"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан

Она Ер тафти

(Публицистика)

Асрий жимликка барҳам берилган кун

Кечагидай ёдимда: 1989 йилнинг октябрь ойи эди. Собиқ иттифоқ таркибидаги 15 та Pеспубликанинг барчасида вазият оғирлашиб бораётганди. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Барча соҳаларда бошбошдоқлик авж олган, биров-бировга ишонмайди. Калава ипдай чувалашиб кетган таъминот тизими издан чиқиб, оддий халқ том маънода етар-етмаслик азобини тортарди. Ҳаммаодатдагидай марказга – Москвага қулоқ тутган. Марказдан бирон бир оламшумул буйруқ келади-ю шу заҳоти ҳаёт яна изга тушиб кетадигандай, янгилик анқонинг уруғи бўлган дамлар. Йўқ, ундай бўлмади, Марказ – Москва нонга, ўзи етиштирган пахта толасидан тўқилган бир метр читга, ҳатто бир ҳовучгина қандга зор халқ кўнглини шод этгулик бирон ишга уринмади. Шунда, шунда бир асрдан зиёд вақтдан бери Москвадан олдин Сўз айтмоққа журъати етмаган ўзбек халқи ҳаётида том маънода "портлаш” юз берди. Асрий жимлик бузилди! Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари И.А.Каримов ўз халқини оғир вазиятдан олиб чиқиш учун иттифоқдош Pеспубликалар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Москванинг "рамкаси” дан чиқди: Ўзбекистон Pеспубликасида истиқомат қилувчи 2,5 миллион оилага томорқа ерлари ажратишни, халқни фаровонликка элтувчи ягона йўл деб билди ва шунча оилага томорқа ер ажратиб бериш ҳақидаги тарихий ҳужжатга имзо чекди.

Ўша тонг ҳамон ёдимда: одамлар бу оламшумул янгиликни бир-бирларига қўрқа-писа етказардилар:

- Пахта майдонлари қисқартирилади, дедими?

- Аввалгидай "гўшт план”га эмас, ер текинга, ўзимизга бериларкан-а!

- Бошлиқлар нима қилар эканлар, ахир пахта нима бўлади?

Биров ҳайрон, биров қувонган. 1989 йилнинг октябрь ойи жуда кўплаб мансабдор шахсларни икки ўт орасига ташлагани рост.

"Баъзи раҳбарларни деҳқонларга ер участкалари ажратиб беришга том маънода зўрлик билан мажбур қилишга, қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун жойларга комиссиялар юборишга тўғри келди”, - деб ёзади Муҳтарам Президентимиз "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида. Чунки аҳолига ер беришда қатнашган раҳбар ўша пайтда партиядан ўчирилиши, партия билетидан маҳрум бўлиши табиий, боз устига партия билетидан ажралиш - панжара ортига йўл, дегани эди. Буни яхши билган И.А.Каримов аҳолига томорқа беришда қатнашадиган раҳбарларга қарата:

- Бу ишларнинг бошида мен турибман, олға босинг, ортга чекиниш йўқ! – деди Олий Кенгаш минбаридан туриб.

Ўша тарихий ҳужжат асосида ўзбекистонлик 2,5 миллион оила учун 700 минг гектар суғориладиганер томорқа сифатида хусусий мулк қилиб берилди. Асрий жимлик барҳам топиб, халқ ўз Президенти атрофига жипслашди. Эл-юртга рўшнолик қайтди. 1990 йилнинг эрта кузида бутун Ўзбекистон миқёсида хусусий томорқа – "Президент ери”га эга бўлган оилалар ерга уруғ сочдилар.

Pўшноликка олиб чиққан "Президент ери”

Назаримда мамлакатимизда буғдой мустақиллигига эришиш йўлидаги биринчи ва залворли қадам ўша тарихий лаҳзалар – 1989 йилнинг октябрь ойидан бошланган эди. Ана шу залворли, қутлуғ қадам из солган далаларда, деҳқонларга томорқа ер ажратилаётган кезларда гувоҳ бўлганим, бир ҳолат ҳамон ёдимда: 1990 йилнинг кеч кузи эди. Туманимизнинг "Тельман” номли (ҳозирги "Қангли” ОФЙ ҳудуди) колхозида бўлдик. Пахта ҳосилидан бўшаган далалар ҳисобидан деҳқонларга томорқа ажратилаётган экан.

- Вой-бўй, анов одамларни қара, Pобияхон, – газетанинг суратчи-мухбири Сафарбой оға Шомуродов дала бошига йиғилган юзлаб одамларга ишора қилди.

Қўлида ер ўлчовчи асбобни тутиб олган икки йигитнинг ортидан одамлар деярли югуриб юришарди.

- Деҳқонлар қувонганларидан, бир оиладан, 4-5 нафар бўлиб чиқишибди, - деганди ўшанда ўзи ҳам қувониб турган раҳматли Мадиёр оға Пирманов. - Кўпчилик ер олсак, яна аввалгидай "гўшт план” беришмасмикан, деб иккиланиб ҳам олишди. Ахир халқимиз хусусий томорқа нималигини билишмайди-да.

Ер олганлар ерининг у бошидан-бу бошига бориб-келади. Ўзларича режалар қилаётгани аниқ. Сафаргул опа исмли ўқитувчи онахоннинг бир гапи ҳамон ёдимда:

- Бундай иш ҳаётда бўлмаган эди. Ер олиб экардик, ҳар йили ер эвазига фалон кило гўшт топширардик. Деҳқонга нима қолади? Қора меҳнати...

Ана шундай муаммоларга дадиллик билан чек қўйган, ўз халқини чинакам рўшноликка олиб чиққан Ўзбекистон раҳбаридан миннатдор халқ ўз томорқасини "Президент ери” деб атаган бўлса не ажаб! Чунки ана шу "Президент ери” оилалар иқтисодини кўтарди, деҳқоннинг омбори донга, дастурхони баракага, файзга тўлди. Pўшнолик ортидан хонадонлар, эл-юрт фаровонлашди, обод бўлди.

Ғаройиб "конфет” ва Улуғ кун орзуси

Онда-сонда фермерлик ҳаракати тўғрисида сўз очилиб турган кезлар. 1991 йилнинг баҳорида газетанинг ўша пайтдаги муҳаррири (раҳматлик) Мансур Аҳмедов билан Қиличбой қишлоғида ижодий сафарда бўлдик.

Йўлдош оға Олламов исмли фермерни излаб юриб тўй устидан чиқдик. "Киринг-киринг”, - билан тўйхонага кирдик. Мени бир айвон тўла аёллар даврасига бошлаб боришди. Омон-омонликдан сўнг дастурхонга разм солдим. Катта айвонга ёзилган дастурхоннинг ҳар ер-ҳар ерига қорамтир-қўнғирранг нонлар қўйилган. Шира-шарбат йўқ ҳисоби. Тақсимчаларга маккабодроққа аралаштириб солиб қўйилган мунчоқ шаклидаги қорамтир нарсани қизиқиб қўлимга олдим.

- Конфет, конфет, менинг келинларим ишлаган, олавер қизим, шунисига ҳам шукур, - деди ёнимда ўтирган Ўрозбика исмли кекса момо.

Бир пиёла чойдан ҳўплаб, момонинг келинлари ишлаган "конфет”дан бирини оғзимга солдим.

- Қалай, – деди момо тантанавор, – яхши эканми?

"Конфет” бошқача ширин эди. Мен бундай таъмни умрим бино бўлиб ҳис этмаганимни айтдим.

- Оқ жўхори билан бир ҳовуч буғдойни қовуриб, тегирмонда тортдим. Салгина шакар билан ийлаб, "конфет” қилдик, - деди момо.

Ҳар ишда тадбирли элимнинг неларга қодирлигини ўшанда кўрганман. Ҳеч қандай кимёвий аралашма йўқ, оддий оқ жўхори билан оддий буғдой унидан тўй дастурхонини безагулик шира-шарбат тайёрлаган онахоннинг келинлари ўз феълларини, назаримда сабр-қаноат ила зийнатлаган эдиларки, улар сабр ва тадбир омухталигида оғир кунлар залворини кўтара олган оқила аёллар эдилар.

Момонинг айвон тўла аёлларга қарата айтган бир гапи ҳамон қулоқларим остида жаранглайди:

- Йўлдошбойга ўхшаган ерга фидо йигитлар омон бўлишса, ҳали ҳаммамиз бойиб кетамиз, айланайинлар. Фермер дегани ернинг эгаси экан-да. Ер эгасини топса, турган-битгани – ХАЗИНА!

Ер – ХАЗИНА, - деди момо. Бу башоратмиди ёки момонинг кўнглидаги Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатнинг оддийгина талқиними! Ҳар не бўлганда ҳам ўша оғир йилларда халқимиз ўзининг ибратга лойиқ ишлари, сабр-қаноати, фидойи меҳнати билан қийинчиликларни енгиб ўтгани, бугунги кунга ишонгани ҳақиқат. Фермерлик ҳаракатининг келажагига ишониб-ишонмай, иккиланиб турган деҳқонларга Ўрозбика момога ўхшаган, келажакни кўра биладиган инсонлар қанот бўлганлари ҳам рост.

- Эй-й, айтаверасиз, момо, фермерларни ишлатиб-ишлатиб, бир куни ҳамма нарсасини олиб қўяди, аввал ҳам шундай бўлган, - деди айвондаги аёллардан бири ўшанда.

- Тўғри, - дадил сўзлади момо. – авваллари шундай қилишган, 1937-йилларда Қиличбойнинг менман деган бой-билимдон ўғиллари қулоқ бўлиб кетишган. Тўғрисини айтсам, энди бундай бўлмайди, бойлар кўпаяди. Улуғ кун келади!

Орадан тўрт ой ўтиб, Ўзбекистонда чинакам мўъжиза (ҳа мўъжиза эди бу!) юз берди. 1991 йилнинг 1 сентябрида ўша Қиличбой қишлоғилик Ўрозбика момо башорат қилган "Улуғ кун!” келди. И.Каримов Ўзбекистон Pеспубликасининг Олий Кенгаши минбаридан туриб Ўзбекистон Мустақиллигини эълон қилди!

"Ватан бу - кўнгулдир”

Ўша 1991 йилнинг баҳорида Қиличбой қишлоғида, "Президент ерлари”да бошоқлари солланиб турган буғдойзорларни оралаб юриб ажойиб деҳқон (раҳматлик)Йўлдош ота Олламовнинг:

- Агар ер ўз эгасини топса, чўл-биёбонлар ҳам бўстонга айланади. Ер шундай хазинаки, адоғига етолмайсан! – дея қувониб айтган гапларини бугун орадан 23 йил ўтиб эсларканман, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ҳали мустақилликка эришмай туриб, СССP деган қудратли ва шафқатсиз машина ғилдираклари остида эзилиб ётган, сўзлай, деса тиллари суғирилган ўзбек миллатини ёруғликка олиб чиқиш учун шафқатсиз Москванинг рухсатисиз, 1989 йилдаёқ буюк ишга қўл урганлигини ҳис этдим.

Юртбошимизнинг бу тенгсиз журъати ўз-ўзидан эмасди. Бу – она Ватан - киндик қони томган ерга чексиз муҳаббат, миллатга фидойилик туйғусининг кўнгилдан ҳаётга эврилгани эди. Чунки Ватан энг аввал кўнгилда улғаяди. Шунинг учун ҳам улуғ бобомиз Мир Алишер Навоий "Ватан бу - кўнгулдир”, деганлар.

И.А.Каримов Олий Кенгаш минбаридан туриб Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилган лаҳзалар ёдингиздами?!

Менинг ҳозиргидай ёдимда. Президент ўша лаҳзаларда Олий Кенгаш минбаридан туриб халқни рўшноликка олиб чиқувчи энг тўғри йўлга дадил қадам қўйди. Мамлакат жар ёқасига, фалокат ёқасига келиб қолганини, халқ ўзининг эртанги кунга ишончини кундан-кунга йўқотаётганини куюниб гапирди:

"- ... Халқ биздан ҳимоя талаб қиляпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатларига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу - ҳаққоний талабдир, - деди Президент ўз халқи олдида. - Ўзбекистон раҳбари ҳеч қачон қанақа иттифоқ бўлмасин, қандай шароитбўлмасин иккинчи даражали ролга рози бўлмайди!”

Мажлисхонада жимлик, телевизорда жимлик.

- Мен шу кундан эътиборан 1 сентябрни Жумҳуриятимизда умумхалқ байрами - Мустақиллик куни деб эълон қиламан!

Президентнинг овози асрлар қаъридан келгандай гулдураб эшитилди ўшанда, агар сезган бўлсангиз. Мажлисхонада яна жимлик, телевизор қаршисида ўтирганлар қалбида ҳаяжон.

- Ўзбекистон Мустақил бўлди! Қарсаклар қани!!!

Президентнинг тантанавор овозидан сўнг ҳайрат ва ҳаяжон оғушидаги сукунатни титратган гулдурос қарсаклар янгради. Мажлисхонадагилар ўринларидан туриб, давомли қарсаклар чалдилар. Ушбу тарихга муҳрланган лаҳзаларни телевизор қаршисида кутиб олган бутун Ўзбекистон Халқи ўша энг азиз, энг Улуғ кундан бошлаб миллат тақдирида буюк ўзгариш ясаган жасоратли, синмас қатъиятли, халқпарвар, кўнглида она Ватан барқ уриб турган ўз Президенти атрофига янада мустаҳкамроқ жипслашдилар. Шу кундан эътиборан Ўзбекистон давлати жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, мавқеини белгилаб берган буюк тамойиллар асосига қурилган пиллапоялардан юксалиб борди.

Хирмонлар донга тўлди

Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллигига эришиш йўлида пухта ишлаб чиқилган бозор механизми ана шундай буюк тамойиллардан бири эди. Бу шундай улуғвор тамойил эдики, "ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун!” – деган давлатимиз сиёсати халқ ҳаётида тўлиқ ўз аксини топди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда пахта етиштириш режаси 700 минг тоннага камайтирилди. Бу – пахта якка ҳокимлигига чек қўйиш борасидаги энг дадил қадам бўлди. 1991 йилда мамлакатимизда гектаридан 17 центнердан, бор-йўғи 940 минг тонна буғдой етиштирилган бўлса, орадан 23 йил ўтиб, Ўзбекистон буғдойни импорт қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчи давлат даражасига етди. Буғдой етиштириш 7 баробарга кўпайди. Ҳосил хирмони эса салкам 8 миллион тоннага етказилди. Ўзбекистон давлати тўла ғалла мустақиллигига эришди. Бутун мамлакатда кенг қулоч ёйган фермерлик ҳаракати, кундан-кунга равнақ топиб, фаровон ва обод бўлиб бораётган қишлоқларимиз қиёфасида мустақилликнинг илк йиллариданоқ дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган, Президент раҳнамолигидаги ривожланишнинг "ўзбек модели” деб тан олинган тараққиёт йўлида демократлаштириш ва янгиланиш тамойиллари ўз аксини топди. Ана шу тараққиёт йўлини танлаганимиз мамлакат иқтисодиётида кўпдан-кўп ютуқларга эришиш омили бўлиб қолди.

Ғалла мустақиллиги – аввало, эл-юрт ҳаётига рўшнолик олиб келди. Минглаб фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган Ўзбекистон буғдойига хирмонлар тўлди. Хирмонлар тўлиб дон тўкилган лаҳзаларда халқ кўнглидаги Ватан янада буюкланди, улуғланди.

Бизнинг Амударёда...

1991 йилда атиги 282 тонна буғдой етиштирган туманимиз фермерлари орадан 23 йил ўтиб бу улуғвор хирмонни 11 минг тоннага етказдилар. Аҳоли томорқасидан олинган буғдой ҳосили эса салкам 10 минг тоннага етди. Ўз еримизда етиштирилиб, ўз тандиримизда қуёшдай иссиқ тафт бериб пишган, дастурхонларимизга кўрк, турмушимизга файз бериб турган оппоқ буғдой нонда қадрдон Ватан – Аму ерининг тафти бор. Биз уни авайлабгина кўзимизга суртамиз, табаррук қиламиз. Худди Ватанни табаррук қилган каби.

Беихтиёр қайсидир кимёгар олимнинг фикри эсимга тушади.

- Ватан тушунчасининг илмий талқинини биласизми? – деганди телекўрсатувларнинг бирида. – Ватаннинг илмий тушунчаси шундайки, инсон ўз туғилган ерига тегишли сув хусусиятларини дунёнинг қайси бурчида яшаса-да ўзи билан олиб юраркан. Инсон вужудидаги сув хоссаларини ўрганиб, унинг Ватани қаер эканлигини аниқлаш мумкин.

Қаранг-а! Одамнинг ўзи мўъжиза, қилган, қилаётган эзгу амаллари мўъжиза. Қипчоқдаги "Тахиатош дон маҳсулотлари" АЖнинг "Манғит дон” филиалига қарашли ғалла омборидаги уюм-уюм ғалла хирмонларига қараган кўз қувонади. Дил ҳаяжонга тўлади. Сув – сув экан, мана бу қирмизи ранг марвариддек буғдойдан ун, ундан нон бўлиб вужудимизга сингган Аму элимнинг ҳарорати қайда бор!? Бу – азиз тупроқ тафти, дилларни гупиртирувчи она Ер – Ватан ифори. Ана шу тафтдан, ана шу ифордан ранг олган амударёликнинг вужудини кимёвий таҳлил этиб ўтириш шарт эмас. Унинг кўнглида қулф урган Ватанининг бутун бўй-басти қиёфасида, чеҳрасида акс этиб туради. Баланд-баланд хирмонлар бошида мағрур турган амударёлик фермерларнинг эса оёқ олишларида ҳам ҳикмат бор. Дадил-дадил қадамларидан эл-юртга барокат ёғилиб турганичи!

Бундай ёруғ кунга, фаровон ва обод турмушга биз осонликча етдикми? Асло! Истиқлолга халқимиз жуда катта машаққатлар билан эришди. Йўқотишлар, сургунлар, "Пахта иши" деб аталган беаёв азоб-уқубатлар хўрлик ва камситишлар заҳрини тортавериб ранги сомон бўлган халқ учун бу қутлуғ кун неча-неча қурбонлар эвазига насиб этди.

2014 йилнинг 1 июль куни "Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат Мустақиллигининг йигирма уч йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Қарори эълон қилинди. Ушбу Қарорда ҳам "Мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг турмуш даражаси бўйича собиқ СССPда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айлангани” алоҳида таъкидланган. Буни юрак-юрагидан ҳис қилган ҳар бир юртдошимиз ҳаётига юқоридаги қарорда илгари сурилган "Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!" ғояси янада кўтаринкилик олиб кириши табиий. Чунки ҳар бир юртдошимиз учун ҳамиша ягона, тенгсиз ва муқаддас Ватан севгиси, киндик қони томган она тупроқнинг ҳароратли тафти барча бойликлардан-да азиз ва улуғ! Бу улуғ Ерга - Ватанга садоқат туйғуси жамики ютуқларнинг илҳомчисидир. Бунинг яққол исботи эса фаровон ва обод турмушимизда яққол акс этиб турибди.

23 йил. Қисқа, лекин таровати бир умрга татигулик бу йилларда кўнгилларни тўлдирувчи буюк мезонлар, турмушимизга беқиёс ўзгаришлар олиб кирган тараққиёт бор, улуғворлик бор! Ҳар зарраси олтинга тенг Ватан тупроғидан тафт олган бунёдкор халқ яратган, яратаётган, ҳавасларга лойиқ буюк ўзгаришлар, мўъжизалар мужассам унда! Дунёни лол этгувчи мевазор боғлар, эл-юртга манзур гўзал қишлоқлар, ҳар куни бир ўзгариш, янгилик билан эврилиб келаётган фасллар малоҳати бор. Бу буюк миллатнинг ўзи истаган, ўзи танлаган ЭPК йўли, келажаги порлоқ эркин фуқаролик жамияти қуриш йўли! Ана шу – энг улуғ, энг азиз йўл – Истиқлол йўли мангу бўлсин, азизлар!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.


Янгиликни бўлишинг: