"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

Сайловлар - «халқ ҳокимиятчилиги» Конституциявий принципини амалга ошириш воситасидир

«Халқ ҳокимиятчилиги» принципи ҳар қандай демократик давлат Конституциявий тузумининг асосий принципи.

Ушбу принцип Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясининг 7-моддасида ўз ифодасини топган, яъни унда белгиланишича халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир.

Конституциянинг 32-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Фуқароларимизнинг ўз вакиллари бу - депутатлардир. Яъни, фуқаролар сайловлар орқали ўз хоҳиш-иродаларини амалга ошириб, ўзлари сайлаган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини бошқаришда иштирок этишга бўлган сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқаради.

Барчамизга маълум бундан олдинги сайловлар Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий сайлов комиссиясининг 2009 йил 17 сентярбдаги «Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисидаги» Қарорига асосан 2009 йилнинг 27 декабрь санасида ўтказилган эди.

2012 йил 9 апрелдаги «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида»ги ЎPҚ-320-сон Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциявий Қонунига мувофиқ Давлат ҳокимияти вакиллик органларига бу йилги сайловларни ўтказиш санаси 2014 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси этиб белгиланди.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни асосида амалга оширилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлашда - ўттизтадан кўп бўлмаган ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан тегишли халқ депутатлари Кенгашига битта депутат сайланади.

Сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари эгадирлар.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг тегишли туман, шаҳар органлари томонидан ҳамда фуқаролар йиғинларида (вакиллари йиғилишларида) кўрсатилади.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Агар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округи ҳудудида фуқароларнинг икки ва ундан ортиқ ўзини-ўзи бошқариш органи жойлашган бўлса, депутатликка номзод фуқаролар вакилларининг йиғилишларида кўрсатилади. Йиғилишда иштирок этадиган вакиллар меъёрини тегишли туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилайди.

Депутатликка, қоида тариқасида, тегишли вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудида ишловчи ёки яшовчи фуқаролар номзод этиб кўрсатилади. Бир шахс тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартибини сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўзлари белгилайдилар. Бунда хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари эса шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод этиб кўрсатишга ҳақлидир.

Қуйидагилар, яъни содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар, сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудида муқим яшамаган шахслар, Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг, Ички ишлар вазирлигининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Судьялар ва прокуратура органларининг мансабдор шахслари депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисида ариза берган тақдирдагина депутатликка номзод этиб рўйхатга олинадилар.

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, бу биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдордаги кабина ёки хоналар жиҳозланган, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилган ва сайлов қутилари қўйилган бўлиши лозим. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбир ўтказилишига рухсат этилмайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссияси зиммасида бўлади.

Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни кечи билан сайловга ўн кун қолганида хабардор қилади.

Ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаниш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида, башарти, рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, участка сайлов комиссияси исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирор-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва турар жойини тасдиқловчи ҳужжатга асосан сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Шерзод Абдуллаев,

туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси.

(Фото - http://news.uzreport.uz)

Янгиликни бўлишинг: