"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

Она табиатга озор етказманг

Асранг она табиатни,

Ўшанда сиз асрагайсиз

Болангизга бу дунёни!

Телевидение орқали ҳар гал бу қўшиқни эшитганимда xонандага қўшилиб мен ҳам хиргойи қилар эдим-у, лекин маъносини унчалик ўйламас эдим. Ўтган йил кўкламда боғимиз четига янги экилган терак ниҳолларининг атрофини ёввойи ўтлардан тозалаётган эдик. Отам кимдир устидан босиб кетган терак ниҳолини кўриб қаттиқ хафа бўлди. «Қайси тарбиясизнинг иши экан-а бу?» - деди. Анчага-ча ғазабини боса олмади.

- Кўп куюнманг ота, мана қанча теракларимиз бор-ку, - дедим мен. Шунда отам мени йўл бўйида қатор тизилиб турган узун-узун тераклар ёнига олиб борди.

- Мана буни қара, - деди юқорига ишора қилиб. - Бизнинг ҳар биримизнинг йил давомида эркин нафас олишимиз учун ана шундай тераклардан иккитаси керак бўлади. Қолаверса, йўлдан кўтарилган қанчадан-қанча чангларни ютиб, яшил дарахтлар ҳаво мусаффолигини таъминлайди. Энди пайҳон қилинган бир дарахтнинг қадрини ўзинг билиб олавер.

Шу воқеадан сўнг атрофимизни ўраб турган олам ва табиатимиз ҳақида кўп ўйлайдиган бўлдим. Қанийди, ҳамма ҳам ён атрофимизнинг ям-яшил дарахтлар, гуллар билан безаниб туришига интилса. Ўзимиз нафас оладиган она табиатимизга озор етказмаса. Орзу қилиш билан иш битмайди. Бу йил мен ва барча синфдошларимиз она табиатимизнинг гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида янгидан қурилиб, ишга туширилган мактабимиз боғига 2 тупдан мевали дарахт кўчати экдик. Устозимиз бизларга:

- Ҳали орадан йиллар ўтиб, бу боғ шунақанги хушманзара боққа айланади. Шунда сизлар укангизга, синглингизга, қўш-нингизга боғнинг қандай барпо қилинганини айтиб қувониб юрасизлар. Чунки улар сизлардан кейин шу мактабда ўқишади. Улар танаффус пайтларида соя-салқинда дам олиб, сизларга раҳмат айтишади. Ўша пайтда ўз қилган меҳнатларингиздан фахрланиб юрасизлар, - деди. Мен шундай бўлишини жуда-жуда истайман.

Азиз тенгдошлар, кўклам либосига бурканаётган чор-атрофингизга, осмонда чарх уриб учаётган қушларга, тириклик ғамидаги жонзотларга бир қаранг! Нақадар гўзал! Бу бизнинг умумий уйимиз - она табиатимиз. Уни уйимиз каби асрайлик, чунки хонадонимиз қанчалик тоза, ораста ва файзли бўлса, шунчалик дилимиз равшан, кайфиятимиз чоғ бўлгани каби табиатимизнинг мусаффолиги ҳам ҳар биримиз учун зарур. Ҳеч ким табиатдан айро яшай олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз кўчат, гуллар, дарахтлар экиб, парваришлаб, чор-атрофимизнинг гуллаб-яшнашига ҳаракат қилайлик.

Севара Исмоилова,

76-сонли мактаб ўқувчиси.
Янгиликни бўлишинг: