"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирус қўзғатадиган, табиий шароитда каналар орқали юқадиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Pеспубликамизда йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари геморрагик иситма касаллиги вирусининг сақловчиси (ташувчилари), кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллар эса геморрагик иситма вирусининг манбалари ҳисобланади. Касаллик фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгалари (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жуни қирқимига вақтинча жалб қилинганлар)да кўпроқ учрайди.

Ушбу касаллик ўзида геморрагик вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўллар кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Бундан ташқари, касаллик одамга шу касаллик билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам юқиши мумкин. Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқариши ёки 14 кунгача чўзилиши мумкин. Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилиши (39-40 даража), бадан совуқ қотиб қалтираши, мушаклар оғриши, баданга тошма тошиши, бўйин, кўкрак қисми терилари қизариши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзи ҳолатларда касаллик оғир кечиб, бемордан қон кетиши натижасида ўлим қайд этилади. Мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қонталашлар кузатилмайди, органлардан қон кетмайди. Касаллик асосан иситма ва заҳарланиш аломатлари билан кечади.

Баҳор пайтида кўпчилик табиат қучоғида, яъни Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳисобланган ҳудудларда дам олади. Уларга касалликдан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия қилинади.

Чўл ҳудудида дам олиш учун мўлжалланган жой мол боқиладиган яйловдан камида 2-3 чақирим масофа узоқда бўлиши керак.

Борди-ю, дам олиш ҳудудида каналар аниқланса, унда зудлик билан дам олиш жойини ўзгартириш зарур. Дам олишга чиққанда индивидуал дори қутиси ва унда 10 миллиграмм йод эритмаси, бактеросид пластир, 3-4 та пахтали таёқча, 2-3 жуфт резина қўлқоп, қисқич, озроқ ўсимлик ёғи ва этил спирти бўлиши керак. Дам оладиганлар вақти-вақти билан ўзларини текширтириб туриши лозим.

Агар баданга кана ёпишганлиги аниқланса, тезда яқин жойлашган тиббий муассасага мурожаат қилиш керак. Агар ёш болага кана ёнишган бўлса, катталардан бири уни эҳтиёткорлик ҳамда ҳимояланган қўли билан олиб ташлаши зарур. Дастлаб кана ёпишган жойга 2-3 томчи ўсимлик ёғи томизиб, 10-15 дақиқа кутиш керак. Қўлларга резина қўлқоп кийиб, қисқич ёки ип ёрдамида секин-аста терига ёпишган кана олиниб, шу жойга пахта таёқча ёрдамида йод суртилади ва устига пластир ёпиштирилади. Олинган кана пенициллин флаконга солиниб, оғзи тиқин билан бекилади ва ёқиб ташланади. Ишлатилган резина қўлқоплар 70 фоизли этил спирти билан ишлов берилгач, ечилади ва ёқиб юборилади. Кана чақишидан эҳтиёт қилиш мақсадида тери юзаси имкон қадар кийимлар билан бекилиши керак. Кана кўпинча оёқлар орқали киришини инобатга олиб, шим почалари маҳкам боғланиши зарур. Агар бирон кишини кана чақса, қўллари кана қони билан ифлосланса, иситмаси ошиб, бурун, милклар, ошқозон-ичаклар, бачадондан қон кетса, бундай беморларга ёрдам кўрсатганда беморнинг қони тери ва шиллиқ қаватларга теккан бўлса, унда ёрдам кўрсатган одам ҳам тиббий ёрдамга мурожаат этиши лозим. Бундан ташқари, чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик, молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш керак. Шунингдек каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Ж.Явқашев,

туман Саломатлик маркази директори.

(Фото - http://mku.uz)

Янгиликни бўлишинг: