"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

БОЛА ҲУҚУҚЛАPИ - ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Дунёда ҳеч бир халқ йўқки, ўз келажаги давомчиларининг бугуни ва эртаси хусусида жон койитмаса.

Ҳар биримиз ёш авлод тақдири, фарзандларимизнинг бахтиёр ва фаровон келажагини ўйлаб яшаймиз. Мурғакларнинг кўзлари кулиб турса, нуридийдаларимиз бахт-иқболи бардавом бўлса, деймиз.

Истиқлол йилларида давлатимиз инсон ҳуқуқлари, хусусан бола ҳуқуқларига оид кўплаб халқаро битимларни имзолади. Жумладан, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, "Болаларни омон асраш, ҳимоя қилиш ва камол топтиришни таъминлаш тўғрисида”ги Умумжаҳон декларацияси, "Болаларни бошқа мамлакатга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисида”ги Гаага Конвенциясининг ратификация қилингани юртимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ёрқин далилидир.

Аввало "вояга етмаган”, "ёш бола” тушунчаларига тўхталиб ўтишимиз жоиз. "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 1-моддасига мувофиқ: "18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон зоти, агар муайян болага нисбатан қўлланиладиган Қонун бўйича у эртароқ вояга етмаган бўлса, бола ҳисобланади”.

Жамият вояга етмаганларнинг жисмоний, ақлий, ахлоқий, маънавий баркамол, ижтимоий жиҳатдан соғлом ривожланиши учун барча шароитларни яратиб бериши зарур.

"Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси”нинг 25-моддасида: "Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқини беради. Барча болалар никоҳда ва никоҳсиз туғилганидан қатъий назар, бир хил ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши керак”, - дея таъкидланган.

Шунингдек, БМТнинг "Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пактида барча болалар ва ўсмирларга ҳеч бир камситишсиз, оилавий келиб чиқиши ёки бошқа белгиларидан қатъий назар, алоҳида ҳимоя чоралари ва ёрдам кўрсатилиши шартлиги мустаҳкамланган.

Конституциямизнинг 64-моддасига кўра: "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни, ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради”, - деб белгилаб қўйилган.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Маълумки, болани илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга йўналтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир. Хусусан, Ўзбекистон Pеспубликасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасида шундай дейилади: "Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга. Давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълими олишини кафолатлайди”.

"Соғлом бола йили” Давлат дастурида аввало, соғлом наслни камол топтириш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, уни тарбиялаш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини авж олдириш орқали соғлом авлодни шакллантириш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш, ёшларда соғлом ва аҳил оила қуришга интилиш иштиёқини шакллантириш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, болалар манфаатларини тўлиқ таъминлаш ва соғлом авлодни шакллантириш билан боғлиқ ишлар кўламини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини таъминлаш аниқ белгиланган режаларни тақозо этади. Шундагина Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишига эришамиз.

Зулхумор Болтабоева, туман ФҲДЁ бўлими нозири.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: