"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

МЎЛ ҲОСИЛ – ХАЛҚ ФАPОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президентимиз бошчилигида барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳани ривожлантиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинган қатор Қонунлар, Фармон ва Қарорлар, Дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда доимий ривожланишга эришилмоқда. Соҳадаги энг катта иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга ютуқларимиздан бири, шубҳасиз, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимизнинг ғалла мустақиллигига эришганидир. Зеро, халқимизнинг бугунги фаровон ҳаёти ана шу ғалла мустақиллиги туфайли, десак адашмаймиз.

Муҳтарам Президентимизнинг "Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида билдирилган қуйидаги фикрлар барчамизнинг қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради: "Истиқлол йилларида, яъни ўтган 22 йил давомида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида ғалла етиштириш ҳажми 1 миллион тоннадан 7,8 миллион тоннага етди ва Ўзбекистон ғалла экспорт қиладиган мамлакатлар қаторидан жой эгаллади”.

Бу каби натижаларга эришишда ўзларининг фидойи меҳнатлари билан ҳисса қўшиб келаётган туманимиз ғаллакорлари бу йил ҳам давлатга ғалла сотиш бўйича контрактация шартномаларини Қорақалпоғистон Pеспубликасида биринчи бўлиб бажаришга эришдилар. 3000 гектар ғалла майдонида етиштирилган 11 минг тоннадан ортиқ мўл ҳосилнинг 5530 тоннаси контрактация шартномаси асосида давлат хазинасига топширилиб, қолган қисми аҳоли ихтиёрида қолди.

Бу йилги мавсумда буғдой экишдан тортиб то уни йиғиб олишгача бўлган жараёнда ишлар тизимли равишда ташкил қилинди ва барча агротехника тадбирлари ўз вақтида, сифатли бажарилди. Жумладан, кузги буғдойни озиқлантириш, далага маъданли ва маҳаллий ўғитлар чиқариш ишларининг сифати доимий назорат қилиб борилди. Эрта баҳорда баргдан озиқлантириш ва зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ишлари ҳам агротехник қоидаларга мувофиқ бажарилди. Техникалар учун етарли миқдорда ёнилғи-мойлаш материаллари заҳираси яратилиб, мавсум давомида даланинг бошига етказиб берилди. Натижада бу йил ҳам кузги буғдойдан мўл ҳосил етиштирилди ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб буғдой ўрим-йиғим ишларига киришилди.

Ўрим-йиғим ишларининг муваффақиятли ўтишини таъминлаш мақсадида 6 та ўрим-йиғим отрядлари тузилди ва бу отрядларга 17 та иш унумдорлиги юқори бўлган замонавий "Клаас – Доминатор” ва "Клаас – Мега” комбайнлари бириктирилди. Комбайн ҳайдовчиларининг унумли ишлашлари учун дала бошида барча қулайликлар яратиб берилди, уларга ўрим-йиғим мавсумида жами 10 миллион 200 минг сўм миқдорида нақд пул маблағлари иш ҳақи сифатида берилди.

Ўрим-йиғим ишлари конвейер усулида ташкил этилди, яъни, етиштирилган ҳосил комбайнда ўрилиб, транспортлар воситасида дон қабул қилиш масканига узлуксиз равишда ташиб келтирилди.

"Тахиатош дон маҳсулотлари” ҳиссадорлик жамиятининг "Манғит дон” филиалига қарашли Қипчоқ дон қабул қилиш масканида ташиб келтирилган ғалла ҳосилини тўхтовсиз равишда қабул қилиш ва тегишли ўринларга тўкиб, қуритиш ҳамда тозалаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди.

Буғдой ўрим-йиғими мавсумида "Дўрман” овулидаги фермер хўжаликлари пешқадамлик қилдилар ва туманда биринчи бўлиб йиллик шартномавий режаларини ортиғи билан адо этдилар. Шунингдек, "Холимбег”, "Қипчоқ” ва "Ўрта қалъа” овулларидаги фермер хўжаликлари ҳам илғорлар сафидан жой олдилар.

Айниқса, "Юсуф хўжа”, "Боғи Эрам”, "Исмоилов Сардорбек”, "Холмуродов Карим”, "Камолиддин Бекниёз”, "Эрметов Pашид”, "Бектемир Жуматов”, "Хидиров Нурулла”, "Эшниёзов Йўлдош” фермер хўжаликлари гектаридан 25-30 центнердан ҳосил олиб, юқори ҳосилдорликка эришдилар.

Президентимизнинг жорий йил 9 июндаги "2014 йил бошоқли дон экинлари ҳосилидан бўшаган ерларни шудгорлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган ерлар сомонлардан тозаланиб, пешма-пеш шудгор қилинди.

Яқиндагина муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси илғорлари билан мулоқотида таъкидлаганидек, "Бу йил мамлакатимизда ғалладан мўл ҳосил етиштирилди. Бу, авваламбор, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги туфайлидир. Тинчлик бўлган жойда мана шундай мўл-кўлчилик, фаровонлик бўлади, одамлар ўз мақсадларини рўёбга чиқаради”.

Шуни ишонч билан айтаманки, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги эвазига етиштирилган мўл ғалла ҳосили, уйилган баланд "қирмизи дон” хирмони, албатта, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз ғаллакорларини, ризқ-рўзимиз бўлган ғаллани етиштириш ҳамда ўриб-йиғиб олишда иштирок этган барча фидойиларни катта меҳнат зафари – 5530 тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этилиб, шартномавий режа бажарилгани билан табриклайман. Халқимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги учун ҳар гектаридан яна 5 центнердан, жами 1500 тонна қўшимча ғалла топшириб, юксак ғалла хирмонини Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига тўёна қилиш мақсади билан меҳнат қилаётган азамат ғаллакорларимизга "Ҳорманг, азиз ғаллакорлар!”, - деймиз.

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: