"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Одам савдоси - давр муаммоси

- Мен ҳам оиламни боқиш, уй-жой қилиш учун қилмаган ишим, бормаган жойим қолмади, - ўйчан гап бошлади акаларимдан бири. - Отамиз одамни ҳаёт тоблаб, кўзини пишитиб боради дердилар. Хақ гапни айтган эканлар. Шу йиллар давомида қанча юртларни, қанча одамларни кўрдим. Бировларини кўриб, шукур қилсам, бировларини кўриб фикр қилдим. Бир йили тўрт-бешта жўраларим билан бирга узоқ Қозоғистоннинг бир шаҳрида қурилишда ишлаб, пул топмоқчи бўлдик. Устабошимиз бадавлат бир одамнинг уйини қуриб, битказиб беришимизни, уй битса, ҳар биримизга фалон сўм "кўкидан” тегишини айтди. Шу куни қувонганимиздан кўзимизга уйқу келмасдан анча пайтгача орзуларга берилиб ётдик. Эртасига эрталаб эса янги русумдаги чет эл машинасида анча басавлат, қорин қўйган, димоғдор бир одам келди. Бу биз уйини қуришимиз керак бўлган одам эди. У бизга менсимасдан қаради.

- Менинг ҳам касбим қурилиш билан боғлиқ. Ишни тез ва сифатли бажариб берасизлар. Икки ойдан кейин мен янги уйимга кўчиб ўтишим керак. Озиқ-овқат, қурилиш материалларини укам етказиб беради, - деди-ю кетди.

Шу билан уни онда-сонда кўрардик. Асосан укаси (биз уни Саке дердик) ёнимизда юрарди. Кун иссиқ. Баъзан қумли шамол кўз очирмайди.Аммо устабошимиз айтган катта пулга бўлган иштиёқ барча қийинчиликларга чидашимизга, уйни тезроқ битказишимизга ундаб турарди. Кеча-кундуз қилган меҳнатимиз туфайли уй қад ростлай бошлади. Уйни битказган кунимиз уй эгаси Нурлан оға келди.

- Жаман емес, - деди у уйга қараб. Аммо яна қўшимча бир айвон қуриб беришимизни айтди. Шунда бирдан ҳаммамизнинг кайфиятимиз тушиб кетди. Устабошимиз ҳарчанд рад қилишга уринмасин, у қулоқ солмади.

- Айвонни қурмасдан кетишни ҳаёлингизга ҳам келтирманг, - деди у кетаётиб пўписа аралаш. Пулни ишни тугатгач оласанлар.

Иложимиз йўқ эди. Яна бир ойча шу ерда қолиб кетдик. Кетадиган кунимиз пулни олиш учун уйига бордик. У келишилгандан анча кам пулни қўлимизга тутқазди. Жуда хафа бўлдик. Шу пайт уйдан кекса бир кампир чиқди. Ҳол-аҳвол сўрагач:

- Болаларим, иморатни қурган меҳнатингизга, олган ҳақингизга розимисизлар? - деди. Биз норози эканимизни айтишга истиҳола қилиб индамай ерга қарадик. Нарсаларимизни йиғиштиргани борганимизда, Мухтор янги уйга қараб: "Илоҳим буюрмасин”деб қарғади. Шундан сўнг уйга жўнадик. Келаси йили мен насибам тортиб яна шу жойларга боришимга тўғри келди. Бир куни нон олгани дўконга бораётиб Сакени учратиб қолдим. Мени кўриши билан туғишганини кўрган одамдай қучоқлаб олди. Гаплашиб туриб қолдик.

- Шаке, - деди у ғамгин ерга қараб, - Нурлан оғам оғир касал, бир кўриб, ҳол сўраб кетсанг яхши бўларди. Мен рози бўлдим. Биз қурган уйимиз жуда ҳашаматли бўлибди. Биз кирган хонанинг тўрида озиб-тўзиб кетган Нурлан оға ётарди. Мени кўриши билан кўзлари ялтираб кетганини сездим. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин у мени имлаб ёнига чақирди. Сўнгра қалтироқ қўллари билан тўшаги тагидан пул олиб, менга узатди. Бир-биримизни сўзсиз тушундик. - Биз розимиз, Нурлан оға, сиз ҳам рози бўлинг. Буларни эгаларига етказаман, - дедим. Бир ҳафталардан сўнг унинг вафот этганини эшитдим. Уйга қайтгач, пулларни жўраларим билан тенг тақсимлаб олдик. Ота-боболаримиз бекорга "бировнинг ҳақидан қўрқ”, дейишмас экан.

Зебо PАЖАБОВА.

(Фото http://www.12news.uz)

Янгиликни бўлишинг: