"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8068.17 -9.26
  • 1 EUR = 9899.64 -61.07
  • 1 RUB = 131.84 +2.99

Тарихими - ўзлигимиз

Тарих – ўтмиш билан келажак ўртасидаги инсониятнинг маънавий хотираси. Ана шу маънавий хотира қанчалик ҳақиқий ва мусаффо бўлса, ҳар бир авлод ўз келажаги учун мустаҳкам тамал тошларини қўя олади.

Минг бора афсуслар бўлсинки, бизнинг миллатимиз учун қарийб 130 йиллик ҳаёт ёлғонлар, туҳмат ва бўҳтонлар гирдобига ташланган, тиллари суғурилиб, қанотлари қирқилган ва ҳар бир қадами ўлчовли, вужуди ярадор лочин умридай азоблар гирдобида ўтди. Миллий камситилишнинг энг даҳшатли кўриниши бизга берилган собиқ тузум сабоқларида янада яққолроқ кўринарди. Мен таҳсил олган ўқув маскани - Нукус Давлат Университети ҳам Т.Г.Шевченко номи билан аталарди. Эсимда: Университетнинг ўқув аудиторияларида 1-босқичдан бошлаб КПСС тарихи фани ўтиларди. Марксизм-ленинизм таълимотига асосланган КПСС тарихини билиш биз талабалардан шу даражада талаб этилардики, ушбу тарихнинг бирон бир нуқта, вергулини унутган талаба имтиҳон тугул "зачет” топшириши амримаҳол эди. Биз талабалар шундоқ юртимиздаги Эллик қалъа, Гавур ёки Ёмпиқ, Ёнбошқалъа, Чилпиқ қўрғонлари каби тарихий жойлар тўғрисида ҳеч нарса билмас эдик.

Энди ўйлаб қарасам, биз ўзбеклар XIX асрнинг иккинчи ярмидан то XX аср охирларига қадар тарихий илдизларимиздан ажралган, қуриб қолиш ҳолатига келиб қолган, оби-ҳаётга ташна, шох-у бутоқлари қирқилган дарахт даражасида топталган, энг ёмони, ўз тарихимизни мажбурий тарзда унутишга маҳкум этилган гумроҳлар - мурват билан бошқариладиган роботларга айлана бошлаган эканмиз.

Тарихни йўқотиш – фожеа, азизлар. Модомики, тарихий илдизларимиз мустаҳкам бўлмас экан, биз келажак учун мустаҳкам пойдевор қура олмаймиз. Мустақиллик бизнинг мудроқ ғуруримизни уйғотди. Муҳтарам Юртбошимиз мустақилликнинг илк кунлариданоқ:

- Тарихсиз келажак йўқ! – дедилар баралла. Юзлаб, минглаб илм-ирфон фидойилари юрагида ўзбекона ҒУPУP, ОPИЯТ қайта тирилди. Миллий давлатчилигимизнинг неча минг йилларга бориб тақаладиган ҳақиқий тарихи тикланди. Буни қайта яратилди, дейиш нотўғри, қайтадан тикланди миллатимиз тарихи! Ва асл ҳақиқатлар юзага чиққан кундан бошлаб аҳли жаҳон Ўзбекни қайтадан кашф этди, ҳайратлар, ҳаваслар сил-силасида жаҳонга юз тутди Ўзбек! Ниҳоятда бой тарихимиз, жамики соҳаларда улуғ аждодларимиз эришган ютуқлар, буюк кашфиётлар кўзгусида янада буюкланди, мустақиллик деган олий неъмат билан янада сайқал топди. Эндиликда миллий давлатчилигимиз тарихи, маънавий-маърифий ҳаёт тарзимиз акс этиб турган қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг тарбиявий аҳамиятини бутун жаҳон қизиқиб ўрганмоқда.

Минг бора шукурки, шундай улуғ кунларга етдик. Буюк тарихимиз, маънавиятимиз, ўзлигимиз, инсонлигимиз қадр топди. Бу бахт миллатимизни асло тарк этмасин!

Хушрўй ЭШЧАНОВА,

меҳнат фахрийси, тарихчи.

(Фото - http://samarkandtourism.uz)

Янгиликни бўлишинг: