"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

Хазина калитини тутган пиллакор оила

Пиллачиликни етти хазинанинг бири, дейишади. Шунданми, бу соҳанинг сир-синоати билан яшаб келаётган инсонлар пиллачилик билан боғлиқ мавсум ишларини соғиниб яшайдилар.

- Ўтган асрнинг 58-йилида раҳматлик Халилла бувангиз билан турмуш қурганмиз, – дейди Хитой қишлоғилик 72 ёшли пиллакор онахон Ойимгул эна Машарипова. – Ўша йилиёқ ипак қурти парваришлашни бошлаганман. Ҳисоблаб қарасам, бу йил пиллачи бўлганимга 56 йил тўлибди-я! Умрнинг ўтганини қаранг-а!

Колхозда оддий тракторчи бўлиб ишлайдиган раҳматлик Халилла Машарипов ва Ойимгул Машариповалар жуда оғир шароитларда ипак қурти парваришладилар. Бир вақтнинг ўзида 4-5 гектар ердаги ғўза яганаси, ўтоқ қилишдек машаққатли ишлар орасида 2-3 қути ипак қуртини парваришлаб, 120-150 килолаб юқори сифатли пилла ҳосили олишарди.

Ойимгул энанинг фарзандлари ҳам бири-биридан меҳнаткаш. Айниқса, келинларининг чаққонлигини айтмайсизми. Ипак қурти боқиш учун мўлжалланган кўтарма сўриларни ҳам пиллачи Ойимгул энанинг келинлари ўз қўллари билан қуришган.

- Пиллачилик – хазина, - десам болаларим қандай хазина, - дейишарди. Хазинаки, калити меҳнатда, меҳнатнинг тагидаги роҳат-фароғатда! 11 нафар фарзандим уйли-жойлибўлиб, ўзларидан тиниб-тинчиб кетишди. Ипак қуртидай, ипакдай эшилдим-а!

Момо қувонч билан сўзлаганича бор. 11 нафар фарзанди билан 56 йил ипак қурти парваришлаб, "ипакдай эшилган” момонинг катта хонадонидан илдиз отиб, мустақил оила бўлган ўғил-қизлари бугун бир маҳалла аҳлидай гўё. 70 дан ортиқ невара-чевараларга келинлари-ю куёвларини ҳам қўшиб ҳисобласак. 100 нафарга етади-ёв!

- Ана шулар-да, хазинанинг калитлари! – дейди момо қувонч билан.

Мавсумда бир қути ипак қурти уруғидан 80 кило пилла топширишни мўлжаллаб турган Ойимгул эна ҳамон бардам-бақувват. Келини Манзурахон қуртхонага бир марта кирса, момо икки-уч марта кириб, ипак қуртларининг ривожланиш жараёнини кузатади.

- Энамиз пиллачилик илмининг билимдони бўлиб кетганлар, - дейишади келинлари.

- Пилланинг сифати, ипакчанлиги ипак қуртининг қандай озиқланганлигига боғлиқда, - дейди момо. - Мен олимларнинг тилини билмайман-у лекин шу жониворнинг тилини ҳам, табиатини ҳам яхши биламан. Агар ипак қуртига даста вақтида қўйилмаса, бир ой қилган меҳнатингиз бир пул. Пилла ўрайман, деб турган жонивор ипак сочиш учун даста (жой) излаб-излаб охири мирғизи тўкиб ташлайди.

- Бу нима дегани, момо? – қизиқдик.

- Пиллачи олимлар нима дейишини билмайман-у, ипак қурти маълум ҳарорат ичида пилла ўрашни бошлайдиган пайтда уни ўзига тортувчи хушбўй даста қўйилмаса, ипак қурти ўз вазифасини унутиб, ғумбакка айланиб қолади, яъни пилла ўрамайди, айнийди ва ҳосил барбод бўлади.

Аслида момонинг фикрлари ҳеч бир мутахассисникидан кам эмасди. Шунинг учун 72 ёшида ҳам Ойимгул эна келинларига бош бўлиб, "пиллачилик ҳам бир хазина, атласим, шойим менинг”, - деб шу хазина калитини қўлида тутиб, бардам-бақувват, югуриб-елиб қуртхонадан бери келмайди. Биз эса момонинг пилла хирмонига барака тилаб, хайрлашдик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

М.ШОМУPОДОВ олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: