"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ТИНЧЛИК УЧУН КУPАШИБ, ОPЗУСИГА ЕТГАНЛАP

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, давлатлараро зиддиятларнинг кучайиши, ер юзининг турли минтақаларида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳоннинг тинчликсевар халқларини, шу жумладан, ўзбекистонликларни ҳам ташвишга солмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Pеспубликасининг ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва шу асосда қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликасининг Қонуни минтақамизда тинчлик, барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Юртимизда тинчлик, осойишталик кўз қорачиғидай авайланиши бежиз эмас. Чунки уруш – вайронагарчилик, азоб-уқубат, бевақт ўлим, айрилиқ. Халқимизнинг иккинчи жаҳон уруши, афғон уруши туфайли чеккан заҳматлари, аламлари ҳали унутилгани йўқ. Отаси, укаси, турмуш ўртоғининг доғида куйиб яшаётганлар ҳали орамизда бор. Урушдан яримжон бўлиб келиб, умр бўйи азобларини кўтариб яшаётганлар ҳам бор. Уларнинг суҳбатига қулоқ тутсангиз, тинчликнинг бебаҳолигига яна бир бор амин бўласиз, сергак тортасиз.

Туманимизнинг "Холимбег” овулида 1923 йилда туғилган Pажаб Эшмонов 18 ёшида ҳарбий хизматга чақирилди. Собиқ "Манғит” туманидан ҳарбий хизматга чақирилувчилар 7 кун мобайнида аравада йўл юришиб, Чоржўйга етиб боришди ва поездда иккинчи жаҳон урушига жўнатилди. 3 ой тайёргарлик машқларидан сўнг жангга кирдилар.

Pажаб Эшмонов Смоленскни немислардан озод қилишдаги қирғинбарот жангларда қатнашди. 1942 йилнинг декабрида оғир яраланиб, қарийб бир йил Иваново шаҳрида жойлашган ҳарбий госпиталда даволанди. 1943 йилда эса қўлтиқтаёқда юртига қайтди.

Урушда бўлдим, ярадорман, деб ўтирмай уйига қайтганининг эртасигаёқ Pажаб Эшмонов туман ҳарбий комиссариатининг илтимосига кўра армияга чақирилувчиларни армиянинг дастлабки тартиб-қоидалари билан таништира бошлади, ҳарбий машғулотлар ўтди. Кейинчалик ўз овулида зоотехник, пахтачилик бригадаси бошлиғи лавозимларида ишлади. 4 ўғил, 2 қизни тарбиялаб вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Ҳозир отахоннинг 90 нафардан зиёд невара, чеваралари бор. Яқиндаўн олтинчи невара келин туширди. Турли касб эгалари бўлган ўғил-қизлар, неваралар, чеваралар меҳридан куч олиб, тилидан шукронаси тушмайдиган отахон ҳали бардам. Болаларига йўл-йўриқ бериб ўтиради. Бугунгидай тинч-дориломон кунларнинг қадрига етишни ўргатади.

- Қирқ йил қирғин бўлса-да ажали етган ўларкан, - дейди кулиб холимбеглик яна бир Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Тилов Матназаров. Отахоннинг бу иқрори бежиз эмас. У 1942 йилда урушга жалб этилганида айни 24 ёшида, тоғни урса, талқон этгудай забардаст йигит эди. Ҳарбий хизматда дастлабки тайёргарлик машқлари давомида унинг зийрак, ақлли ва ҳар қандай оғир дамда ҳам ўзини йўқотмай, чора-тадбир кўра олиши гуруҳ етакчисининг диққатини тортиб, разведка хизматига олинди. 5 марта турли даражада ярадор бўлса-да, даволаниб яна сафга қайтиб, 1945 йилнинг декабригача, ғалабадан сўнг ҳам уруш оқибатларини тугатишда иштирок этди.

1945 йилнинг сўнгги кунларидан бирида Холимбекка қайтган Тилов Матназаров урушда алоҳида хизмат қилдим, ярадорман демай, пахтачилик бригадасида табелчи, бригада бошлиғи бўлди. То қарилик нафақасига чиққунича пахта ва бошқада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга ҳисса қўшди. Ўз тажрибаларини ёшларга эринмай ўргатди.

Отахон ҳозир бир асрни тўлдириш остонасида, 98 ёшида. Эшитиш қобилиятининг сусайганини эътиборга олмаганда зийрак, ақли теран. Беш нафар ўғил, беш нафар қизни уйли-жойли қилиб, улардан кўрган невара-чеваралари саноғидан баъзан ўзи ҳам адашиб кетади. Байрам, ҳайит кунларида уларнинг бари бир йиғилишиб қолса, хонадонда тўй бўлиб кетади. Улкан ҳовлига файз бериб ўтирган отахонни бари қадрлашади, эъзозлашади. Ҳар бири турли касбда, турли идораларда ишлайдиган фарзандлар, невара, чеваралар улкан хонадонга кириб, отадан хабар олиб туришади.

- Дунё, дунё бўлгандан бери бугунгидай дориломон кунлар бўлган эмасдир-ов, - дейди отахон. – Мустақиллигимиз шарофати бу. Юртим деб, оилам, деб меҳнат қилган одам меҳнатининг роҳатини кўраяпти. Кексайганимда бўлса-да шундай кунларга етказганига шукрона айтаман.

9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан йўқлаб борганимиздан отахоннинг боши осмонга етди. Шу баҳона оловли уруш йилларини хотирлади. Жон олиб - жон берилган, немисларнинг қуролларининг ўқлари ёмғирдай ёғилиб турган вақтларда қаҳрамонона жанг қилиб ҳалок бўлган қуролдош дўстларини эслаб қуръон тиловат қилди, юртимиздаги тинчлик барқарор бўлмоғини тилади.

Бир неча сониялик жимликдан сўнг бизга ҳамроҳлик қилган овул оқсоқоли Мирза ака Холмуродов.

- Чиндан-да тинчликнинг баҳоси йўғ-ов, - деди хаёлчан. - Тинчлик туфайли бугунгидай тўкинликка, ободликка эришаяпмиз. Ҳозир холимбегликларнинг ҳовлиси эшигига қулф урилмайди, ишонсангизлар. Деярли ҳар бир хонадонда янги русумдаги ўзимизнинг машиналар эшик олдида тураверади, чорвамиз эса ўтлоқда. Бу менимча, кўнгилнинг тўқлиги, кўзнинг тўқлиги. Илойим, бу кунларнинг сўнгини берсин, кўз тегмагай.

Оқсоқолнинг тилакларига барчамиз қўшилдик.

Инсон зоти борки, тинч-фаровон, ўз оиласи бағрида эмин-эркин яшагиси келади. Бироқ халқимизнинг осойишталигига раҳна солишга уринган, тиш-тирноғигача қуролланиб босқинчилик мақсадини кўзлаб иккинчи жаҳон уруши оловини ёққан немис-фашистларга қарши кураш ва ғалабага эришиш учун фидокоронажанг қилиш юртимизнинг ҳар бир ўғлонининг шон-шараф ишига айланган эди.

Туманимизнинг "Жумуровул”ида вояга етган Абдулла Отажонов ҳам 21 ёшида 1942 йилда кўнгиллилар сафида иккинчи жаҳон урушига жўнади. То ёвузларча бостириб кирган душман таслим қилиниб, уруш олиб борилган ҳудудларда уруш оқибатларини тугатишгача, 1946 йилнинг охиригача ҳарбий хизматда бўлди. Бир кўзидан яраланган бўлсада яроқсизман, демади. Урушдан қайтгач, қишлоқ хўжалиги ишларида ишлади. Ўғил-қиз ўстириб эл қаторига қўшди. Ҳозир неваралар, чеваралар тизилишиб келганида отахоннинг боши кўкка етиб қолади. Ахир улар отахон умрининг давомчиларида.

Юртбошимизнинг Фармонига кўра 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни сифатида байрам қилиниши, уруш ва меҳнат фахрийларига улкан ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши уларни чексиз шодликка беламоқда. Фахрийлар Юртбошимизнинг, юртдошларимизнинг эътиборидан мамнун бўлишмоқда.

- Бундан икки-уч йил олдин, 9 май байрами арафаси эди, - дея ҳикоя қилади Абдулла отанинг келини Олмагул. - Почтальон Президентимизнинг Фармонига кўра уруш фахрийларига байрам совғаси – пул тарқатиб юрган эди. Айни совға келган куни отам меҳмонга кетганди. Эртага кела қолинг, десам, почтальон "ўзингиз олиб қолаверинг-да”, дейди. Мен:

- Йўқ, отамнинг ўзига беринг, бир қувонсин, - дедим. Гап совғада, пулда эмас, эътиборда. Биров шунчаки сўрашгани кирса ҳам қувониб қолади отам.

Унинг сўзларини тинглай туриб отахонга қараймиз. Ўша қон кечиб юрган оловли уруш йилларида бошидан ўтган азоб-уқубатлари таъсирими ё 91 йиллик довон таъсирими ёш боладек жуссаси кичрайиб, беғубор гўдакдай бўлиб қолибди. Йигитлик, чоғларидаги фидойиликларидан, матонатидан дарак бериб турган кўксидаги орден, медалларни неваралар қизиқиб томоша қилмоқда.

Пир-у бадавлат отахоннинг эса тилида доим шу тилак: юрт тинч бўлсин! Бу ҳур замон боқий бўлсин!

Юртимиз фаришталари - нуроний отахонларимиз тилаги умримизга зеб, ишларимизга барака бериб туради.

Бахтимизга улар саломат бўлиб, дунё тургунча турсин!

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Pажаб Қозоқовни ўқувчилар байрам билан қутламоқда (тепада). Холимбеглик Pажаб Эшмонов неваралари даврасида.

Янгиликни бўлишинг: