"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

ФАPЗАНДЛАP КАМОЛИ УЧУН БАPЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг эртанги кунини кучли интеллектуал салоҳиятга эга, юксак маънавиятли, самарали меҳнат қилишга қодир фуқаролар белгилайди. Шу мақсадда юртимиз мустақилликка эришгач, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Баркамол шахсни тарбиялашда таълим-тарбия муҳим аҳамият касб этади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий бепул мажбурий таълим тизими жорий этилди.

Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этиши мазкур соҳага қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол тасдиғидир.

Ўтган йиллар мобайнида таълим тизимини тубдан янгилаш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз бўйича минглаб умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар янгидан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланди. Ўқув жараёнини сифат ва методик жиҳатдан бутунлай янгилаш бўйича улкан чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фарзанднинг яхши билим олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишидан биринчи навбатда унинг ўзи ва ота-онаси манфаатдор. Аммо, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, академик лицей, айниқса касб-ҳунар коллежларида баъзи ўқувчиларнинг дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаслик ҳоллари учрамоқда. Бу ҳолат нафақат ўқувчининг билим олиш, ҳунар эгаллаш жараёнида узилишлар бўлишига олиб келади, балки, таълим-тарбия сифатига, бошқа ўқувчилар руҳиятига ҳам салбий таъсир этади.

Ўқувчининг дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаслиги кўпчилик ҳолларда ота-оналарнинг масъулиятсизлиги туфайли содир бўлмоқда. Шу ўринда қонунчилигимизда ҳар бир ота-она фарзандини тарбиялашга, унинг таълим олиши учун зарур шарт-шароитни яратиб беришга масъул экани, уларни бажармаган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтиш жоиз. Масалан, Оила Кодексининг 73-моддасида ота-онанинг болаларга таълим-тарбия беришга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт, ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт. Шунингдек, мазкур моддада ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шартлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Шу ўринда вояга етмаган болаларининг давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширишига тўсқинлик қилиб, уларнинг келажагини ўзининг бугунги куни, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилаётган ота-оналарнинг хатти-ҳаракатлари нафақат қонун нормаларига, балки ота-оналик шаънига, инсонийлик меъёрларига ҳам тўғри келмаслигини айтиб ўтиш керак.

Қолаверса, айрим тоифа ота-оналар борки, фарзандининг дарс машғулотларига қатнашиши у ёқда турсин, қандай шароитда таълим олаётгани, ҳатто қайси ҳунарни ўрганаётгани билан ҳам қизиқиб кўрмайди. Улар буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳало-кат, ё саодат - ё фалокатдир”, деган сўзларидан хулоса чиқариб, фарзандининг келажаги ҳақида қайғуришлари лозимлигини наҳотки унутишган бўлса?

Айрим ўқувчилар дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаслигига ўқув муассасасининг олислигини рўкач қилиб кўрсатишади. Айтиш керакки, туманимизнинг барча ҳудудларида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини тўлиқ қамраб олиш учун белгиланган меъёрлар даражасида етарли миқдорда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари мавжуд. Агар ёшларимиз қизиқишларига қараб, туманнинг бошқа ҳудудидаги ўқув муассасасини танласалар, мазкур муассасалар, 4 та касб-ҳунар коллежларини истисно қилган ҳолда, ётоқхоналар билан таъминланган. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун транспорт масаласини ҳал қилиш ва 4 та касб-ҳунар коллежларига ҳам ётоқхоналар қуриш иложлари кўриб чиқилмоқда.

Ўқувчининг дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаслигига айрим ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларининг ўз ишларига совуққонлик билан қараб, ўқиш жараёни ва амалий машғулотларни етарли тайёргарликсиз ўтаётгани, таълим жараёнида замонавий ахборот технологияларидан, амалий машғулотларда кўргазмали воситалар ва асбоб-ускуналардан етарли равишда фойдаланмаслиги, умуман таълим бериш ва ҳунар ўргатиш жараёнини қизиқарли тарзда ташкил этмаслиги каби омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, ўқитувчилик нафақат шарафли, балки масъулиятли касб. Деҳқоннинг ўз ишига совуққонлик билан қараши бир йил ердан кам ҳосил олишига сабаб бўлса, ўқитувчининг, ишлаб чиқариш таълими устасининг масъулиятсизлиги бир неча шахснинг умри зое кетишига олиб келади. Бу ҳолат бола тарбиясига масъул ҳар бир ходимдан катта масъулият билан, виждонан иш кўришни талаб қилади.

Қолаверса, ўқувчининг дарс машғулотларига фаол қатнашиши нафақат оила ва таълим муассасасининг, балки маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг, ҳар биримизнинг диққат марказимизда туриши керак. Зеро, фарзандлар камоли учун барчамиз масъулмиз.

Pажаббой ЙЎЛДОШЕВ,

туман ҳокими, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Янгиликни бўлишинг: