"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Яқиним, ҳамфикрим

Ҳар ким болаликдан орзулар оламида яшайди. Мен орзуимга биноан ҳаётимни адабиёт билан, болалар дунёси билан боғлаганман. Ўқувчилик чоғимизда ўтказилган тадбирлар, далада шижоат билан меҳнат қилаётган пахтакорлар ютуғи ҳақидаги илк мақолаларим юрагимга қувонч бағишлаган. Ватан, тинчлик, она, ота ҳақидаги шеърларим "Амударё ҳақиқати” газетасида дунё юзини кўрса, оиламиз, ҳатто мактабимиз, пахта даласида меҳнат қилаётган овулдошларим билан биргаликда севинганмиз, қувонганмиз. Бир сўз билан айтганда, газета болалигимдан яқин дўстимга айланган, қаламимни чархлаган. Ижодга бўлган иштиёқимни оширган.

Йиллар ўтиб талабаликдан сўнг оилавий ташвишлар, фарзандлар тарбияси сабаб бир неча йиллар ижод қилмаганимда, газета ходимлари мени излашганида, сўрашганида болаларча қувонганман. Одамлар, танишларим агар газетада шеъримни ўқишса, ўша шеъринг унақа экан, бу мавзуда экан, десалар, одамлар шеъримни эмас, газета ўқиётганлигидан қувонганман.

Бозор иқтисодиётига ўтишдек қийин бир даврда мен айтаманки, газета ходимлари сидқидилдан меҳнат қилишди, туман газетасини туман тараққиётининг кўзгуси даражасига кўтарди. Шахсан мен фаолият кўрсатаётган 11-сонли мактаб жамоаси газетанинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутади. Ўқитувчиларимиз ўз ижодлари билан газета саҳифаларида иштирок этиб келишмоқда.

Мен оддийгина адабиёт фани ўқитувчиси бўлишимга қарамасдан газета ҳаётимнинг бир бўлагига айланган. Болаликдаги орзуларим, устозларимга эҳтиромларим, ота-онамга айтилмаган дил розларим, ютуқларим, фарзандларим дунёга келгандаги қувончларим, ҳатто йўқотишларим, юрак дардларим жо бўлган шеърий сатрларим аввало "Амударё ҳақиқати”да, кейинчалик "Тараққиёт кўзгуси”да дунё юзини кўрган. Газета ходимларининг ижодий меҳнатларимга берган холисона баҳоси, тўғри кўрсатмалари янада кўпроқ ижод қилишимга, тўғри йўл топишимга катта ёрдам бермоқда. Шунинг учун ҳам у менинг яқиним, ҳамфикрим. Туманимиз ҳаётининг кўзгуси бўлган газетамизнинг 80 йиллик юбилейи қутлуғ бўлсин. Нуроний сиймога, донишманд ёшга етган "Тараққиёт кўзгуси”нинг умри бардавом, савияси юқори, қадри баланд бўлсин! "Тараққиёт кўзгуси”га ва газета ходимларига чуқур ҳурмат ва эҳтиром ила

Гулойим БЕГЖАНОВА,

11-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: