"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9510.99 +15.32
  • 1 EUR = 10476.4 +11.00
  • 1 RUB = 147.79 -1.74

ҚАЙНОНАНИНГ ДИЛ САНДИҒИ ОЧИЛГАНДА

Келиннинг тили – шайтоннинг қўли(ми?)

Беш қиздан кейин кўргани – ёлғиз ўғлини уйлантирган Гулсаранинг оғзи қулоғида.

Келини ўтирса ҳам, турса ҳам бўйига қараб тўймайди. Қизлари-ку беш қиз эдик, энди олтов бўлдик, дейишди бағирлари тўлиб. Тез-тез келишади, қувончдан яйраб-яшнаб, очилиб-сочилиб ўтиришади.

Бугун ҳам ўйлашиб олишгандай, беш қизи ҳам жам бўлишди. Она хурсанд, ука мамнун, оиланинг бағри тўлди-қолди. Келин эса...

Опаларининг олдига ҳадеганда чой-нон қўйилавермади. Ука ноқулайликдан ошхонага ўтди.

- Опаларингиз тез-тез келавершади, тўрга чиқиб, ялпайиб ўтириб олишади, энам ҳам уларни ўлардай яхши кўради, минғирлади бир ойлик келин.

Ука ичидан зил кетди, сездирмади:

- Гапни қўй, дастурхонни яхшилаб тузат, - деди.

- Мен хизматкорманми, ошхонадан чиқмайман.

Келин гапирмади, гўё милтиқдай отилди. Унинг бу гапини сув ичгани кирган қайнона эшитди, индамай орқасига бурилди. Келин то нон-чой кўтариб киргунича бешта қайнопа кетиб улгурган эди. Улар оналарига ҳеч нарса демадилар. Лекин қайнона – она, сезди. Бироқ қизлари ақлли эдилар, кулиб-ўйнаб хайр-хўш қилдилар.

Икки кун ўтиб, келин опасиникига меҳмонга кетди. Қайтиб келганида қовоғи очилмади. Ҳатто йиғидан кўзлари қизариб кетганди.

- Ҳа, болам, тобинг йўқми, ота-онанг тинчми? – Келиннинг кўнглини сўради қайнона.

- Йўқ, яхшиман, ота-онам ҳам яхшилар.

- Унда нимага йиғладинг?

- Худди мен уларнинг нарсасига зордай, - пиқиллаб йиғлади келин, - борсам, ота-онам учун бораман. Чечамни айтаман-да, доим шундай қилади.

- Нима қилди? – кулди Гулсара қайнона.

- Овқатни ўзинг пишир, ишим кўп, деди. Яхшилаб дастурхон ҳам ёзмади. Акам ҳам унинг тарафини олди.

- Онанг-чи?

- Онам ҳеч нарса демади.

- Кўрдингми, қизим. Опанг ҳамиша яхшилик йўлини танлайди. Ҳаммамиз шунақамиз. Келиннинг тили – шайтоннинг қўли, болам. Шайтон аралашдими, уй тугул давлатларнинг ҳам тинчи бузилади, эсингда бўлсин. Тилинг эмас, ҳар гал ақлинг сўзласин.

Келиннинг бир қилиғи ортиқ бўлса...

Саодат момога невараси янги кўйлак тикиб берди. Қувонганидан яшнаб-яшариб кетган момо кўйлакни кийиб чиқди. Келин тумшайиб олди. Нимадир деб минғирлади. Момо эшитмади-ю, ичидан зил кетди. Келинга ёқмаганини сезди. Қўшнининг қудуғидан сув олгани чиққан келин қудуқ бошида қўшниларга "ёрилди”.

- Ёши етмишдан ошганида янги чиққан фалон матодан кўйлак кийибди бизнинг кампир.

- Бу нима деганинг? - оғринди тўрт келининг қайнонаси бўлган қўшни аёл. - Кийса, қайнонанг кийибди, бегона эмас. Чиройли бўлиб юрса, обрўйинг. Нима, қари одам янги киймасинми?

- Ундан кўра уйини таъмирласин, янги чиққан гиламлардан олсин.

- Ҳай, келин! - жаҳли чиқди момонинг. – Саодат опа ўғил-қизлари учун барча ишни қилиб бўлган. Унинг уйи ҳам, гилами ҳам кўнгли, билсанг, кўнглидан бўлак бойлиги йўқ бу аёлнинг. Керак бўлса, уйингни ўзинг таъмирла, гиламлар сотиб ол. Ёдингда бўлсин, келиннинг бир қилиғи ортиқ бўлса, оиланинг устунини синдирар, дейдилар. Умри меҳнатда ўтган ҳалол ва покиза Саодат момо оилангнинг устуни. Унинг кўнглини хира қилсанг, ўзингнинг ҳам кўнглинг синади, болам.

Сандиқни очган - Pобия.

(Фото - http://www.tarona.net)

Янгиликни бўлишинг: