"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Муҳаммад Юсуф хотирасига

Шум хабардан торайгандай бўлди олам,

Pўмолининг учин тишлаб йиғлар онам.

«Элликка ҳам кирмабди-я шўрлик болам...

Бундай шоир минг йилда бир бўлади...»

"Ақча кўл”да сўнг нафасин ютган онлар.

Йиғлаб қолди Озода-ю Зебижонлар.

Улуғбек ҳам яна бир бор ютди қонлар:

«Йўқ шоир ўлмайди. Шоир ўлмади!»

Кишнаб қолди оқ тулпорлар ғамли, ана:

«Жайронларга оға шоир - шу бўлган-а?»

«Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна?»

Йўқ. Шоир ўлмайди. Шоир ўлмади!

«Қизларимга бинафшадан тайёрлаб сеп,

Қизғалдоқлар борар жойга кўриндим, - деб,

Кўкламойим, кўкингдан бер чимдим!,» - деб

Келади баҳорда, шоир келади!

Шеър ўқиб, шеър уқса бирон йигит-қиз.

Биронта ёш қалбда ишқ ёнса, ҳаргиз,

Байрамга шайланинг, мотам қилмангиз -

Жаннатдан Муҳаммад Юсуф келади!

Турсунбой Абдуллаев.

Шоир ўлмайди

М.Юсуф хотирасига

Элим деca шоир ўлмайди,

Эл унутса шоир бўлмайди.

Қашшоқ бўлар шоирсиз дунё,

Тўкис элда шоир ўлмайди...

Унутилар ҳасад, адоват,

Гина, кекдан асар қолмайди.

Мудрамаса одамлар фақат,

Кўнгли уйғоқ шоир ўлмайди.

Тиканда яшаб, гулга сайраб,

Булбул ночор ўзин сақлайди.

Сўз тирилса, замонга қараб,

Маддоҳлик шоирни оқлайди.

Ҳақ қувгинда, адолат мазлум,

Кўҳна чарх жодугар қўлида.

Сўзни унутганда эл маҳкум,

Шоир фидодир сўз йўлида...

Афсунлар минг хил нағма, оҳанг,

Дунё минг бир куйга ўйнайди.

Сонсиз буюклар ўтди, қаранг,

Ўлмагунча ҳайкал қўймайди.

Дунёга бир сўз айтган Ўлмас,

Нафсни боғлаб ижод қилолса.

Илоҳий мужда келган ўлмас,

Асраниб дунёга сиғолса...

Элим деса шоир ўлмайди,

Эл унутса шоир бўлмайди.

Қашшоқ бўлар шоирсиз дунё,

Тўкис элда шоир ўлмайди...

Ўлмасбек ХЎЖАЕВ.

Янгиликни бўлишинг: