"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Ўзбекнинг

Юрт ғамин ўзининг ғами билганлар,

Имонни дилига туғдай илганлар,

Халқи учун жонин фидо қилганлар,

Кўнглининг тўрида яшар ўзбекнинг.


Шаҳар, қишлоқ, юртнинг баланд-пастида,

Қари-ю ёш - яратмоқлик қасдида,

Шу сабабли бутун дунё наздида,

Нуфузи тобора ошар ўзбекнинг.


Ҳаёт - синалмоққа берилган имкон,

Мулки борлиқ ичра нуқтадай бир он.

Бунда эзгулик иш қилолган инсон,

Обрўсига обрў қўшар ўзбекнинг.


Ватан учун кимки қилолса хизмат,

Тополгай ўзига мангулик иззат,

Шундай бўлсин, дея ҳар кимга қисмат,

Тилак билан тонги отар ўзбекнинг.


Кўп миллатли Ватан гулшани аро,

Аҳил юртда бахтли ҳар бир фуқаро.

Мадҳин айтса арзир аҳли шуаро:

Pизқ-рўзи кунба-кун тошар ўзбекнинг.

Аҳмад Нафасов.

Янгиликни бўлишинг: