"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

КИТОБГА МЕҲP

Китоб - шунчаки қоғозлар жамланмаси эмас. Унда тарих воқеалари, бугунги турмуш тарзимиз ёхуд келажак орзуларимиз, умуман, катта ҳаёт қайнаб ётади.

Китоб кирган уйга маърифат, зиё киради, инсон ҳаётида бениҳоя катта аҳамиятга эга. Бундай уйда ўзига хос файзу тароват сезилиб туради.

Инсон умри давомида кўрган ва эшитганлари билан фикрини, онгини бойитиб боради. Китоб эса тафаккурни юксалтирувчи бебаҳо манбадир.

Китоб ўқиш инсон ҳаётида зарурми?

Қайси кутубхонага аъзо бўлгансиз?

Қандай китоблар ўқигансиз?

Бугунги китоб бозори сизни қониқтирадими? Ундан ўзингиз истаган ё ёқтирган китобларни топа оласизми?

Китоб дўконларига тез-тез кириб турасизми? Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?

Шу саволларга жавоб топиш мақсадида ўқувчиларим билан туманимиз марказида жойлашган кутубхона ва "Китоб савдо дўкони”га ташриф буюрдик.

Кутубхона ходимлари ўқувчиларни илиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Китоб масканида турли туман китоблар борлигини, бу ерга аъзо бўлиб истаган пайтда келиб китоб ўқиш мумкинлигини айтдилар.

Бир неча ўқувчилар кутубхонага аъзо бўлишди.

- Мен келажакда кутубхоначи бўлмоқчиман. Китобларни жавонга териб, кимга қандай китоб керак бўлса, уни тезда топиб беришни хоҳлайман. Бунинг учун китобни кўп ўқишим керак, - дейди ҳар бир китобга кўз югуртириб Дилноза.

Мирзабек, Муножат, Илҳомжон, Дурдона, Муҳайёлар китоб ҳақида шеър, мақоллар айтиб беришди.

Шаҳзоднинг "ҳар бир инсон китоб билан дўстлашса, ундан кўп нарсаларни билиб олиши мумкин” деган фикрлари барчага ёқди.

Кутубхона ходимлари ёш китобсеварларга ўқишларида омадлар тиладилар.

Кутубхоначи опалар билан хайрлашиб, китоб бозорига йўл олдик.

Кўпчилик болажонларимиз бу ерга илк бора келганлиги, шундай чиройли, шинам китоб расталари хилма-хил ва турли мазмундаги китоблар билан тўлиб турганлигини кўриб, ўз ҳаяжонларини яшира олмадилар. Ҳар бир китобни варақлаб кўриб, қайси бирини олсам экан деб пичирлашади.

- Туманимиз марказидаги "Китоб дўкони”га онам билан тез-тез келиб тураман. У ер севимли масканим. Янги китоблар харид қилиб тураман. "Ўзбек халқ эртаклари”, "Сирли товоқча” китобларини харид қилиб олиб, ўқиб чиқдим, - дейди Дилшодбек.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиман: болаларни ёшликдан китобни севишга, мустақил мутолаага ўргатиш айниқса муҳимдир. Китоб уларнинг фикрлаш қобилиятини ўстиради, илмий дунёвий билимларини оширади, ҳаётни севишга ўргатади, қалбларда энг яхши орзу-истакларни уйғотади, ақлни чархлайди. Китоб билан дўст бўлган бола ёмон иллатлардан йироқда бўлади. Шундай экан, ота-оналар фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун ҳам уларнинг мустақил ўқиш фаолиятини кузатиб, керакли маслаҳатлар бериб боришлари лозим.

Сайёра ЖУМАМУPОДОВА,

40-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: