"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Истиқлолнинг оташин куйчиси

Юракка яқин шеърлари билан халқимиз қалбини забт этган шоир Муҳаммад Юсуфдир. Шоир ҳақида Ўзбекистон Қаҳ-рамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад шундай ёзган эдилар: "Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларнинг эсини оғдирган, ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор. Бу Шеърият асло завол билмайди”.

Мактабимизнинг юқори синф ўқувчилари орасида шоир ижоди чуқур ўрганилиб, иншо, буклет ва рефератлар танлови бўлиб ўтди. Ғолиб ўқувчилар "Меҳр қолур, муҳаббат қолур” мавзусидаги Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечада фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Кечани мактаб директори Зулфия Юсупова очиб берди ва у ўз нутқида шоир ижоди ҳақида гапирар экан, унга "Истиқлолнинг оташин куйчиси” дея таъриф бериб ўтди.

Байрам дастурида барча ўқувчилар фаол қатнашдилар. Улар Муҳаммад Юсуф ҳақидаги маърузалари, шеърлари ва рақслари билан кечага кўтаринки руҳ бағишладилар.

Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб "Ватаним”, "Чаманистоним”, "Тилак”, "Азизимсан”, "Менга беринг”, "Меҳр қолур” каби шеърларининг ўқувчилар томонидан ифодали ўқиб берилиши йиғилганларнинг шоирга бўлган мeҳр-муҳаббатини янада оширди. Буюк шоир қалами билан яратилиб, ҳофизлар томонидан куйланган қўшиқлар гулдастаси намойиш этилди. Айниқса, раққоса қизларимизнинг "Кўкламойим” қўшиғига тушган рақслари ҳаммага манзур бўлди.

Буюк шоирнинг бетакрор ижодига ўқувчиларимизнинг бефарқ эмасликлари "Шоир ижоди асосида баҳри-байт” айтишувларида яққол намоён бўлди. Истеъдодли ёшлар ҳар бир чиқишларида буюк шоирга бўлган юксак эҳтиромларини кўрсатиб бердилар.

Тадбирга туман мактабларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар ҳам Муҳаммад Юсуф ҳақида илиқ-илиқ фикрлар билдиришди.

Оташқалб шоирнинг 60 йиллик таваллуд айёми жуда чиройли ва мазмунли бўлиб ўтди.

Севимли шоир Муҳаммад Юсуф бизнинг қалбимизда ҳамиша барҳаётдир. Шоир таъбири билан айтганда:

Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,

Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Муҳаббат Абдукаримова,

11-мактабнинг она тили ва адабиёти ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: