"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Давлатимиз қудрати ва ҳурлигимиз рамзи

ЎзА, Зиёдулла Жонибеков, 01.07.2014 11:06

2 июль – Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат герби қабул қилинган кун

Давлат рамзлари эл-юртнинг ҳурлиги, миллий ғурур ва менталитети, шонли тарихи, маънавий-маданий бойлиги, урф-одат ва анъаналари, буюк мақсад ва эзгу орзу-интилишларини ўзида акс эттиради.

Истиқлолга эришгач, мамлакатимиз ҳам ўз давлат рамзларига эга бўлди. Бугун Ўзбекистон ўз Байроғи, Герби, Мадҳияси ва Валютасига эга.

Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тасвирланган гуллаган водий узра нур сочаётган офтоб серқуёш юртимизга, ундаги обод манзилларга ишора. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар – ҳаёт боқийлиги тимсоли бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари халқимизнинг ризқ-рўзи бутунлигидан, ўнг томонидаги қийғос очилган ғўза ифодаланган чамбар халқимизнинг оппоқ орзулари, эзгу ниятларидан далолатдир. Гербнинг юқори қисмида элу юртимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган.

Гербимиз марказида бахт ва олижаноблик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб, парвозга шайланиб турибди. Бу халқимизга хос эзгу орзу-умидлар ифодасидир. Зеро, элимиз Ҳумони азал-азалдан бахт қуши сифатида тасаввур этиб келган.

Гербимиздаги ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, эзгулик, бахт-саодат, тўкинлик, фаровонлик каби орзу-умидларини ўзида намоён этади. Гербнинг пастки қисмидаги давлатимиз байроғини ифодаловчи чамбар бандига зарҳал ҳарфлар билан "Ўзбекистон” сўзи битилган.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1992 йил 2 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Pеспубликасининг Давлат герби тўғрисида”ги тарихий қонунда белгиланганидек, Давлат герби Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, ҳокимликлар, қўмиталар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари бинолари, чет эллардаги мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг пештоқида ўрнатилган. Pеспубликамиз давлат чегараларидаги Давлат герби барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Ватан остонасидаги давлатимиз рамзини кўриб, беихтиёр қалбимиз энтикади, муқаддас заминимизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз янада ошади.

Давлат герби тасвири ҳар биримизнинг мана шу саховатли замин фарзанди, ушбу озод юрт фуқароси эканимизни тасдиқловчи фуқаролик паспортида ҳам акс эттирилган.

"Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунда мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахслар давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт экани белгилаб қўйилган.

Давлат рамзлари муқаддасдир. 2010 йил 24 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Pеспубликасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Pеспубликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонунга мувофиқ, давлатимиз рамзларидан фойдаланиш қоидалари янада такомиллаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Pеспубликасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Ҳа, мустақил Ватанимизнинг Давлат герби улкан ғоявий-тарбиявий аҳамиятга молик тимсол сифатида барчамиз учун қадрли ва муқаддасдир. Уни ҳар сафар кўрганимизда шундай бетакрор, ҳеч кимдан кам бўлмаган қудратли мамлакатда яшаётганимиздан фахр-ифтихор туйғуларини ҳис этамиз.

Янгиликни бўлишинг: