароларига қарата жуда муҳим ва барчанинг кўнглидаги фикрни айтган эдиларки, бу қўшни ва қардош халқлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, миллий низоларнинг келиб чиқишининг олдини олиш мақсадларини ифода  этувчи энг долзарб фикр, энг устувор ғоя эди. "Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон халқлари билан минг йиллик муштарак тарихи ва маданияти, қавм-қариндошлиги, умумий орзу-умидлари бор. Уларни ҳеч қандай куч бир-биридан ажрата олмайди”. Муҳтарам Президентимиз мустақиллик эълон қилинган дақиқалардан бошлаб миллий сиёсат олиб боришда айнан юқоридаги фикрларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда яшаётган барча миллатлар манфаатларига хизмат қилувчи энг халқпарвар, адолатли миллий-сиёсий йўлни танлади. Ана шу йўл Ўзбекистон раҳбарининг ва Ўзбекистон давлатининг жаҳон ҳамжамияитда жуда катта обрў ва эътибор қозонишида муҳим омил бўлди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири, 1990 йилларнинг бошида  собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикаларнинг барчасида миллий-этник диний камситишлар авжига чиққан бир вазиятда Ўзбекистон раҳбари давлат мустақиллигини эълон қилди ва  шу сониялардан эътиборан миллатлараро тотувликни таъминлаш мақсадида "Байналмилал миллий маданият маркази”ни ташкил этиш ва бу марказни аҳил, иноқ, ҳамжиҳат ва тотувликдан ранг олган  ажиб гулдаста тарзида шакллантириш ташаббуси билан чиқди. Ва бу миллий ранг-баранглик 23 йилдирки Ўзбекистон халқини улуғвор мақсадлар – ТИНЧЛИК, ЭPК ва ОЗОДЛИК ҳамда ТОТУВЛИК йўлида жипслаштирди. Пировардида бу жипслик мустақил Ўзбекистонимизни халқ ишонган, халқ суянадиган ягона ОИЛАга айлантирдики, бугун бу ОИЛА  замини, илдизи бақувват сермева дарахтга айланди. Бу – миллатлараро тотувлик дарахти, ўзаро ишонч, имон-эътиқодда собитлик, бағрикенглик дарахти. Қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ, тожик, корейс... Бу рўйхат узун, жуда узун. Шу билан бирга ҳар бир ўзбекистонлик учун қадрли. Шунинг учун қадрлики, бизнинг мамлакатда миллий камситилиш йўқ, этник бўлиниш йўқ. Барча тенг ҳуқуқли, бир-бирига дўст, меҳрибон.  Шунинг учун Ўзбекистонда барча соҳаларда тараққиёт бор, ҳар гўшада ўзгариш, янгиланиш бор. Оилалардан бошланган ободлик – мамлакатга зийнат бахш этган. Ўтаётган ҳар лаҳзада осойишталик. Ҳар бир кунда, кўнгилда хотиржамлик. Бу – турли миллат болаларини бағрига босган она Юрт бахти, мустақиллик берган олий қадрият – миллатлараро ТОТУВЛИКнинг улуғ ҳикмати – ширин меваси!

"Тинчлик учун курашмоқ керак!”

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида шакллана бошлагач, Президент Ислом Каримов шахсига, давлат раҳбари сифатида қандай сиёсат юритишига бутун жаҳон сиёсатшунослари қизиқишгани, унинг ҳар бир ҳаракатига, ҳар битта айтган сўзига синчковлик билан эътибор қаратишгани кўҳна дунёмизнинг энг янги тарихидан маълум. Юртбошимиз ўша алғов-далғовли йилларда ҳар бир нутқида  тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, мамлакатда яшаётган ўзга миллатларни таҳқирламасликка алоҳида урғу берди. Чунки 1991-2000 йиллар оралиғида собиқ иттифоқ ҳудудидаги миллий-этник низолар ўзининг даҳшатли оқибатлари билан одамлар юрагига ваҳима солиб қўйган, мамлакатимиз чегараларига яқин ҳудудларда фуқаролар уруши авжига чиққанди. Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзган воқеалари, Тожикистондаги, Тоғли Қорабоғ ҳамда Шимолий Кавказдаги қонли хуружлар, бу ҳам етмагандай, оммавий ахборот воситалари орқали тинимсиз вайсаётган миллатчи шовинистлар, диний-ақидапарастларнинг очиқ-ойдин ёғдираётган туҳмат-у бўхтонлари миллий масалада давлат раҳбарларининг ҳар бир қарорни ўйлаб қабул қилишини тақозо этарди. Ўзбекистон раҳбари айнан шу масалада энг тўғри йўлни танлади: мамлакатда миллатлараро тотувликни таъминлаш – тинчлик ва осойишталикнинг, барқарор ривожланишнинг энг тўғри ва истиқболли йўли эканлигини амалда исботлай олди. Буни жаҳон ҳамжамияти тан олди! Ўзбекистон танлаган сиёсий-иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий ривожланиш йўли – сиёсат майдонидаги энг тўғри йўл эканлиги эътироф этилди. Бу борада мен бир тарихий далилга эътиборингизни қаратмоқчиман. "Халқ сўзи” газетасининг 1995 йилги тахламларини варақларканман, миллий масалада жаҳонга машҳур олим билан "Век” газетаси мухбири Андрей Михайловнинг Кизляр шаҳрида бўлиб ўтган мулоқотига кўзим тушди. Юқоридаги фикримнинг исботи учун "Халқ сўзи” газетасида тўлиқ кўчириб босилган (1995 йил 2 август сони) суҳбатдан қуйидаги сатрларни келтирмоқчиман. Яъни, мухбир билан олим ўртасидаги суҳбат асноси собиқ иттифоқ ҳудудида юз бераётган миллий-этник низолар, фуқаролар уруши хусусида борар экан, Андрей Михайлов олимга шундай савол беради:

- "Ҳозирги пайтда ҳақиқий давлат раҳбари тўғрисидаги тасаввурингизга тўғри келадиган одам борми?”.

"- Бор! У – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. Чунки СССP парчаланиб кетганидан сўнг энг даҳшатли воқеа Ўзбекистонда содир бўлиши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Ислом Каримов биронта ҳам хатога йўл қўймади. Истиқболли, тинчликни кўзлаб қилинаётган ишлар XXI аср Ўзбекистон гуллаб-яшнайдиган аср бўлади, дейишга тўла ҳуқуқ беради!” Буни аҳли жаҳон эътироф этди ва тан олди, азизлар. Ва буни мен тўқиб чиқараётганим йўқ. Чунки Ўзбекистон ўтказаётган тинчликпарварлик сиёсати Президентимизнинг ҳар бир нутқида, халқаро анжуманлар минбарларидан янграётган юзлаб маърузаларида, қардош Pеспубликалар билан олиб бораётган дўстона, яхши қўшничилик, ҳамкорлик сиёсатида ўз аксини топмоқда. Ўтган қисқа давр - 23 йил давомида тинчлик ва тотувликни, мамлакатда осойишталик ва барқарор ривожланишни, миллий хавфсизликни ҳамда дўстона ҳамкорликни  таъминлаб, ўз халқининг обод ва фаровон, эркин ҳаёт кечириши учун жон куйдириб, Ўзбекистонни ягона ва аҳил ОИЛА даражасига етказа олган Юртбошимиз бугунги давр сиёсат майдонида Марказий Осиё минтақасида ана шундай барқарор муҳитни яратиш мақсадида фидойилик кўрсатмоқда. Шахсий сиёсий тажриба, таклиф ва ташаббусларини ўртага ташламоқда. БМТ ва унинг Бош Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Конференцияси Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, NATO/СЕАПнинг Бухарест Кенгаши, ЮНЕСКО, Жаҳон Соғликни сақлаш Ташкилоти ва  жуда кўплаб нуфузли халқаро минбарлардан Ўзбекистон номидан билдирилган таклиф ва ташаббуслари дунё мамлакатлари эътиборини қозонаётганининг ягона сабаби ҳам Юртбошимизнинг тинчликпарварлик сиёсатидир.

- Бизга тинчлик ва омонлик керак! Бу – Юртбошимизнинг ҳар бир маърузасида илгари сурадиган энг устувор ғояси, юрт раҳномасининг энг улуғ истаги, энг олий матлаби, энг эзгу шиори!

- Тинчлик учун курашмоқ керак! – Биз юртимизда тинчлик-осойишталик бўлсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, деган гапларни дуои фотиҳа каби такрорлаймиз! Бу - Юртбошимизнинг қўшни давлат – Афғонистон ҳудудидаги халқаро терроризмни  йўқ қилиш мақсадида 2001 йилда бошланган амалий ҳаракатларга қарата билдирган кескин жавоби!

Меҳр-оқибатнинг теран илдизлари

Тинчлик учун курашмоқ – бугун ўзбек халқининг ҳаёт шиорига айланган. Ана шу шиор мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро кўнглида уйғонган ўзаро меҳр-оқибат  туйғуларига ҳамоҳанг. Шу боис, юртимизда тонглар оппоқ, тинч, осуда. Осуда, обод хонадонларимизнинг меҳмонлари кўп, мезбонларининг бағри кенг. Ана шулар хаёлим кўзгусини ёритган лаҳзаларда  ажиб бир хотиралар жонланади шууримда.

... Отамнинг дўстлари жуда кўп бўларди. Уйимизга нуфузли, таниқли меҳмонлар ташриф буюришса, қишлоғимиздаги энг сўзамол, жуда ҳам самимий ва дилкаш инсон - қозоқ миллатига мансуб Назаримбат оға Алмуратов ҳозир-у нозир бўларди. У кишининг ёнларида Жонузоқ ота Жағалов, Туркпенбой оға Ўрозбоев, Болтоқ шоир Йўлдошев, Қорабой оға Хонов, Жайлихон оға, Аҳмад хўжа ота Ортиқов, Ортиқ ота Ўрозалиев..., яна қанча туманимизнинг номдор инсонлари ҳам келишарди. Уларнинг бири туркман, бири қозоқ, яна бирлари ўзбек ва қорақалпоқ эдилар. Бу инсонларни бирлаштириб турган туйғу – улуғ эди. Дўстлик, ўзаро меҳр-оқибат эди бу!

Болалик шууримда сақланиб қолган бир хотира – ҳамон эсласам, кўнглимни яшнатиб юборади. Эсимда: Нукусдан атоқли санъаткорлар пахтакорларга концерт қўйгани келишди. Отамнинг қувончи ичига сиғмайди:

- Жўраларим келишади, - деб битта қўй топиб келиб, бўғизлади-ташлади. Сафарбой туркман деган ошпаз жўраси бири-биридан тотли таомлар пиширди. Санъаткорлар тонггача куй-қўшиқ, интермедиялар ижро этишди тонгда ўринларидан қўзғалишган пайтда Назаримбат ота Алмуратовга қулоқлари катта-катта, бир гапириб, ўн куладиган артистлардан бири Шомурод оға:

- Вой-бўй, қарағим, сен ўзинг телеминиатюралар театринда ислесенг болар екен-ғўй! – деганда Назаримбат оғанинг:

Айнанайин, мен нағз қазақ,

Ўзингсен бир қарақалпақ.

Қайда бўлсақ тамир бир-ғўй,

Қалиб кетме сира узақ.

 

Сағинаман, - деб, - кўрмесем,

Қўсиқ жазар шайир Балтақ.

Хафа бўлар тез келмесенг,

Амет хўжа ҳам Жонузоқ.

- Шаке, жўра, меҳр бўлсин, оқибат бўлсин, ўртадаги шул кўприк омон бўлсин! – деганлари, туғишганлардан зиёда хайрлашланларини эсласам, халқимиз бир-бирига меҳр-оқибатни қайдан олди экан-а, дейман. Ва юрагим тубидан бир садо келади:

- Миллатлараро тотувлик чашмаларидан! Кўнгиллардан кўнгилларга оқиб киргувчи инсонийликнинг улуғ мезонлари – ДЎСТЛИК, АҲИЛЛИК, ТОТУВЛИКнинг теран илдизларидан!

- Тинчлик учун курашмоқ керак! Бу – Юртбошимизнинг ҳар бир инсон қалбига бахш этиб келаётган даъваткор руҳи! Ва ҳар бир инсон юрагини жунбушга келтира олган олий матлаби! Зеро, тинчлик бор жойда меҳр бор, оқибат бор, бир-бировга иззат-икром, эътибор бор.

Назаримбат оға Алмуратов қозоқ эдилар. "Чойкўл” овулида яшаб, ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, бошқирд, украин, татар миллатларига мансуб оилалар билан оға-ини, ота-боладай қадрдон бўлиб кетган, шу овул халқининг яхши-ёмон кунларида тикка туриб хизмат қилган инсон эдилар.

Овулимнинг у четида туркманим,

Бу четида бошқирд, қозоқ, татарим.

Қўйлар сўяр оёғимнинг остига,

Ўзбек, қорақалпоқ - бари қўсторим.

 

Сафарбой, Аметхўжа асл ўзбегим,

Меҳрини тўшайди келар йўлимга.

Дўстларим бор бўлсин, менинг тилагим:

Қўллари тегиб турсин менинг қўлимга!

Бу – Назаримбат шоир Алмуратовдан биз авлодларга қолган маънавий меросдан бир қатра, холос. Бу инсон ўз оиласи, овули, эл-у юрти ичра тартиб берган меҳр-оқибат ришталари ҳамон мустаҳкам! Ва ҳамонки, чойкўлликлар байналмилал оила фарзандларидай аҳил, иноқ! Ўзбекнинг тўйига атайлаб чалпак пишириб келган туркман эжеларининг қадамларига Хива гиламлари солиниб, сийланади. Қозоқ бовурим, деса, ўзбек қароғим, деб, қорақалпоқ широғим, татар-у бошқирд айнена, деб бир-бирига эврилиб келаверади. Бу – бир-бирини кўз қиймас муносабат, меҳр-оқибат, ҳурмат ва эътибор қадр топган элга, Ватанга хос инсоний муносабат - буюк ҚАДPИЯТ!

Ўз уйини ўзи асраган халқим

Эзгулик – инсониятнинг улуғ аъмоли. Инсон юрагида ана шу туйғу илдиз отмас экан, жамиятимизда одамлар кўнглига манзур, ҳаёт тарзимизга мақбул ўзгаришлар қилиш асло мумкин эмас. Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқимизни ўзаро меҳр-оқибат, тотувлик бирлаштириб турганлигини ва бу жипслик мамлакатимизда барча миллат вакиллари учун мақбул ва манзур ҳаёт тарзини шакллантиришнинг энг эзгу аъмоли сифатида халқимизни ТИНЧЛИКдек улуғ неъмат ила сийлаганини эътироф этгим келади. Мамлакатимиз чегараларининг у томонларида – Тожикистон ва Афғонистон, Қирғистон ҳудудларида юз берган қонли воқеалардан ваҳимага тушган айрим фуқароларнинг сохта диндорлар, шовинистик  гуруҳлар, ва диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг, айниқса, ёш авлодни мафкуравий хуружлардан омон сақлашнинг бирдан бир йўли – яна ва яна байналмилал тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат, ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш эди. Шу боис, Юртбошимиз бу борада яна азиз халқига суянди, ишонди: "Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъваткор шиор билан майдонга чиқди.

- Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим...

Халқимиз Предизентимиз таъкидлаган, даъват этган кундалик амалий ҳаракат – ҳушёрлик ва огоҳлик борасида асло оғишмади. Мафкуравий хуружлар, миссионерлик ҳаракатининг ички ва ташқи таҳдидларига  қарши Ўзбекистон халқи "Ўз уйингни ўзинг асра!” шиори остида ўз Президенти атрофига мустаҳкам жипслашди. Турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружларга қарши юксак маънавий салоҳият, чуқур билим ва жасорат билан зарбалар берди. Ана  шу жипслик халқимизни бало-қазолардан, бузғунчи ғоялар хуружидан асради ва 23 йилдирки, ўз уйини ва демакки (!) она Ватанини, ўзлиги ва эркини асрай олган халқ Истиқлолнинг тараққиёт пиллапояларидан дадил илгарилаб, жаҳоний ривожланиш босқичига кирди. Бу – энг аввало ТОТУВЛИКнинг энг улуғ ҳикмати – ТИНЧЛИК неъматининг ҳаётий ҳақиқатлари! Бу – ҳамиша ҳушёр ва огоҳ халқимиз эришган БАХТ-САОДАТ! Ана шу БАХТ мангу бўлсин, САОДАТЛИ дамлар мангу бўлсин, азиз халқим!

Огоҳлик – ҳар дилнинг эзгу аъмоли

Ва ҳушёр элимнинг қадр-у камоли.

Ҳурлик, озодликка эврилган Ватан

Кўксида гул очган ТИНЧЛИК жамоли!

Тинчлик, тотувликдан тозарган макон –

Оилам – маҳаллам! О, ободон Юрт!

Кел, ҳей, она халқим, энг дориломон

Замонга шукр этиб, кўзларингга сурт!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: