"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Аждодлар даҳосига эҳтиром

Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша қадр-қиммати, ҳурмат-эътибори бор. Инсон қадри унинг ташқи кўриниши ёки моддий бойлигига қараб эмас, балки ички дунёси, маънавий бойлигига қараб баҳоланади. Маънавият инсонга она сути, ота намунаси, аждодлар ўгити билан бирга сингади. Агар инсон атрофидаги барча одамларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилса, ўзгалар ҳам унинг қадр-қимматини ҳурмат қилади.

Меҳр-оқибат, мурувват кўрсатиш олижаноб инсонларга хос хислатдир. Шундай экан, келинг, азизлар, бир-биримизнинг қадримизга етайлик. Ватанимиз юзини ёруғ қилиб турган буюк аждодларимиз каби оқил ва доно бўлайлик. Бахт-саодатга эришиш орзусида, ўзбек халқининг эркинлигини, озодлигини таъминлаб, унинг қадр-қимматини юксалтириш йўлида жонини фидо қилган буюк аждодлар авлоди эканлигимиз биз учун шараф. Аждодлар қалбидаги ушалмас орзу мустақилликни қарор топтириб, халқни тараққиёт йўли томон бошлаётган Юртбошимиз ва давлат равнақи йўлида фидойиликқилаётган инсонларнинг хизматлари беқиёсдир. Ўз ичига олам-олам маъноларни қамраган, мазмун-моҳияти кенг улуғвор сўзлари билан Ватан тарихини, аждодлар тарихини бизга етказиб бераётган атоқли адибларимизнинг чиройли сўзлари қалбимизга шундай ҳаяжонли туйғуларни сингдирадики, буни таърифлашга тил ожиз. Биз ана шу туйғулар ила она Ватан, ҳурлик ва озодлик қадрини, фидойи халқимиз қадр-қимматини ҳис этамиз.

Тарихий хотирамизни мустаҳкамлашимиз, ўзлигимизни чуқур англашимиз учун Ватанимизда буюк бобокалонларимиз тимсолига ҳайкаллар, музейлар, миллий боғлар яратилган. Бутунлигича сақланиб қолган тарихий иншоотлар - мадраса-ю мақбаралар янгича қиёфага эга бўлиб, тўлиқ қайта таъмирлангани бу – аждодлар закосига эҳтиромдир. Мустақиллик майдонида мустақиллик ва эзгулик монументи қад кўтарган. Бу ёдгорлик икки қисмдан – Ўзбекистон тасвири туширилган ер шари ва суюкли фарзандини бағрига босиб, унга меҳр тўла нигоҳи билан термулиб турган бахтиёр она ҳайкалларидан иборат. Бу мажмуа ҳам Ватан, ҳам инсон қадрини улуғловчи буюк меъморий обидадир. Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали ўз фарзандига интизор бўлиб ўтган минг-минглаб мунис ва мўътабар оналарнинг тимсоли. Ушбу улуғ зотнинг мунгли ва маъюс юзларига боқиб, бу ҳаётнинг нақадар гўзаллигига, инсон умрининг азиз ва бетакрорлигига имон келтирасиз. Хотира майдонидаги нақшинкор устунли айвонларга ўрнатилган пўлат китоб саҳифаларида иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида мардларча ҳалок бўлган 450 минг нафар юртдошимизнинг исми шарифи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бу ердан тун-у кун зиёратчиларнинг қадами аримайди. Ҳар бир зиёратчи аввало бу ердаги Мотамсаро она тимсолига таъзим қилиб, пойига гул қўяди, уруш ва меҳнат фахрийлари, Ватан, ҳимояси йўлида қурбон бўлган дўстлари хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар.

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни бизнинг юртимизда улуғ ва қутлуғ сана. Зеро, тарихий хотираси кучли бўлган халқ келажак йўлида адашмайди, ҳеч кимга қарам бўлмайди.

Умида ЭPДОШЕВА,

22-сонли мактабнинг 6-синф ўқувчиси, танлов ғолиби.

Янгиликни бўлишинг: