"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

КАШАНДАЛИК – УМP ЭГОВИ

Энг кўп тарқалган зарарли одат - тамаки чекиш ва нос отиш ҳисобланади.

Тамаки тутуни таркибида 3800 турдаги заҳарли кимёвий моддалар бор. Жумладан, никотин, қатрон, цианид кислота, аммиак, ис гази, бензол, радиоактив полоний, кадмий, кобальт, қўрғошин, маргумуш кабилар. Булардан:

- никотин артериал қон томирларини торайтириб, артериал қон босимини оширади;

- ис гази (углерод оксиди) қондаги кислород билан бирикиб, мия, юрак, ички секреция безлари ва бошқа аъзоларнинг кислород билан таъминланишини издан чиқаради, уларнинг функцияси бузилишига олиб келади;

- тамаки тутуни таркибида рак касаллигини юзага келтирадиган 50 турдаги концероген моддалар бор;

- сигарета фильтрининг сариқ-қўнғир рангга бўялишига сабаб, тамаки тутунидаги концероген модда ҳисобланган қатрон смола моддасидир. Кунига бир қути сигарета чекадиган кашанда бир йилда бир килограмм катрон ютган бўлади. Катрон рак касаллигининг асосий сабабчисидир.

Pак касаллиги билан рўйхатга олинган беморларнинг 30 фоизи, ўпка раки билан ҳасталанганларнинг эса 80 фоизи кашандалардир. Тамаки тутуни таркибидаги заҳарли моддалар кашанданинг мия, юрак, ўпка, жигар, меъда каби ҳаётий муҳим аъзоларини заҳарлаб, турли хил сурункали касалликларни юзага келтиради. Уни вақтидан илгари ногиронликка дучор қилиб, умрига завол бўлади.

Жумладан, сигарета ва нос чекувчи кашандалар орасида миокард инфаркти каби оғир касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар тамаки чекмайдиганларга нисбатан 5 марта кўп;

Тамаки тутуни таркибидаги радиоактив полоний эркак уруғдонида, аёл тухумдонида ишлаб чиқариладиган жинсий ҳужайраларнинг ирсий тузилмаларини зарарлаб, бўлажак авлод генофондини касаллантиради. Мия тўқимаси ҳужайраларининг хромосома ва генлари зарарланиши оқибатида туғилган болаларнинг ақлий қобилияти заиф, феъл-атворида асабийлашиш, хомушлик, хаёли паришонлик каби белгилар намоён бўлади.

Кашандаликнинг энг кўп авж олгани бу – нос чекишдир. Одамда носга нисбатан руҳий мутелик дан ташқари жисмоний мутелик юзага келади. Бундай одам ўз вақтида нос қабул қилмаса боши оғрийди, боши айланади, юраги ўйнайди, бўшашади, совуқ тер босади, иштаҳаси йўқолади, руҳияти бузилади, жаҳли чиқади, атрофдагиларга қўпол муомала қилади, уйқусизлик пайдо бўлади. Ақлий ва жисмоний иш қобилияти пасаяди, у барча имкониятларини нос топиш ва уни қабул қилишга сафарбар этишга интилади.

Кўп йиллар давомида нос чекиш туфайли одам организми нос таркибидаги тамаки, оҳак, кул каби зарарли моддалардан заҳарланади. Таъкидлаш жоизки, нос таркибидаги заҳарли моддалардан энг аввал бош миянинг асаб ҳужайралари зарарланади. Натижада кашанданинг руҳияти бузилади. Унинг кайфияти тез-тез ўз-ўзидан, айниқса нос қабул қилиш муддати кечиккан пайтларда ёмонлашади, сал нарсага жаҳли чиқади. Атрофдагилар билан муомаласи мураккаблашади. Фикрлаш, ақлий меҳнат қилиш қобилияти пасаяди. Хотираси ёмонлашади, ўқиган, кўрган, эшитган нарсаларини ёдида сақлай олмайди. Ўзлаштириш қобилияти пасаяди, аста-секин ойлар, йиллар ўтиши билан юқоридаги руҳий касаллик белгиларига жисмоний ҳасталик белгилари ҳам қўшилади. Кашанданинг юраги, ўпкалари, жигари, буйраклари зарарланиши туфайли у ҳаракат қилган пайтида нафаси қисади, юраги ўйнайди, оғзидан бадбўй ҳид келади, артериал қон босими кўтарилади, томир уриши тезлашади, ранги оқаради, лаблари кўкаради. Шунингдек, жигар соҳасида (ўнг қовурға остида) оғриқ пайдо бўлади. Буйраклари касалланиши туфайли эрталаб уйқудан турганда кўзларининг ости шишган бўлади. Кечқурун эса оёқлари шишади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, оғиз - тил, қизилўнгач, меъда каби аъзоларнинг рак касаллиги нос отувчиларда бошқаларга нисбатан бир неча марта кўп учрайди. Шундай қилиб, кўп йиллар нос чекиш натижасида одам аста-секин ақлий ва жисмоний жиҳатдан заифлашади, иш қобилиятини йўқотади, вақтидан илгари кексаяди ва ногиронга айланади.

Кашандаликка барҳам бериш асосан кашанданинг иродасига боғлиқ.

Икром Сарибоев,

туман Саломатлик маркази шифокори.

(Фото - http://zarnews.uz)

Янгиликни бўлишинг: