"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

ТУМАН МАТБУОТИ: ЮТУҚЛАP ВА ИСТИҚБОЛЛИ PЕЖАЛАP

Оммавий ахборот воситалари ҳар доим давлат ва жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида, жамиятни эзгу ғоялар атрофида жипслаштириб, мамлакатни тараққий эттиришда асосий воситалардан бири бўлиб келган.

Истиқлол йиллари муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари учун ҳам серқирра ривожланиш даври бўлди.

Туманимизда ҳам 4 та оммавий ахборот воситаси – "Тараққиёт кўзгуси” ва "Менинг оилам” газеталари, Амударё телевидениеси ва amunews.uz веб-сайти муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Бундан 80 йил олдин – 1934 йилда тамал тоши қўйилган туманимиз матбуотининг халқни эзгулик ғоялари атрофида жипслаштиришдек шарафли вазифасини бугун "Тараққиёт кўзгуси” газетаси муносиб давом эттириб келмоқда.

Туманимиз матбуотининг шу кунгача етиб келишида юзлаб фидойи инсонларнинг машаққатли меҳнати бор. Уларнинг ўз соҳасига фидойилиги натижасида туман газетаси собиқ иттифоқ даврида ҳам етакчи нашрлардан бири бўлиб келган. Бугун ана шу теран илдизлардан қувват олиб, устозларнинг шарафли ишларини давом эттираётган "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ходимлари ҳам кўп йиллик тарих ва тажрибага эга нашрни янада ривожлантириш, унинг халқ билан жипслигини таъминлашдек эзгу мақсад йўлида иш олиб бормоқда.

Ҳар бир даврнинг матбуот зиммасига юклайдиган ўзига хос вазифаси бўлади. Бугунги шиддатли давр оммавий ахборот воситаларидан ҳам тезкорликни талаб қилмоқда. Бу борада таҳририятимиз томонидан қатор ишлар қилинди.

Жумладан, 2014 йилдан бошлаб "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг чиқиш даврийлиги ойига 4 марта қилиб белгилангани, газета "Манғит матбааси” хусусий корхонасида – туманимизнинг ўзида чоп қилиниб, асосий қисми обуначиларга таҳририят томонидан етказиб берилаётгани нашрнинг тезкорлигини таъминламоқда. Туман ҳокимлигининг топшириғига асосан келгусида таҳририятга яна битта хизмат автомашинасини харид қилиб, энг чекка овул ва маҳаллаларга ҳам газетани чоп қилинган кунда, белгиланган график асосида ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Айтиш керакки, туман ҳокимлиги таҳририятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Туман ҳокимининг қарорига биноан жорий йилнинг 15 июлидан 15 августигача "Мустақилликни мустаҳкамлаш ва миллий истиқлол ғояларини тарғиб қилишда "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида тарғибот ойлиги ўтказилгани ана шундай эътибор намунасидир.

Amunews.uz веб-сайтининг ишга туширилиши, унинг мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилиши натижасида 2012 йилда туманимизда илк бора интернет журналистикасига тамал тоши қўйилди.

Бундан 2-3 йил олдин интернетдаги қидирув тизимларига "Амударё тумани” дея сўров берган фойдаланувчи фақатгина энциклопедик манбаларда туманимиз ҳақидаги берилган маълумотларга эга бўларди. Бугун эса ушбу веб-сайтга ташриф буюрган интернет фойдаланувчилари барча соҳалардаги туманимиз янгиликлари билан танишиши мумкин. Таҳририят ўз олдига келгусида ушбу веб-сайтнинг имкониятларини янада кенгайтириш, уни нафақат матн кўринишидаги, балки видео-янгиликлар билан бойитиб бориш орқали Интернет тармоғида Амударё туманининг бугунги ҳаётини тўлақонли акс эттиришдек вазифаларни қўйган.

2014 йилда туман матбуоти тарихида яна бир муҳим янгилик рўй берди. "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг "Менинг оилам” иловаси мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ушбу янги нашр газетхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Тан олиш керакки, ҳали нашрларимиз бозор талабларига тўлиқ жавоб беради, деб айта олмаймиз. Бу – фақат бизгагина хос муаммо эмас. Бозор муносабатларига ўтиш шароитида Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари олдида муҳим вазифалар турибди. Бир тарафдан, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қурилиши шароитида кишиларни юз бераётган воқеалардан ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш, жамоат фикрини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама ёритиш матбуот вакилларининг долзарб ва кундалик вазифаларидир.

Бошқа тарафдан эса таҳририятлар ўз нашрининг ўзиниўзи қоплаши ва фойда келтиришини таъминлашлари керак. Сабаби бу – оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлигининг асосий иқтисодий шартидир.

Таҳририят "Менинг оилам” илова-нашрини ривожлантириш, келгусида унинг даврийлиги ва ҳажмини кенгайтириш орқали уни бозорга олиб чиқиш, газетани чакана савдо тармоғида тарқатиш орқали ўз фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашни мақсад қилиб қўйган.

Келгусидаги режалардан яна бири – таҳририят ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб иш шароитларини яратиш ҳамда ижодкорларни газета фаолиятига янада кўпроқ жалб қилиш масалаларидир. Бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттириш, ижодга қизиқувчи ёшларни мактаб даврлариданоқ танлаб олиш ва улар билан алоҳида ишлашиш тизимини йўлга қўйиш, алоҳида жамғарма ташкил қилиб, ижодкорлар билан ишлашишни тизимли равишда йўлга қўйиш, жамғарма томонидан иқтидорли ижодкорларнинг китобларини нашр қилиш каби масалаларни ўз олдимизга режа қилиб қўйганмиз.

Жорий йилда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани миллий журналистика ривожида муҳим воқеа бўлди. Таҳририятимиз мазкур қонун билан оммавий ахборот воситалари зиммасига юклатилган вазифаларни рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари билан ҳамкорликни янада жонлантириш, уларнинг фаолиятига кўмаклашиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишига кўмаклашиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб олган.

Бир сўз билан айтганда, таҳририятимиз туман ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида содир бўлаётган янгиликларни, воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний тарзда ёритувчи материаллар ҳамда ахборотларни мунтазам эълон қилиб бориш орқали мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясини қарор топтириш, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳисса қўшишни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган.

Шу мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш учун бор куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз.

ҒуломжонЕшниёзов,

"Тараққиёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири.

Янгиликни бўлишинг: