"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ТАДБИPКОPЛИКДАН ЗИЙНАТЛАНГАН ОИЛА

Инсоннинг ўзи учун қалб ардоғига айланган туйғулари кўп. Умрини эзгу орзулар билан хайрли ташвишлар оғушида ўтказиш, ҳаёт йўлларида ҳеч бўлмаганда ҳар куни бир ўзгариш ясашга интилиб яшаш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ширин орзулар қилиш бошқа, уни ўз ҳаёт мезонига айлантириб, орзулар рўёбидан завқ олиб, ўзгаларга ҳам яхшилик ва завқ улашиб яшаш бошқа. Менинг бугунги қаҳрамоним – "тошёп”лик тадбиркор Амина Шомуродова ўзи учун энг азиз туйғу – ширин орзулари оғушида улғайиб, хайрли ишлари билан ҳамқишлоқлари, туманимиз халқининг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган аёллардан.

Амина улғайган оилавий муҳит уни ҳаётга зийраклик ва теран назар билан боқиб, замон талабларига муносиб хулосалар чиқариб яшашга ўргатди. Умрини деҳқончилик маданиятини юксалтириш, томорқа хўжалигидан мўл-кўл даромад олиш манбаларини яратиш, фарзандларига деҳқончилик илмини ўргатишга бағишлаб яшаган отаси Қурбонбой бобо 8 нафар фарзандини атрофига жамлаб, доим бир гапни такрорларди:

- Болаларим, меҳнат одамнинг чиройини очади, умрига зеб беради. Меҳнатнинг ширин нонидан танингиз соғ, атрофингиз гулбоғ бўлади, асло меҳнатдан қочманглар.

- Отамнинг ўгитлари кўп бўларди, - мамнуният билан хотирлайди Амина. – "Пул, бойлик бевафо бўлади, – дердилар доим. – Ҳаддан ташқари бойликка ўч бўлиш – умрни кирлантиради. Пул қўлнинг эмас, умрнинг ҳам кири, болаларим. Қўл кирини ювса, кетади. Бойлик умрни кирлантирса – ёмон. Бойлигинг жуда ошиб-тошса – хайр-эҳсон қил, енгил тортасан, эл дуосини олиб, завқланасан...

Оиладаги бундай маънавий тарбия онлари фарзандларни эл корига камарбаста инсонлар сифатида шакллантирди. Ака-опаларига ўхшаб олийгоҳ талабаси бўлишни дилига туккан Амина ўрта мактабни энди тугатаётганида оила бошига оғир мусибат тушди. Меҳрибон онасидан бемаврид жудо бўлган ўғил-қизларига ота-оналик қилиш Қурбонбой отани чарчатиб қўйганида оиланинг залворли юкига елка тутган Аминажон бўлди. У ҳам мактабда аъло ўқишга, ҳам отасининг ёнида томорқада ишлашга вақт топди. Ҳатто рўзғордаги етишмовчиликлар сабаб қўни-қўшнининг оила эҳтиёжидан ортган сут маҳсулотларини шаҳарликларга олиб бориб сотишга, оила иқтисодини кўтаришда отасига кўмакдош бўлишга интилди. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаб, Самарқанд архитектура ва қурилиш-муҳандислик институтига ўқишга кирди. Табиатан тиришқоқ ва интилувчан бўлган Амина талабалик давридаёқ, ўз моддий эҳтиёжларини ҳисобга олиб, ўқишдан бўш вақтларида болалар учун пайпоқчалар, нимчалар, чиройли жемперлар тўқиди. Унинг қўлида жило топган бундай кийим-кечакларнинг харидорлари эса доим курсдош дўстлари бўлишарди. Амина Шомуродованинг тадбиркорлик қобилияти ўша олис талабалик йилларида шаклланган бўлса не ажаб!

Институтни тугатиб 1996-98 йилларда туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси сифатида фаолият олиб борган Амина ўзини тадбиркорлик соҳасида синаб кўрмоқчи бўлди.

- Мени бу соҳага қизиқтирган устозим рус миллатига мансуб тадбиркор аёл, Нукус шаҳридаги "Тамара” қандолатчилик фирмаси директори Лариса Витальевна бўлди, - дейди илк тадбиркорлик фаолияти ҳақида. – Ўша пайтда, 1998 йилда Ларисахоним Қорақалпоғистон Pеспубликаси рус маданияти маркази раиси ҳам эди. Мени фирма иш юритувчиси сифатида ишга олди ва шу соҳа сирларини эринмай ўргатди.

"Тамара” қандолатчилик фирмасида 16 йил давомида иш юритувчи вазифасида фаолият олиб борган Амина Шомуродова учун бу йиллар тадбиркорлик соҳасида чинакам тобланиш мактаби бўлди. Ларисахонимнинг тавсияси билан ўзининг якка тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди.

Асли касби ҳайдовчи бўлган "тошёп”лик Ўктамбой Боботоев билан қурган аҳил оиласида тўрт нафар ўғил-қиз вояга етмоқда. Фарзандлар улғайган сари ташвишлари ҳам улғайдими ёки тадбиркорлик соҳасига иштиёқ баландлигиданми 2009 йилда Амина қандолатчилик маҳсулотлари савдосини ривожлантириш мақсадида ўз бизнес-режасини ишлаб чиқди ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Бугунги кунда "Манғит - Файз” оилавий корхонаси ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлари билан ўз мижозларига эга иқтисодий бақувват оилавий корхоналардан бирига айланди.

"Хайрли ишга эл хайрихоҳ”, - деб бежиз айтишмаган. Амина ва Ўктамбой хайрли, эзгу ишлари билан ҳамиша эл олқишига сазовор.

Ҳисоб-китобда уддабурон корхона иш юритувчиси Ўктамбой ҳам, ҳар бир ишни пухта режа асосида олиб борувчи Аминажон ҳам яхшилик ва хайрли ишлар йўлида тўкилиб туришлариданми, корхона офиси ҳам, савдо шохобчалари ҳам ҳамиша мижозлар билан гавжум. Кимдир тўйга кам харжроқ бўлиб турганидан, яна кимдир фарзандини, ота-онасини даволатишга қийналиб қолганидан "Манғит - Файз” оилавий корхонаси эшигидан қисиниб-қимтиниб кириб келишади. Ўктамбой ҳам, Аминажон ҳам асло "йўқ”ни айтмайди. Ёрдам – беминнат. Ўртада – инсонийлик, меҳр-мурувват бўй тиклайди. Эшикдан қисиниб-қимтиниб, қаддиэгилиб кириб келган ҳожатманд кетарида бошини кўтариб, қаддини тик тутиб, қувониб-қувониб, миннатдорлик туйғулари оғушида чиқиб кетади. Муҳтожнинг кўнгли тоғ, унинг кўнглига йўл топган Аминажон билан Ўктамбойнинг қадри баланд. Ана шудир – инсон орзуларининг умрга зийнат бергани! Шудир – яхшилик деб аталган ўзбекона фазилат – ўзбек феъли!

"Манғит - Файз” оилавий корхонаси фаолиятида бундай яхшилик томон ҳар куни бир қадам қўйилади. Оиланинг энг яқин қариндоши вафот этди, 3 нафар норасида гўдак етим қолди. Қариндошни бегона қилиш – номардлик. Амина билан Ўктамбой 3 нафар етимни ўзларининг 4 фарзанди қатори тарбиясига олишди. Оқ ювиб-оқ тараб, вояга етказишди. Улғайгач, бири коллеж талабаси, икки нафар бинойидай бир корхона ишчилари бўлишган болалар оила, ота-она тарбиясини олиб, аста-секин элга қўшилаётганидан барча мамнун. Яна бир биринчигуруҳ ногирон қариндоши ҳам "Манғит - Файз” корхонасининг меҳр-мурувватидан ҳамиша баҳраманд. "Тошёп” овулидаги 5-сонли мактабда ўтказиладиган турли хил тадбирларга ҳомийлик қилиб келаётган "Манғит - Файз” оилавий корхонасининг тадбиркорлик соҳасида ўз иқтисодий мезонлари бор. Ички бозорни барқарор ривожлантириш ва харидоргир, сифатли маҳсулотлар савдосини ташкил этишда ўз тажрибаси ва услубига эга корхонанинг банкка нақд пул тушумида ҳам ҳиссаси катта. Ойига 15 миллион сўмлик нақд пул тушумини таъминлашни режалаштирган корхона маъмурияти бу режани 20 миллион сўм атрофида уддалашга эришмоқда.

"Тошёп” овулида эса "Манғит - Файз” оилавий корхонасининг ҳомийлик хизматидан мамнун кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, меҳнатга лаёқатсиз биринчи гуруҳ ногиронларига беминнат ёрдам қўлини чўзаётган Аминажон ва Ўктамбойнинг хонадони ҳамиша яхшилар ташрифидан обод. Чунки ички бозорни ривожлантириш, банкда нақд пул айланмасини таъминлашга ҳисса қўшиш, халқимизга сифатли қандолатчилик маҳсулотлари етказиб беришдаги беминнат хизматлари учун туман ҳокимининг ташаккурномасини олишга сазовор бўлган корхонада эса ҳамжиҳатлик ҳоким. Уч нафар одамни иш билан таъминлаб, ўз оиласи иқтисодини ҳавас қиларли даражага кўтара олган тадбиркор оилада барчанинг ўз бажарадиган иши, орзу-интилишларининг борлиги эса ҳавасларга лойиқ.

"Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”, деб бежизга айтишмаган ота-боболаримиз. Тадбиркорликни ҳам чидаганга чиқарган, - дейишларида эса олам жаҳон ҳикмат бор. "Манғит - Файз” оилавий корхонаси раҳбари Аминажон Шомуродова ва иш юритувчи Ўктамбой Боботоевлар ўз умр йўлларини тадбиркорликнинг ширин мевалари билан зийнатлаб, фидойи меҳнатлари эвазига етишган файзга тўла обод ва фаровон турмушларидан чеҳралари гул-гун.

- Фарзандларимизга атаб намунавий уй-жойлардан бирини олиш учун шартнома туздик, - дейди Ўктамбой. – Ўзимизнинг иморатимиз қуриладиган ҳудудда оилавий корхонамизнинг филиалини очиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. шундай қилсак, яна бир-икки нафар киши иш билан таъминланади.

Албатта, "Манғит - Файз” оилавий корхонасида яна ўсиш, ўзгариш, ривожланиш бўлади, муҳими, филиал очишса, ҳудуд аҳолисининг мушкули осонлашади, тоза, сифатли озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари билан таъминланади. Аминажон билан Ўктамбой эса...

Улар тиним билмай ишлашади. Корхона ихтиёридаги "Форд” русумли микроавтобуси билан эл-юрт оғирини енгил қилиб халқ хизматига ҳамиша камарбаста бўлиб яшашдан асло чарчамайдилар.

Бу ҳаётнинг энг оддий фалсафаси ҳам ўзинг учун гўзал турмуш тарзини яратиб, ўзгаларга яхшиликлар улашиб яшаш эмасми, азизлар! Буни биз "Манғит - Файз” оилавий корхонасида, унинг элга берган файзида, яхшиликларида кўрдик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: