"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

13 ЁШЛИ ... ТЎГАPАК PАҲБАPИ

13 ЁШЛИ ... ТЎГАPАК PАҲБАPИ

Ҳар куни тонгда бадантарбия билан шуғулланадиган қизининг бугун одатдагидан бошқача кайфиятда, ҳовлидаги ором курсида ҳаёлга толиб ўтирганини кўрган Гулбаҳор она эмасми, бироз хавотирланди.

- Қизим, бирон жойинг оғриётгани йўқми? – дея Наргизанинг юзига тикилди.

- Йўғ-е, онажон, соппа-соғман, мана қаранг!

Ўзининг соғломлигини исботлаш учун Наргиза ҳовли саҳнида у ёқдан-бу ёққа ўмбалоқ ошиб кўрсатди. Қўлига копток олиб, гимнастика машқларини бажара бошлади.

Гулбаҳор барибир хотиржам бўлолмади. Нонушта пайтида ҳамон хаёллари тарқоқ ўтирган қизини сиқувга олди:

- Ўртоқларинг билан аразлашгансан ё бўлмаса, бировдан гап эшитгансан, нима бўлганини айт, - деди қатъий қилиб.

- Айтсам, сен ҳали ёш боласан, демайсизми? – онасига кулиб қаради Наргиза.

- Аввал айт, нима гаплигини билайлик-чи, у ёғини ўйлаб кўрамиз, - ҳазиллашди Гулбаҳор.

- Мен маҳалламизда бадиий гимнастика тўгарагини очсаммикан деб ўйлаётгандим…

Гулбаҳор қизидан ҳеч қачон хаёлига келтирмаган гапни эшитиб, ҳам ҳайрон бўлди ҳам ёшгина қизалоғининг журъатидан қувонди. Эндигина 13 ёшга тўлган қизининг худди катталардай жиддийлик билан катта ишга қўл ураётгани унга ўзгача руҳ бағишлади. Аввал «Чордара» маҳалласи оқсоқолининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Оллоберганова билан маслаҳатлашди. Туман маданият ва спорт ишлари бўйича бўлим мудири Шуҳрат Юсупов, 1- БЎСМ директори ўринбосари Бахтиёр Pажабов, Наргизанинг устози, бадиий гимнастика тўгараги раҳбари Маъмура Матёқубовалар Гулбаҳор Матсафоевани қўллаб-қувватлашди. Қизи Наргизанинг бадиий гимнастика тўгараги фаолиятини юритишида яқиндан ёрдам беришди. 1-маданият саройи биносида бўш турган хоналардан бирини Наргизанинг машғулотлар хонаси учун ажратиб, жихозлаб беришди.

- Бадиий гимнастика спортининг зарур анжомларидан бир қисмини ўз ҳисобимдан олган бўлсам, асосий анжомлар билан маданият ва спорт ишлари бўлими ва «Чордара» маҳалласи маъмурияти таъминлаб, қизимни қўллаб-қувватлашди, - дейди мамнуният билан Гулбаҳор Матсафоева.

Ота-онаси, «Чордара» маҳалласи қўмитаси ҳамда туман маданият ва спорт ишлари бўлими раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши натижасида 30-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Наргиза Халиллаева бадиий гимнастика тўгараги машғулотларини бошлаб юборди. Бошланишида 8-10 нафар дугоналари, қўшни қизалоқлар иштирокида машғулотлар ўтказган бўлса, икки ой ичида Наргизанинг шогирдлари 60 нафардан ошиб кетди.

- Наргиза бадиий гимнастика билан шуғуллана бошлаганида 4-синф ўқувчиси эди, - дейди ўз шогирди ҳақида 2-БЎСМ бадиий гимнастика тўгариги раҳбари Маъмура Матёқубова. – Интилувчан, тиришқоқ ва ўзига нисбатан ўта талабчан бўлган Наргиза Халиллаева ёш бўлса-да тенгдошларидан анча ўзиб кетди. У кўплаб мусобақаларнинг ғолиби. Туманда ўтказиладиган барча мусобақаларда Наргиза доим 1-ўринни эгаллаб келади. Бизнинг бу спортчи қизимиздан умидимиз катта.

 

Маъмура Матёқубова раҳбарлигидаги бадиий гимнастика тўгараги машғулотларида чиниқиб, спортнинг бу тури бўйича ўз услубига эга бўлган Наргиза 2009-2010 йилларда туман миқёсида турли саналар муносабати билан ўтказилган барча беллашувларда ғолиблик шоҳсупасидан жой олган бўлса, 2011-2012 йилларда Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида ўтказилган «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида кетма-кет 3-ўрин ғолибаси бўлди.

Наргиза Халиллаевадаги ўзига хос услуб, чиройли бадиий чиқишларидаги эпчиллик ва гўзал ҳаракатлар у иштирок этган беллашувлар ҳакамлар ҳайъати назаридан четда қолмади. 2012 йилнинг январь ойида Наргиза Халиллаевани ўзидан икки ёш катта, 1997 йилда туғилган қизлар иштирокидаги туман миқёсидаги беллашувга таклиф этишди. Изланувчан ва тиришқоқ Наргиза бу гал ўзидан катта ёшдаги гимнастикачи опаларини доғда қолдириб ҳам 1999 йилда, ҳам 1997 йилда туғилган гимнастикачи қизлар ўртасида мутлақ ғолибликни қўлга қиритди ва туманнинг биринчи рақамли спорт маликасига айланди.

Яқинда, шу йилнинг 23 июль куни Наргизанинг ҳаётида энг қувончли воқеа рўй берди. Шу куни у ўз орзуларини амалга ошириш учун дадил қадам қўйди. 1-туман маданият саройида Наргиза Халиллаева раҳбарлигидаги бадиий гимнастика тўгарагининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

- Биз Наргиза каби қизларимиз билан фахрланамиз, - деди маросимда сўзга чиққан туман ҳокими муовини Хонимжон Pажабова. – Чунки ҳурматли Президентимиз И.Каримов башорат қилганлари каби «фарзандларимиз биздан кўра ақлли, билимдон ва кучли» бўлиб вояга етишмоқда. Буни 13 ёшида спорт тўгараги очиб, атрофига маҳалладаги қизларни йиғиб, ҳар бир кунини мазмунли ўтказаётган, туманимиз спортини юксалтиришга ҳисса қўшишга бел боғлаган Наргиза қизимизнинг жасорати ва журъатида кўриб турибмиз.

Маросимда Наргизанинг онаси Гулбаҳор Матсафоева, 1-БЎСМ директори муовини Бахтиёр Pажабов, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими мутахассиси Назокат Жумамуродова, ота-оналардан Муҳаббат Турсунбоева, Марям момолар ўз неваралари учун бундай тўгарак жуда катта фойда эканлигини мамнуният билан таъкидлашди.

Наргизанинг орзуларига қанот бағишлаган «Чордара» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Феруза Оллоберганова, туманда спортнинг бадиий гимнастика турини илк марта шакллантирган «Олмазор» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Гулнора Ўрозбоевалар Наргиза Халиллаеванинг бу ишини соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги фидойилик деб баҳолашди.

- Нафосат ва гўзалликни ўзида жо этган бадиий гимнастика туманимизнинг ҳар бир хонадонига кириб боришини хоҳлайман. Сабаби, спортнинг бу тури билан шуғулланган қизлар радикулит, ревматизм, турли бўғим касалликлари, асаб тизими хасталикларига чалинишмайди. Кўз ва қулоқнинг асаб толалари мустаҳкамланади. Жисмоний камчиликлар эса умуман кузатилмайди. Қадди-қомати гўзал бўлиб ўсишади. Мен бу маълумотларни интернет тармоғи орқали билиб олгач, маҳалламиз қизлари гўзал ва баркамол, соғлом бўлсин деб бадиий гимнастика тўгараги очишни ният қилган эдим. Бу борада менга ишонч билдираётган, ёрдам бераётганюртдошларимнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан, - ўз орзулари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди Наргиза. - Ҳали кўрасиз, ишонтириб айтаманки, бизнинг туманимиздан Pеспублика ва Ўзбекистон чемпионлари етишиб чиқишади. Қобилиятли қизлар жуда кўп. Фақат ўқиш, ўрганиш ва меҳнат қилишдан чарчамаслик керак.

- Балки Наргиза Халиллаеванинг ўзи жаҳон ареналарига чиқар? - умидбахш орзулари ҳақида билгимиз келади унинг.

- Албатта! Мен чиқмасам, дугоналарим, шогирдларим чиқишади!

Наргиза қатъий ишонч билан гапираркан, тўгаракнинг 4-5 ёшли жажжи аъзолари бажараётган чиройли машқларни кузатамиз. Улар Наргиза кўрсатган ҳар бир ҳаракатни ихлос ва фидойилик билан бажаришар, то Наргиза опаси: «ана энди бўлди», демагунча битта ҳаракатни 10-20. ҳатто 30-40 марталаб такрорлашдан эринмасдилар. Бу жажжи қизалоқлар вужудига куч, қалбларига интилиш бахш этган сабрни, матонатни кўриб беихтиёр қувониб кетади одам.

- Истиқболга интилган болаларинг билан омон бўл, Ватан! –дея баралла ҳайқиргинг келади. 13 ёшли тўгарак раҳбарига дилда ҳавас уйғонади. Дилдаги ҳавас ва қувонч тилга кўчади:

- Келажакка дадил боқиб турган Ватаннинг қудратли қанотлари – ёшлар, Наргизалар омон бўлсин!

Pобия ЙЎДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"Amunews.uz”мухбирлари.

 

Суратларда: 1. Тўгарак раҳбари Наргиза Халиллаева шогирди Матлуба билан навбатдаги машқ пайтида.

2. Наргиза Халиллаева (чапдан биринчи) шогирдлари – бадиий гимнастика тўгараги аъзолари билан.

 

Янгиликни бўлишинг: