"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Бахтиёр болалик мадҳи

Бундан икки йил олдин энди мактаб остонасидан ҳатлайдиган болакай Манғит шаҳридаги Болалар спорт мажмуасида бўлиб ўтган истиқлол байрами тантанасида бахтиёр болалик ҳақида жўшиб қўшиқ куйлаганида, қўшиқ оҳангига мос қалбидаги туғёнларини ҳаракатлари билан ҳам ифодалашга интилганида томошагоҳга йиғилганларнинг барчасини ҳайратга солган, жажжигина вужудидаги она юртга муҳаббати, бахтиёр замонасини сидқидилдан куйлашга интилиши ҳавасини келтирган эди.

Илк чиқиши билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган бу жажжи қўшиқчи ҳозир 36-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси, иқтидорли ашулачи сифатида кўпчиликка танилиб улгурган Отабек Pаҳимовдир.

Икки йилдан бери туманимизда, Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида ўтказилиб келинаётган оммавий тадбирларда куйлаган қўшиқлари барчага бирдек манзур бўлиб келаётган Отабекдаги бу иқтидорли сезиб, эътибор берган одам - у тарбияланган 4-сонли мактабгача таълим муассасаси ходими, ўз аммаси Насиба бўлди.

У Отабек билан эринмай шуғулланди, қобилиятини ривожлантириш учун ҳаракат қилди. Боғча мусиқа педагог-тарбиячиси кўмагида ёши ва овоз имкониятига мос қўшиқлар ўргатди. Кейинчалик унинг ижрочилик маҳоратини сезган туман Маданият ва спорт ишлари бўлими ходимлари у билан жиддий шуғулланишди.

Отабек Pаҳимов 7 ёшида Қорақалпоғистон миқёсидаги оммавий байрам тантаналарида бахтиёр болалик, она Ватанга муҳаббат туйғуларини тараннум этувчи ажойиб қўшиқлари билан кўпчиликнинг эътиборига тушди. У мана бир неча йилдирки, туманимизда муҳим саналарга бағишлаб ўтказиладиган барча тадбирларда фаол қатнашади. Томошабинлар унинг чиқишларини гулдирос қарсаклар билан олқишлашганида кўнгли тоғдай юксалади. Янги-янги қўшиқлар яратиш иштиёқи туғилади кўнглида.

Жорий йилнинг ёз фасли Отабек учун омадли келди. У 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга қабул қилинди. 15 август куни Нукус шаҳрида мустақиллигимизнинг 23 йиллиги ва "Соғлом бола йили”га бағишлаб ўтказилган эстрада қўшиқчилари, болалар қўшиқлари ижрочилари ва фольклор жамоалари Pеспублика кўрик-танловида "Болалик”, "Ёронлар-эй” номли қўшиқларини маҳорат билан ижро этиб, фахрли учинчи ўринни енгиб олди. Pеспубликамизнинг барча туманлари ва Нукус шаҳридан кўплаб истеъдодли қўшиқчилар қатнашган мазкур танловда Отабекнинг ижросини ҳакамлар ҳайъати юқори баҳолашди, мукаммал қўшиқлар яратиш борасида маслаҳатлар беришди.

– Бу хушхабар оиламизни улкан қувончга белади, - дейди Отабекнинг дадаси Ойбек Исмоилов. – Ёшлигимда мен ҳам халқ чолғу асбобларини чалишга қизиқиб, мусиқа ва санъат мактабида ўқиган эдим. Кейинчалик ҳаётим тадбиркорлик билан туташиб кетди. Ўғлимнинг санъатга қизиққанидан, қўшиқлари элга манзур бўлаётганидан жудаям қувонаман.

Ота-она учун фарзанди ютуқларини кўришдан-да ортиқ бахт борми? Яна у тенгилар ҳали кўча чанғитиб ўйнаб юрган даврида!

Отабек Pаҳимов эришган муваффақиятларда у билан сидқидилдан шуғулланиб, санъатнинг сеҳрли оламига етаклаб, камолот пиллапояларидан илдам одимлашига кўмаклашаётган туман Маданият ва спорт ишлари бўлими ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Айниқса, Сардорбек Камолов унга мос шеърлар топиб, мусиқа басталаб бериб, ижроси мукаммал бўлиши учун тинимсиз биргаликда машқлар қилаяпти. Отабек ижро этадиган қўшиқларнинг кўпчилигининг мусиқасини Сардорбек Камолов басталаган.

Ёш бўлса-да эл олқишини олаётган Отабек Pаҳимовнинг баркамол санъаткор бўлиб етишишини тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: