"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ТАҚИНЧОҚЛАP - ЎЗЛИГИМИЗ ОЙНАСИ

Қиз бола борки, турли хил зираг-у билагузуклар, тилла занжир ҳамда узуклар тақиб олиб, гулдай очилиб юришни ёқтиради, ўзбек қизи мана шундай гўзаллиги, хулқи-одоби билан бошқа миллат қизларидан ажралиб туради, назокати, нафосати ҳам ўзгача. Аммо, мана шу нафосатга раҳна солаётган бир ёв бор - бу ноанъанавий, жимжимадор тақинчоқлардир. Ҳозирда бундай тақинчоқларнинг тури кундан-кунга ортиб бормоқда. Қизиғи шундаки бундай тақинчоқларнинг ҳаммаси ҳам тилла эмас. Икки-уч кунда ўз рангини йўқотадиган сифатсиз. Тўғри, олтин тақинчоқлар инсон организми фаолиятини яхшилайди, буни тиббиёт тасдиқлайди. Лекин юқорида айтганимиздек каучук ва металлдан тайёрланганларичи? Унинг фойдаси борми? Албатта йўқ, бу нафақат моддий зарар балки маънан ҳам зиёндир. Бунинг билан мен бундай тақинчоқларни бутунлай қораламоқчи эмасман. Чунки уларнинг орасида ихчам ҳамда бежиримлари ҳам бор. Ҳамманинг ҳам тилла тақишга қурби етмайди, "беш қўл баробар эмас”. Бундай ҳолларда қизлар ота-онанинг бўйнига, "дугонам ундай зирак тақибди”, "фалончи бундай узук тақибди” деб осилиб олиши бу – маънавий қашшоқлик белгисидир. Бундай фарзанд на ота-онани рози қила олади, на Ватанга манфаат келтира олади. Шуни биламанки, оқила қиз асло бундай йўл тутмайди. Аммо бизнинг ёшлар, яъни тенгқурларим ёппасига зеб-зийнатга ўч бўлиб бораяптилар. Зуҳролар, Кумушбибилар фақат эртакда қолиб кетяпти... Йўлларда, жамоат жойларида кетаётсанг ортиқча ясан-тусанга берилган қизларга қўзинг тушади. Айримларида бир қарич келгулик зираклар, яна бирида айланаси билагузукдан ҳам каттароқ хиллари... Ачиниб кетасан киши. Икки-уч қатор қилиб тешилган қулоғига куясанми,ёки бурнига тақиб олганларигами? Бу кўриниш орқали кимга ёқмоқчимиз ўзи? Ўйлайманки бу ҳолатдаги қизни кўрган ҳар қандай "оқ отли шаҳзода” орқасига қарамай қочади. Ҳақиқатдан ҳам, тор шимда ёки мини юбкада юриб ўзини кўз-кўз қилаётган қиздан нима кутиш мумкин? Муқаддас ислом динимизда ҳам бундай ҳолатлар қаттиқ қораланади.

Азиз дугоналарим! Жон опа-сингилларим! Сиз юқоридагидек ўта нақшинкор ва сохта гўзалликларсиз ҳам табиий гўзалсиз. Жамолингиз ой билан талашади. Аммо одобингиз, ички дунёнгиз ҳам шунга яраша бўлиши керак. Унутманг, биз ўзбек қизларимиз, бизнинг томиримизда буюкларнинг қони бор, момоларимиз ҳалол ва покиза яшаб ўтишган. Шундай экан, бизга ҳавасланиб боққан нигоҳлар бизни боримизча севсин...

Азиза МАДPАҲИМОВА.

Янгиликни бўлишинг: