"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Устоз номини шарафлаб

Ўтмишни хотирлаб, аждодлар руҳини қадрлаб яшамоқ инсоний фазилатлардан бири саналади. Шундай инсонлар бўладики, ҳаётга яшиндай чақнаб келади, оловдай ёниб яшайди. Авлодлар хотирасида мангу из қолдиради. Инсон қадри унинг узун ёки қисқа умр куриши билан эмас, балки унинг қайсидир соҳадаги муносиб хизматлари билан баҳоланади.

Биз эсламоқчи бўлган қадрли инсон Камолбой Аминов ибтидоси ва интиҳоси оралиғи бир яшин чақнашичалик қисқа фурсатни ўз ичида қамраган умрнинг ҳар бир лаҳзаси бебаҳо эканлигини билиб яшади. У 1921 йилнинг баҳор фаслида (санаси аниқ эмас) Қипчоқ қишлоғининг, "Чуноқ” овулида дунёга келди. Бўлажак маърифатпарварнинг отаси Аминбой бобо деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланарди. Ҳалол меҳнатнинг нонини еб ўсаётган болакай илм излаб собиқ Алишер Навоий номидаги бошланғич мактабга қадам ташлади. У умумий ўрта таълимни собиқ Крупская номидаги (ҳозирги 11-сонли) мактабда ўқиб тугатди.

Зеҳни теран, билимга ташна Камолбой Тўрткўл туманидаги Педагогика билим юртида, уни тугатгач, Нукус педагогика институтининг тарих-география бўлимида таҳсил олди.

1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши Камолбой Аминовнинг ўз олдига қўйган эзгу мақсадларини амалга оширишига халақит берди. Элпарвар ва шижоатли йигит Ватан ҳимояси учун жангга отланди. Жанг пайтида оғир ярадор бўлиб, госпиталда даволанди ва яна фронтга жўнади. Урушдан эсон-омон, кўксига орден тақиб қайтган Камолбой ўзи савод чиқарган А.Навоий номли мактабда ўз мутахассислиги бўйича тарих ва география фани ўқитувчиси сифатида иш фаолиятини бошлади. Тез орада жамоа орасида ҳурмат қозонди ва мактаб илмий бўлим мудири лавозимига тайинланди. Ўзига нисбатан талабчанлик ҳисси уни яна таълим олишга ундади. 1948 йилда Нукус Давлат педагогика институтининг рус тили ва чет тили факультетига (сиртқи бўлимига) ўқишга кирди. Ўқишни тугатгач, билим ва малакаси ошган мутахассис 1958 йилда Амударё туман халқ маорифи бўлимида мактаблар нозири лавозимига ишга тайинланди. 1962 йилда туман халқ таълими бўлими мудири лавозимида фаолият бошлади.

Афсуски, ўлим ёш танлмайди. 1965 йил 19 сентябрь куни маориф соҳасининг жонкуяри, 3 нафар қиз, битта ўғил фарзанднинг отаси Камолбой Аминов автоҳалокат туфайли вафот этди.

Ҳар бир халқнинг ва инсоннинг бахти - хотирлаганда юраги ғурур ва ифтихорга тўладиган аждодларининг бор эканлигида. Камолбой Аминовга муносиб бўла олган авлодлари бугунги кунда таълим соҳасида фаолият юритиб келмоқдалар. Азиз устознинг ишларини келини Дилбарой, невараси, 62-сонли умумтаълим мактаби директори Баҳром Болтабоев, туман ХТМФМТТЭБда услубчи лавозимида ишловчи невара келини Гулнора Ўрозбоевалар давом қилдириб, устознинг номини шарафлаб яшашмоқда.

Дилбар Ўразақова,

75-сонли умумтаълим мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: