"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Туманимиз ҳаётининг ёрқин кўзгуси

Бугун биз яшаётган глобаллашув ва Интернет асрида тараққиётни, ҳаётимизни замонавий ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур эта олмаймиз. Эрталаб уйқудан уйғонишимиз биланоқ ахборотга эҳтиёж сезамиз ва газета-журналлар, телевидение, радио ёки интернет орқали жамиятимизда кечаётган янгиликлардан хабардор бўлишга интиламиз. Қисқа қилиб айтганда бугун ахборот биз учун ҳаётий зарур эҳтиёжга айланган.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида "Бугунги кунда жамият, фуқаролик институтлари, қолаверса, ҳар қайси инсоннинг ҳаёти айнан ахборот-коммуникация соҳалари билан узвий ва чамбарчас боғланиб бораётганини инобатга олмайдиган мамлакат ўз ривожида умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетиши ва интеллектуал бойлигидан жудо бўлиши табиийдир”, деб алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Шу сабабли Юртимизда мустақиллик йилларида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, соҳадаги қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, бу борада қабул қилинган бир қанча янги Қонунлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Ўз навбатида тарихан қисқа даврда юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ҳам жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, демократик янгиланишларни ёритиш орқали халқимизни янгича фикрлашга, маънавий уйғоқликка, онгу тафаккуримизни замон билан ҳамнафас ҳолда ўзгартиришга даъват этадиган қудратли кучга айланди.

Бугун туманимизда фаолият юритаётган "Тараққиёт кўзгуси”, унинг иловаси "Менинг оилам” газеталари, Амударё телевидениеси ва amunews.uz веб-сайти ҳам халқимизнинг ана шундай қудратли қуроли десак муболаға бўлмайди.

27 июнь – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни бу йил туманимизда қўшалоқ байрам сифатида нишонланмоқда. Сабаби, туманимиз матбуотига тамал тоши қўйилганига 80 йил тўлмоқда. 1934 йилда ёруғликка чиқа бошлаган собиқ Манғит ва Қипчоқ туманларининг нашрлари, 1958 йилда ташкил қилинган уларнинг қонуний ворислари - "Амударё ҳақиқати”, кейинчалик 2012 йилда "Тараққиёт кўзгуси” дея қайта номланган туманимизнинг ижтимоий-сиёсий газетаси ўтган 80 йиллик тарихий давр мобайнида нафақат туманимиз аҳлининг ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаб келмоқда, балки унинг маънавий маслакдоши, маърифат манбаига айланиб улгурди.

Шуни таъкидлаш жоизки, газета чоп этила бошлаган дастлабки йиллардаёқ ўзининг халқчиллиги, тили ва бадиий хусусиятлари билан кенг халқ оммасига яқин бўла олди. Газетанинг бундай мавқега эга нашр сифатида оммалашувининг ўз мезонлари бор, албатта.

Биринчидан, таҳририят журналистлари сўз устида ишлаш санъатини чуқур эгаллаган, адабиётни, маънавиятни чуқур англайдиган маънавият фидойилари эдилар. Иккинчидан, газета ижодкорлари халқ кўнглидан жой ола билиш санъатини эгаллаган сўз усталари эдиларки, пировардида бу ижодкорлар қалам тебратган мавзулар ҳамиша замон ва давр талабларига мос келиб, улар халқ кўнглидаги гапни айтарди.

Ташкил этилганининг дастлабки йилларида собиқ тузум томонидан "саводсизликни тугатишда восита” сифатида қаралган газета иккинчи жаҳон уруши даврида халқни янги марралар сари руҳлантирувчи маънавий куч-қудрат тимсоли сифатида майдонга чиқди. Урушдан кейинги тикланиш йилларида эса халқимизни хайрли ва эзгу ишлар сари руҳлантирувчи маслакдошга айланди.

Истиқлол йилларида газетамиз ижтимоий-сиёсий аҳамияти жиҳатидан чинакам янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида унинг саҳифаларида мустақилликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш, бозор муносабатларига ўтиш жараёнининг долзарб вазифалари, барча соҳаларда амалга оширила бошланган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти тўғрисида мақолалар берилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу ислоҳотларнинг халқимиз турмушидаги ифодаси, эл-юрт фаравонлиги, жамиятимиздаги тинчлик ва тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиши, буюк ўтмишимиз ва нурли келажагимиз, халқ фаравонлиги ва ёш авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, бир сўз билан айтганда кучли демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дадил одимлар тўғрисида материаллар бериб борилмоқда.

Газета нафақат ижтимоий-сиёсий аҳамияти, балки адабий-бадиий қиймати билан ҳам халқимиз учун қадрлидир. Унинг саҳифаларида мустақиллик ва озодликни, тинчлик ва осойишталикни, бунёдкорлик ва ободончиликни тараннум қилувчи, дунёда тенги йўқ ватанимиз, қиёси йўқ халқимизга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини юксак пардаларда тараннум этувчи материаллар мунтазам равишда чоп этилмоқда.

Газетанинг муассиси сифатида Амударё тумани ҳокимлиги ҳам «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунида белгилаб берилган муассиснинг оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлашдек мажбуриятини ўз зиммасига олиб, таҳририятни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Натижада, кейинги йилларда таҳририятнинг моддий техника базаси яхшиланди. Айни кунда таҳририят салоҳиятли кадрлар жамоасига, ўз балансидаги бинога, мустаҳкам моддий-техника базасига, хизмат автомашинасига эга.

2012 йилда давр билан ҳамнафас ҳолда газетамиз "Тараққиёт кўзгуси” дея қайта номланди. Обуна уюштириш ва газетани чоп қилиш, тарқатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани натижасида унинг даврийлиги оширилиб, ҳар ойда 4 марта чоп қилинмоқда.

Газета саҳифаларида муштарийлар учун қизиқарли ва кун тартибидаги долзарб мавзуларда мақолалар ёритилиши кейинги йилларда газетхонларнинг қизиқиши ошишига ва обуна сонининг ўсишига замин яратди. Бугунги кунда газетамиз 5 мингдан ортиқ нусхада чоп қилинмоқда.

Айниқса, газетанинг замонавий технология асосида туманимизнинг ўзида, "Манғит матбааси” хусусий корхонасида чоп қилинаётгани унинг тезкорлигини таъминлашда муҳим восита бўлмоқда.

2012 йилнинг 1 апрелидан "Тараққиёт кўзгуси” газетаси Интернет тармоғида ўзининг расмий веб-сайтига эга бўлди. Бу эса газетада чоп қилинган материалларнинг электрон кўринишини www.amunews.uz веб-сайти орқали бутун дунё бўйича ўқиш имкониятини яратди.

Интернет журналистикасини ривожлантириш, Интернет тармоғида Амударё тумани, унинг бугунги ҳаёти ҳақида тезкор, холис ва ишончли ахборот тарқатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида таҳририят ходимларининг саъй ҳаракатлари билан 2012 йил 31 июлда газетанинг интернетдаги расмий веб-сайти мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилди ва Қорақалпоғистон Pеспубликасида биринчи Интернет орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситасига асос солинди. Ҳозирги кунга келиб мазкур сайт ҳар куни, соат сайин туман ҳаётига оид янгиликлар билан тўлдирилиб, янгилаб борилмоқда.


Газета обунасининг кўпайиши ўз навбатида таҳририят молиявий аҳволининг яхшиланишига, ходимлар моддий манфаатдорлигининг ошишига ва моддий-техника базасининг мустаҳкамланишига замин яратди. Натижада сўнгги йилларда таҳририят ходимлари иш ҳақи 2 баробар оширилди.

Газета ижодий жамоаси ва фахрийлари сафида "Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист”, "Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари соҳиб ва соҳибалари, "Шуҳрат” медали соҳибининг борлиги улар меҳнатининг давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланаётганидан далолат беради.

2014 йилнинг "Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан, "Соғлом бола йили” туман дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг иловаси – "Менинг оилам” газетаси рўйхатдан ўтказилиб, чоп қилина бошланди. Зиёли ва бунёдкор элимизяна бир янги нашрга эга бўлди. Бугун газета ўз саҳифаларидаги оила иқтисодиётидан тортиб, ижтимоий, маънавий-маърифий, бадиий ва кўнгилочар мақолалари билан халқ орасига кириб бормоқда ва ўқувчиларга манзур бўлмоқда.

2010 йил 2 сентябрда фаолият бошлаган Амударё телевидениеси ҳам туманимиз аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлашга ҳисса қўшиб, уларни туман янгиликлари билан тезкор равишда таништириб, туман ҳаётининг барча соҳаларидан тайёрланган телематериаллари орқали аҳолига манзур бўлмоқда. Энг муҳими, телевидение ва газета таҳририятлари ўртасида мустаҳкам ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани, ҳар иккала таҳририят ва матбаа корхонасининг бир бинода жойлашгани бу ерда ўзига хос ижодий муҳит яратилишига ва туманимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари марказига айланишига замин яратди.

Хулоса ўрнида айтганда, бу йил 80 йиллиги нишонлаётган "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти давр билан ҳамнафас фаолият юритиб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, миллий истиқлол ғоясини қарор топтиришга, барча соҳаларда эришилаётган ютуқларни кенг ёритиб бориш орқали аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳисса қўшиб, фуқаролик жамияти барпо этилишида, омманинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фаол қатнашиб, мамлакат ва туман ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида содир бўлаётган янгиликларни, демократик ўзгаришларни, воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний тарзда ёритувчи материаллар ҳамда ахборотларни мунтазам эълон қилиб бориш орқали аҳолини юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан хабардор қилиб келмоқда.

Бугун туманимиз матбуотининг 80 йиллик юбилейини ҳамда юртимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрамини кенг нишонлар эканмиз, туманимиз матбуотининг тамал тошини қўйган марҳум ижодкорлар руҳларининг шод бўлишини, бугунги тинч ва фаровон кунларда қарилик гаштини сураётган матбуот фахрийларининг умри узоқ, тани саломат бўлишини, айни дамларда фидойи меҳнатлари билан мустақил юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган барча матбуот фидойилари ва таҳририятлар ижодкорларига сўнмас илҳом ва ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Аму элига туманимиз матбуотининг 80 йиллик табаррук тўйи, "Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухлисларига юртимиз тараққиёти кўзгусининг 80 йиллик юбилейи, мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари ходимларига касб байрамлари қутлуғ бўлсин!

Ҳеч қачон қаламингиз ёзишдан, қалбингиз ижоддан тўхтамасин, азизлар!

Pажаббой ЙЎЛДОШЕВ,

туман ҳокими, Қорақалпоғистон Pеспубликаси

Жўқорғи Кенгеси депутати.


Янгиликни бўлишинг: