"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Янги Қонун билан маҳаллага ЯНГИ ҲУҚУҚ ВА ВАКОЛАТЛАP БЕPИЛДИ

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида "Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” сиёсий қурилиш дастурининг бош йўналишларидан бири давлатнинг бир қатор ваколатларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат тузилмаларига ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич топширишдан иборатдир.

Бу жараёнда хусусий мулкни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини тўлдириш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари, биринчи навбатда, маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан ҳал этилиши керак. Шундай экан, "Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” сиёсий қурилиш дастурининг ҳаётга кенг жорий этилишида фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи бўлмиш маҳалла институтининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, Президентимиз томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг фаолиятини кучайтириш, жумладан, маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, 2013 йилнинг апрель ойида "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ҳимояга муҳтож бўлган қатламларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар бандлигига кўмаклашиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар берилган. Шунингдек, Қонунда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантириш мақсадида бир нечта меъёрлар ҳам назарда тутилган бўлиб, мазкур янги меъёрлар фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги роли ва аҳамиятини янада ошириш, жумладан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Юқоридагилардан ташқари, мазкур соҳани тартибга солишда Ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтиш ўринлидир. Хусусан, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 196-сонли қарори билан Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисида Низом тасдиқланди. Ушбу Низом фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олишнинг қатъий тартибини белгилаш билан бирга, унда фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, уларни кўриб чиқиш ва ҳисобга олиш тартиби, фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олиш тартиби каби қоидалар ўз ифодасини топган.

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ваколатларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш, улар фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 сентябрдаги 267-сонли ва Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 декабрдаги 329-сонли қарорлари билан "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда "Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларининг намунавий Низомларини ва таркибларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролар йиғини тўғрисидаги намунавий Низомда фуқаролар йиғини ва унинг органлари ваколатлари, фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақириш тартиби, фуқаролар йиғини кенгашини тузиш тартиби, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини сайлаш, тасдиқлаш ва тайинлаш тартиби, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, фуқаролар йиғини тафтиш комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ва унинг маслаҳатчиларининг ваколатлари, фуқаролар йиғини масъул котибининг, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг ваколатлари, фуқаролар йиғини фаолиятининг иқтисодий асоси, фуқаролар йиғинини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби каби масалалар ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қуйидаги комиссияларнинг Низомлари тасдиқланди:

- маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияси;

- ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияси;

- хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси;

- вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси;

- тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссияси;

- экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси;

- жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқаролик жамияти институтларининг мавқеини кўтариш, жумладан, маҳалла институти ишининг самарадорлигини ошириш мамлакатимизда нафақат тинчлик ва ҳамжиҳатлик, жамиятимиздаги барқарорликни сақлашнинг, балки аҳолининг фаровонлиги, турмуш даражаси ва сифатини оширишда ҳам муҳим омил бўлади.

Айтмурат Халтурдиев,

Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси Қорақалпоғистон Pеспубликаси ҳудудий бўлими бош маслаҳатчиси.

Янгиликни бўлишинг: