"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Қон бу - ҳаётдир

Донор қонининг ҳар томчиси ҳаёти қил устида турган беморни ҳаётга қайтариш, унинг соғлигини тиклаши учун йўналтирилади. Шу маънода олганда донорлик – энг юксак инсонпарварлик, бетакрор олижаноблик демакдир. Донор берган қон туфайли ҳар йили ер юзида миллионлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Соғликлари тикланиб, оёққа туриб кетадилар. Шу боис, сўнгги йилларда олийҳиммат донорга бўлган эътибор ва эҳтиёж кучаймоқда. Мана шундай олий ҳиммат донорларимиздан туманимизнинг жонкуяр, етакчи шифокорлари, тажрибали терапевт Бекимбат Алламбергенов, тажрибали реаниматолог Шуҳрат Чоршамов, кичик ҳамширалар Гавҳар Боботаева, Хуршида Саъдуллаева, Гулбаҳор Исмоиловалар бизнинг доимий донорларимиздир. Уларнинг олий-ҳимматликлари туфайли жуда кўп беморларнинг соғликлари ва ҳаётлари сақлаб қолинди.

Шу ўринда биз тайёрлаётган қон заҳираси талаб ва эҳтиёжларни қоплай олмаётганини ҳам айтиб ўтишни истар эдим.

Ўз навбатида донорликнинг донор ҳаёти ва соғлиги учун кони фойда эканлигини айтиб ўтишимиз керак бўлади. Бу тиббиёт амалиётида бир неча асрлардан буён исботлаб келинаётган айни ҳақиқатдир. Биринчидан, қон топширган донор организмидаги қон янгиланади, яъни организмда янги қон ишлаб чиқариш жараёни кучайиб, яшовчанлик ва яшариш ҳолати юзага келади.

Ҳозирги амалдаги қоида ва тартиб бўйича 19 ёшдан 60 ёшгача ҳар бир соғлом киши ўзининг жинси, касбидан қатъий назар, донор бўлиши мумкин. Чунки бундай ҳолатларда қоннинг ивиш хусусияти бартараф этилади. Эритроцитлар кўп қон йўқотилган маҳалда ёки камқонликнинг оғир турларини даволашда фойдаланилади. Лейкоцитлар йиғиндиси эса оғир қон касалликларини даволаш учун хизмат қилади. Хуллас, донор берган ҳар томчи қон турли ҳолатлардаги ва турли касалликларни даволашда кенг қўлланилади. Бир неча донорнинг ўзи бир неча юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади ёки соғликларини тиклайди. Шу нуқтаи назардан донор қонининг аҳамияти беқиёс ва бебаҳодир.

Ҳозирги юксак техника тараққиёти ва энг замонавий янги технологиялар асрида қон қуйиш жараёнларининг дастлабки босқич ишларини амалга оширишга бўлимимизнинг серғайрат ва тажрибали шифокори Янгибой Собиров, катта ҳамшира Ҳамида Эшчанова, кичик ҳамшира Гулойим Холменовалар донорлар билан самарали ишлашмоқда. Чунки донорлар бизнинг таянчимиз. Бизнинг муваффақиятларимиз эса беморлар соғлигини тиклаш ва яхшилаш билан ўлчанади. Шу боис, биз беғараз донорлар сафини янада кенгайтириб, халқимиз соғлигини сақлашга хизмат қилаверамиз.

З.Ўрозбоев,

ТТБ ҳузуридаги "Қон банки” бўлими шифокори.

(Фото http://navoiypress.uz дан олинди)

Янгиликни бўлишинг: