ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ ЎЗАРО МУЛОҚОТ ТАРЗИДА БЎЛИБ ЎТДИ
Мамлакат тараққиёти, жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши шу давлат томонидан ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътиборга боғлиқ. Шунга кўра Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлантирилди.
Шу кунларда мамлакатимиз Президентининг ўтган йилги ёшлар форумида иштирок этиб, ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун имконият яратиш, талаб ва истакларини ўрганиш, уларга кўмак бериш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ёшлар билан учрашувлар ташкиллаштирилиб, муаммолари, таклиф ва истаклари ўрганилмоқда.
Ёшлар ҳаёти билан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этилишига кўмаклашиш, Президентимиз томонидан “Ёшлар форуми”да белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тумандаги 82-сонли мактабда туман ҳокимининг ёшлар билан учрашуви ташкиллаштирилди. Учрашувда секторлар масъуллари, Президентнинг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Жасур Давлетов, тумандаги корхона-ташкилотлар раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда туман ёшлари иштирок этдилар.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ушбу учрашувда дастлаб мамлакатимизда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, чексиз имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб билим олишга, шижоат билан олға интилишга ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилди. Ундан ташқари, “Эришган ютуқларимиз ўзимизники, биз хато ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак!” - деган фикрни ҳаётий шиор қилиб олиш кераклигини таъкидлади. Катта ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига намуна бўлиб келаётган, билимга чанқоқ, изланувчан туманимиз ёшлари ҳақида ҳам ўзининг самимий фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлаш, ёшларни маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари тўгараклари ҳамда спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларга жалб этиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, ишсиз ёшларнинг бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ёшлар билан очиқ мулоқотга киришди ва туман ёшлари ўзларининг саволлари, таклифлар ҳамда муаммолари билан туман ҳокимига мурожаат қилишди. Ёшлар асосан бандликни таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишда кўмак бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар. Учрашув давомида туман ҳокимига ёшлардан 9 нафари ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишда кўмак сўраб, мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг 4 тасига тушунтириш ва тавсиялар берилиб, жойида қаноатлантирилди. Муддат талаб этилувчи мурожаатларни ўрганиб, ҳал этиш юзасидан туман ҳокими соҳа мутасаддиларига топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Учрашув якунида ёшлар томонидан билдирилган савол ва таклифларга атрофлича, батафсил жавоблар берилиб, амалий ва ижобий натижалар кўрилиши бўйича режалар тузилди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶