"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ИЖОДКОPНИНГ ИККИНЧИ УМPИ

Мансур Аҳмедов!

Камсуқум, ҳазилкаш, ҳаётининг ҳар они дўстлари билан сурурли, ижод сеҳри асир этган лаҳзаларда минг гапирсангиз ҳам бир киприк қоқмайдиган, бутун дунёни унутиб, қалб амрига бўйсунадиган туғма шоир, талантли шоир эди. Унинг ҳар бир сатри худди ўқувчининг ўз кечинмаларидек, ифодасига сўз тополмаган туйғуларини англаб, шеърга солгандек эди гўё. Қалбга яқинлиги шунчалар эдики, Отажон Худойшукуровдай санъат дарғаси унингшеърларига куй басталаб, қўшиқ қилиб айтганди. "Кипригингда осилиб турган менинг жонимдир” номли шеърий тўпламига сўзбоши ёзиб, оқ йўл тилаган эди.

Мансур Аҳмедов олийгоҳни битириб, "Амударё ҳақиқати” газетасига мухбир бўлиб ишга кирди. Қобилиятлилиги, интилувчанлиги боис, бўлим мудири, масъул котибликдан муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтди.

1993 йилда "Халқ сўзи” газетасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича махсус мухбири бўлди, "Аму тонги” (ҳозирги "Қорақалпоғистон тонги”) газетасида ишлади.

Мансур Аҳмедов "Амударё ҳақиқати” газетасида ишлаган йиллар оралиғида бир ҳамкасб дўст сифатида бир-биримиздан кўп нарсалар ўрганганмиз. Газета ишидан чарчаб, бир дам олмоқчи бўлган дамларимизда:

- Сизларга бир гап айтайми? – дерди худди муҳим бир сири бор одамдай.

Бир хонада ўтириб ишлайдиган Хонимжон опа, Pобия, ҳаммамиз унга қараб қолардик. Шунда Мансур тинглайсизларми, дегандай бизга бир қараб олиб, паст, бироқ ҳаяжонли овозда янги ёзган шеърини ўқиб берарди. Биз касбдошлар унинг бирон жойда босилмаган шеърларининг илк тингловчиси бўлганмиз.

Жамики яралмиш Аллоҳ ихтиёрида. Бироқ ҳаётда шундай ҳоллар ҳам бўладики, одам ўзининг умри қисқалигини худди сезиб юргандай, вафотидан сўнг нималар бўлишини башорат қилгандай гўё. Муҳаммад Юсуфнинг: "ўлсам бир муштипар онам йиғлайди, қолганлари ёлғон йиғлайди”, дея ёзганлари, Охунжон Мадалиевнинг "Унутмоқ осонмас бизларни”, дея юракларни сел қилиб куйлаганини эсласам, шундай фикр миямга келаверади. Беихтиёр Мансурнинг "Сурат орқасидаги ёзув” шеърини ҳам эслайман. Бу шеърни у онасига атаб ёзган, "Мана бу менинг портретим, кўрганингизда яхши одамни эслаган каби юзимга лабингизни теккизиб қўйинг”, дея ўтинган. Худди умри қисқалигини, онаси унинг дийдорини қўмсаб, соғиниб, орқасидан куйиб яшашини билгандай.

Қайдасан, юрагим,

Зардобга тўлди.

Юрагим соғинчга,

Тўлди, севгилим.

Умримнинг саноқли,

Кунлари қолди.

Кўзингга бир боқсам,

Бўлди, севгилим!

Мансур ён дафтарчасининг икки варағи тўла ўз қўллари билан 1997 йил 16 декабрь дея қайд қўйган мана шу сатрлар билан бошланган шеъри адашмасам, бирон нашрда эълон қилинмаган.

Афсус... Гоҳ ўйчан, мулоҳазали, гоҳ ҳазилкаш, гоҳ маъюс иқтидорли журналист, оташқалб шоир Мансур Аҳмедов "ярқ” этган юлдуздай эрта сўнди.

Унинг порлоқ хотираси ҳамкасбларининг, барча шеърият мухлисларининг қалбида мангу яшайди, ҳар бир сатри кўнгилларни тўла забт этувчи шеърларида яшайди. Худди ўзи башорат қилганидай: "ўлганимдан сўнг бошланади иккинчи умрим”.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: