"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори тобора юксалмоқда

ЎзА, Нодира Манзурова, Бобур Обидов, Сайёра Шоева, Ирода Умарова, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев, Отабек Мирсоатов, Алишер Исроилов (сурат), 05.06.2014 21:28

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган "Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари пойтахтимиз, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида бўлиб, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар, юртдошларимиз билан суҳбатлашдилар.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни кенгайтириш, фермерлик ҳаракатини ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз тарихан қисқа даврда озиқ-овқат мустақиллигига эришди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 31 октябрда қабул қилинган "2012-2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини ривожлантиришни ва бошқарувини ташкиллаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори озиқ-овқат саноатининг изчил тараққий этишида муҳим дастуруламал бўлмоқда.

Халқаро конференция иштирокчилари Тошкент шаҳридаги "Gold Dried Fruits” масъулияти чекланган жамияти, "Green World” Ўзбекистон-АҚШ-Жанубий Корея, "Lazzat Karamel” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхоналарида бўлиб, озиқ-овқат саноати соҳасида эришилаётган ютуқлар билан танишди.

2013 йилда ташкил этилган "Gold Dried Fruits” корхонаси қуритилган сабзавот маҳсулотлари ва зираворлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона бир кунда 120 тонна ҳосилни қайта ишлаш қувватига эга. Маҳсулотларнинг 90 фоизи экспорт қилинмоқда.

"Ўзбекистон иқтисодиётнинг барча соҳаларида изчил ривожланаётган мамлакат, – дейди Атроф-муҳитни ўрганиш институти директори, профессор Майкл Эдельштейн (АҚШ). – Мамлакатингизга ҳар гал келганимда улкан ўзгаришларнинг, барча соҳада қўлга киритилаётган янги-янги ютуқларнинг гувоҳи бўламан. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бу жиҳатдан Тошкентда ўтказилаётган халқаро конференция ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон кўркам боғ-роғлари, ширин-шакар мевалари билан дунёга машҳур. Қуёш нурига тўйинган бундай мазали меваларни бошқа ҳеч қайси мамлакатда учратмаганман”.

Чет эл инвесторларининг мамлакатимизга сармоя киритишга қизиқиши тобора ошмоқда. Буни мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларидаги қатор сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этаётган хориж компаниялари мисолида ҳам кўриш мумкин. Пойтахтимиздаги "Green World” Ўзбекистон-АҚШ-Жанубий Корея қўшма корхонаси ана шундай муассасалардан.

Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан турли шарбатлар, мураббо, шинни ва консерваланган тузламалар тайёрланади. Бежирим қадоқланаётган мева шарбатлари юқори сифати, хуштаъм ва табиийлиги билан ажралиб туради.

"Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистонда ҳар соҳа, жумладан, озиқ-овқат саноати изчил тараққий этаётганининг гувоҳи бўлдик, – дейди Кордоба вилоятининг Фермерлар уюшмаси президенти, Ишбилармонлар палатаси раиси Игнасио Фернандес де МЕСА (Испания). – Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори тобора юксалмоқда. Бу мамлакатингизда бозор иқтисодиётига оид ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш натижасида қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг халқаро ҳамжамият, хусусан, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки каби кўплаб йирик молия муассасалари томонидан эътироф этилишида ўз ифодасини топмоқда. Конференция иштирокчилари учун уюштирилган бизнес-учрашувлар, қатор корхоналар фаолияти билан танишув мамлакатингиз иқтисодий салоҳияти ҳақида бой тасаввурга эга бўлиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, улардан тайёрланаётган шарбатлар юқори сифати, хуштаъмлиги ва табиийлиги билан ҳавасимизни тортди. Меваларнинг бу қадар кўплиги, турларининг хилма-хиллиги, бир-биридан мазалилиги бизни лол қолдирди. Ўзбекистонлик ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз”.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотлари орасида "Lazzat Karamel” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланаётган 30 турдаги ширинликлар истеъмолчиларга маъқул келаётир. "Lazzat Karamel” йилига тўрт минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

"Ташкилотимиз Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётир, – дейди Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раисининг ўринбосари Халед Муҳаммад Ал-Абудий. – Ўзбекистондаги корхоналарнинг фаолияти йил сайин такомиллашиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайиб, сифати тобора ошиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. "Асака”, "Asia Alliance” каби ўнга яқин банклар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Шу пайтгача кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир, хусусан, Ўзбекистондаги 172 корхонани молиялаштиришга оид кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширдик. Келгусида қўшма лойиҳаларимиз қамрови янада кенгаяди, деган умиддаман. Мамлакат иқтисодиётини тараққий эттириш борасида Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ”.

Меҳмонлар Тошкентдаги "Фарҳод” деҳқон бозорида ҳам бўлдилар.

"Компаниямиз озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади, – дейди "OTTO Young Heung Groceries” компанияси президенти Сео Хюн Су (Жанубий Корея). – Конференция доирасида пойтахтингиздаги қуритилган сабзавотлар, турли шарбатлар, консерваланган маҳсулотлар ва ширинликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор корхоналарда бўлиб, маҳсулот тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишдим. Ўзбекистон бозорлари ўзининг бетакрор жозибаси, тўкинлиги билан довруқ қозонган. "Фарҳод” деҳқон бозоридаги файзу баракани кўриб, дилим яйради. Конференция доирасида "Green World” ва "Arktika Bottlers” корхоналари маҳсулотларини сотиб олиш бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатиш ниятидаман”.

Хорижлик меҳмонлар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар билан танишди.

Мазкур маҳаллада ижтимоий-маданий, маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари пухта ишлаб чиқилган режа, замонавий меъморлик лойиҳалари асосида қурилган. Маҳалла гузарида қад ростлаган супермаркет, нон цехи аҳолининг эҳтиёжларига мос фаолият кўрсатмоқда.

"Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қурилаётган янги уй-жойлар лойиҳалари пишиқ ва ҳар томонлама қулай эканига ишонч ҳосил қилдик, – дейди "Plantrees” компаниясининг савдо бўйича директори Каролин Ламбер хоним (Бельгия). – Лойиҳада оила аъзоларининг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Хонадонлар газ, электр энергияси, ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган, ҳудудда мини-маркетлар фаолияти йўлга қўйилган. Нон цехида тайёрланаётган эллик турдаги нон маҳсулотларидан татиб кўрдик. Кенг, батартиб, файзли кўчалар, ҳовлиларда яшнаб турган дарахтлар, гулларнинг тароватидан баҳри-дилингиз очилади. Мамлакатингиздаги тинчлик, ободлик ва фаровонликка ҳавасим келди”.

"Тошкент боғ-роғлари” масъулияти чекланган жамиятида нок, олма ва олхўри етиштирилмоқда. 50 гектарда жойлашган интенсив боғдан ўтган йили дастлабки ҳосил олинди.

"Ўзбекистон мева-сабзавот ва узум етиштириш бўйича дунёнинг кўплаб давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди, – дейди "DISYS” компанияси бош ижрочи директори Ким Ки Хванг (Жанубий Корея). – Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида анча илгарилаб кетганидан далолатдир. Корхонамиз фермер хўжаликларига мобиль телефон ёрдамида иссиқхоналарни назорат қилишга мўлжалланган технологияларни тақдим этади. Юртингизда фермерларга яратилаётган имтиёзларни ҳисобга олсак, бу технологиянинг соҳага татбиқ этилиши мулкдорларни ахборот технологиялари билан таъминлаш имконини беради”.

"Ўзбекистонда сабзавотларни қадоқлаш бўйича илғор тажриба тўпланган, – дейди "Junction Xervices” компанияси ижрочи директори Дар Яп хоним (Сингапур). – Консервантлар ва кимёвий қўшимчаларсиз тузланган бодринг таъми оғзимда қолди. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати ривожлангани ҳақида эшитганман. Қайта ишлашнинг бунчалик юксалгани ҳақида билмас эдим. Бу ерда фаолият юритаётган ёшларнинг ғайрати, корхонадаги тозалик, санитария меъёрларини кўриб ҳайратда қолдим”.

Халқаро конференция иштирокчилари Зангиота туманидаги "Master Delikatesov” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур корхона колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

"Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, бозорлардаги тўкин-сочинликка ҳавасим келди, – дейди "Путра” университетининг муҳандислик факультети декани, профессор Азмий бин Дато Яҳё (Малайзия). – Ҳозир кўплаб давлатларда нотинчликлар, озиқ-овқат тақчиллиги юз бермоқда. Нарх-навони кузатиб, ўзимизники билан таққослаб кўрдик. Нархлар жуда арзон. Энг муҳими, маҳсулотларнинг барчаси экологик соф ва табиий. Бундай тўкинлик, арзончилик, мўл-кўлчиликка шукр қилиш, унинг қадрига етиш зарур”.

Халқаро анжуман иштирокчиларининг бир гуруҳи Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Самарқанд туманидаги "Оҳалик олтин боғи меваси” фермер хўжалигида 680 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилган. Бу ерда йилига 10 минг тонна мева етиштирилмоқда. 2013 йилда 3 миллион доллар миқдорида даромад олинган. Хўжаликда етиштирилаётган меванинг 2,5 минг тоннаси қайта ишланиб, ўнга яқин мамлакатга экспорт қилинмоқда.

"Ушбу фермер хўжалигида интенсив технология асосида яратилган боғлар менда катта таассурот қолдирди, – дейди Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича уюшманинг лойиҳа раҳбари Паулина МОP хоним (Германия). – Мевалар таъми ва хуш бўйи билан алоҳида ажралиб турибди. Экинларни томчилаб суғориш усули ҳам ўзига хос. Боғдорчиликка ихтисослашган Германиянинг кўплаб компаниялари Ўзбекистон билан мазкур йўналишда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистонда етиштириладиган барча турдаги мевалар, жумладан, қуруқ мевалар жаҳон бозорида юксак қадрланади”.

2002 йилда ташкил этилган "Агромир Самарқанд” қўшма корхонаси нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатлар бозорида ҳам ўз харидорига эга. Корхонада мева-сабзавотлардан консерваланган маҳсулотлар, мева шарбатлари ва нектарлар ишлаб чиқарилади. Улар қатор мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

"Ушбу қўшма корхона фаолияти билан танишиб, ўзим учун катта тажриба орттирдим, – дейди "Great Lakes Agro Energy” компаниясининг бош технологи Жон Марк Хакни (АҚШ). – Бу ерда илғор технологиялар ва халқаро андозалар асосида ишлаб чиқарилаётган турли шарбатлар ва консерва маҳсулотларининг таъми оғизда қолади. Мазкур корхонада ўрганганларимни, орттирган тажрибамни компаниямизда қўллаш ниятидаман. Компаниямиз мамлакатингиз билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор”.

Меҳмонлар Самарқанддаги Pегистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий обидаларни катта қизиқиш билан томоша қилди, шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Янгиликни бўлишинг: