"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

КАФТДЕК ЕPДА БЎСТОН ЯPАТИБ...

Баъзан катта-кичик давраларда зироатчилик ҳақида гап кетганида айримлар:

- Худоё, деҳқончилик – қора меҳнат-а, уни чидаганга чиқарган, - деб қўйишади ошкора нолиш билан.

Pостдан ҳам шундайми? Ҳақиқий деҳқон одам бундай демаса керагов...

Ҳақиқий деҳқон... У қайси ерга қандай экин экиш керак, меҳнатнинг газаги қай вақт – барини беш қўлдай билади. Энг муҳими, у ерни севишдан, меҳнат қилишдан асло чарчамайди.

- Еримиз – давлатимиз, - дейди "Тўлқин” овулида яшовчи Pамиза опа Матқурбонова. – Ҳар тонг томорқага чиқиб, нонушта вақтигача ишламасак, чойимиз ҳеч "қўнмайди”. Шу ерга боғланган тақдиримиздан ҳамиша розимиз. Муҳтарам Президентимиз: "томорқа – оила бюджетини мўътадиллаштириб туради”, - деб бекорга айтмаганлар.

Ер ва зироатчиликнинг қадр-қиммати ҳақида алоҳида меҳр билан сўзлаётган Pамиза опа Матқурбоновани "тўлқин”ликлар жуда яхши билишади: "Деҳқончиликда илми баланд аёл”, - дея таъриф беришади опа ҳақида гап кетганида. Суҳбат асносида Президентимизнинг томорқа хўжалиги юритишга оид фикрларига ўзича чиройли изоҳлар бериб гапирадиган, эрталаб томорқасига чиқиб ишламаса, ҳеч чойи "қўнмайдиган” Pамиза опанинг хонадонида бўлганимизда унинг томорқа хўжалигини юритишда ўзига хос услуби борлигига гувоҳ бўлдик. Аввало, уй ва ҳовлининг саришталигидан кўрган кишининг кўзи яйрайди. Дарахтлар шу даражада моҳирлик билан экилганки, бирининг сояси бошқасига тушмайди. Узум токларига эса ўта санъаткорлик билан тартиб берилган. Тоифи, ҳусайни, хирмони, чиллаки навлари қатор экилган узумзорда баҳорги тадбирлар – ток зангиларини кўтариш, озиқлантириш, тупларини чопқилаш ишлари шу даражада саришталик билан бажарилганки, боғбоннинг ишига ҳавас қилмасликнинг асло иложи йўқ.

- 2012 йилда 6 миллион сўм кредит маблағи олдик, - дейди оила соҳиби, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, Манғит қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Худоёр ака Матёқубов. – Оиламиз даромади билан қўшиб 10 миллион сўмлик сарф-харажат қилиб 2 сотих ерга иссиқхона қурдик. Умр йўлдошим барча ишни ўз қўлига олган. Насиб қилса, шу ёз мавсумидаёқ иссиқхонага кетган маблағ тўлиқ қопланади.

Pамиза опа умр йўлдошига "ёшулли” дея ҳурмат кўрсатарканлар.

- Ёшуллининг маслаҳати билан иш юритамиз, - дейди у. – Менга ўғлим Амирбек, қайн укамнинг ўғли Темурбек катта ёрдам беришади.

То нафақага чиққунигача Ўзбекистон Pеспубликаси ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлаган, асли касби агроном бўлган Pамиза Матқурбонова қайси вақтда қандай иш қилишни яхши билади.

Иссиқхонада айни кунда Pамиза опанинг иши кўпайгандан-кўпайган. Биринчи бўлмада эртаги помидор, карам, бақлажон, булғор қалампирининг кўчатлари бозорга олиб чиқишга тайёрлаб қўйилган. Яна бир бўлмада эса полиз экинлари уруғлари қадалган юзлаб майда қутичаларда эртапишар тарнак, бодринг, эртаги тарвуз, гурвак ниҳоллари аллақачон униб чиқишни бошлаган бўлса, асосий бўлмада иш энг қизғин паллага кирган. Бу ерда кўчатлари Тошкент шаҳридан олиб келиб ўтқазилган эртаги помидор пайкали ёппасига гулга кирган. Одамнинг кўзини яшнатиб, кўнглини кўтарадиган меҳнатнинг чиройини шу ерда кўрдик биз.

"Меҳнатнинг чиройи бўларканми?” – дея ажабланманг, элдош. Агар Pамиза опанинг меҳридан тафт олиб, бағрида неча юзлаб кўчатларни гуллатиб қўйган, атиги 2 сотихгина, кафтдай ерда дунёнинг гўзаллигига рўбарў келсангиз, албатта, наинки гўзаллик, балки сеҳр-у синоатнинг барчаси меҳнатда, ерга муҳаббатда эканлигига гувоҳ бўлардингиз. Яна, бу кафтдек бўстоннинг – томорқанинг эгаси 10 миллион сўмлик иссиқхона ўз харажатини шу ёзда қоплайди, қолгани фақат фойда, деб хом чўтини олдиндан қувониб айтиб турса, бу ҳалол ва фидойи меҳнатга ҳавас ҳам, ҳайрат ҳам муносиб.

- Узумзор, олмазордан келадиган даромад ҳам анча бордир-а? – қизиқдим.

- Бунинг ҳисобини ёшулли билади, у кишидан ўтиб бир нарса дея олмайман, - дейди Pамиза опа камтарлик билан.

- Ўзимизга ҳам, бозорга олиб чиқишга ҳам етиб-ортади. Фақат эртаги помидорнинг ўзидан 2 сотих ердан 1,5 тонна ҳосил йиғиш ниятимиз бор. Иссиқхона хўжалигимиз янги бўлгани учун қишда ҳосил етиштириш имкони бўлмади. Лекин тайёр помидор кўчатларини Тошкентдан олиб келиб ўтқаздик. Pамиза опангизнинг ва ўғлим Амирбекнинг меҳнати билан помидор ниҳоллари ёппасига гулга кирди. Худо хоҳласа, май ойининг ўрталарига биринчи ҳосилни йиғишни бошлаймиз. Ҳозир Манғит бозорида помидорнинг килоси -5-6 минг сўм. Бизнинг помидор пишиб-етилган пайтда 3-3,5 минг сўм атрофида бўлади. Pамиза опангизнинг ҳисоб-китобида хатолик бўлмайди. Опангиз бозорни яхши ўрганган деҳқон. Энди 1,5 тонна помидорни сотишдан келадиган даромадни ўзингиз ҳисоблаб чиқаверинг.

Pамиза опанинг 2 сотих ердаги фақат бир бўлмадан, кафтдек ернинг учдан бир қисмидан оладиган даромадини ўзимча ҳисобладим – 4,5-5 миллион сўм атрофида! Қолган иккита бўлмадаги турли хил кўчатлардан олинадиган даромад-чи?

- Энди буниси сир, - дейди Pамиза опа кулиб.- Айрим кўчатларнинг бир тупини 400-500 сўмдан сотамиз, айрим турларини 300 сўмдан, дегандай.

Ваҳоланки, иссиқхонада майда қутичаларда ўстирилаётган неча юзлаб, балки минглаб кўчатлар бор, албатта, уларнинг саноғига етиш қийин.

Кўрганларим, кузатганларим – меҳнатнинг қадрини баланд тутган оддий бир деҳқон аёлнинг ўғли Амирбек  ва жияни Темурбекни ёнига олиб бир парча ерда бўстон яратишга интилиб яшаётган лаҳзалари олтинга тенг ҳаётининг биргина лавҳаси. Бу лавҳада катта мақсад сари улуғвор қадам бор, эртанги кунга қатъий ишонч бор. Ўз меҳнати ила яралаётган гўзалликка орзумандлик мужассам. Яна, ҳалол ва фидойи меҳнатнинг ширин, тотли нони билан азиз тўкинлик, тўкинликдан яралган ободлик, ЎЗГАPИШ бор унда!

ЎЗГАPИШ. Мустақил мамлакатимизга хос улуғвор ЎЗГАPИШлар – тўкинлик, фаровонлик ва ободлик энг аввало оила остонасидан – томорқадаги иқтисодий ўсиш, янгиликдан бошланади. Буни муҳтарам Президентимиз Мустақилликнинг илк кунлариданоқ эътироф этганлар, қимматли фикрининг амалий исботи учун томорқа хўжалигини ривожлантиришнинг асосий тамойилларидан энг муҳими иссиқхоналар барпо этишга киришиш эканлигини таъкидлаганлар.

Ерим, мулким деган ҳар бир деҳқон ер эгаси – мулкдор бўлди, кафтдайгина томорқаси ортидан бой-бадавлат бўлди.

Шу ҳақда ўйларканман, 16-20 сотих ери бор айрим юртдошларимизнинг томорқасига беда ёки хашакбоп ўт экишдан нарига ўтмай, даромад излаб чет давлатларга чиқиб, саргардон кезиб, бири икки бўлмай кайтаётганлари, ҳатто фирибгарлар томонидан алданиб одам савдоси қурбонига айланиб, қолаётганларига ачиниб кетаман. Ахир мўл-кўл даромад топишнинг манбалари ўз уйимиз, оиламиз остонасида - томорқа еримизда ҳам бисёр экин-ку. Мана, Pамиза опа Матқурбоновага ўхшаган режали, тадбирли уй бекалари рўзғор юмушларидан ортиб, ерга – томорқага меҳр қўйди, оила кам-кўстини тўғрилашнинг, фаровон ва обод турмуш кечиришнинг уддасидан чиқди. Қандини урсин! Оиланинг ҳар бир аъзоси учун молиявий муаммо йўқ. Мол-ҳоли, курка-ю товуғи, тухуми-ю дон-дуни, мева-ю сабзавоти бисёр хонадонда ҳар куни бир ўзгариш – қимматбаҳо гиламлар, маиший ускуналар.

Ҳаётидан, меҳнат кунларидан мамнун, кўнгли тўқ инсонларгина яхши ниятлар қилишади. Яхши ният - ярим давлат, дейдилар. Бу хонадонда ана шундай давлатмандликни кўрдик биз.

 


Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

журналист.

Янгиликни бўлишинг: