"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

ҲАЁТГА АЙЛАНГАН ЭЗГУ НИЯТЛАP

(Очерк)

Хушхабарнинг қаноти бор, деганлари рост. "Ташаббус - 2014” кўрик-танловининг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида Қорақалпоғистон Pеспубликаси номидан иштирок этган юртдошимиз, "Амударё соҳили” фермер хўжалиги раҳбари Ислом Маткаримовнинг "Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори” номинацияси ғолиби бўлганлигини эшитган қариндошлари, дўст-ёрлари чин дилдан қувонишди. Ҳатто нотаниш одамлар ҳам:

- Кўрдингизми, "Ташаббус”да бизнинг "Амударё соҳили” ғолиб бўлди! – дея фахрланишди, бир-бирларини муборакбод этишди. Таҳририятда эса фермер хўжалиги фаолияти билан танишиш, ғолибни муборакбод этиш менинг зиммамга тушди.

Ислом Маткаримов билан учрашувимиздан, хўжалик фаолияти билан танишувимиз, ёш фермер томонидан амалга оширилган кенг қамровли ишлар, истиқболи порлоқ режалардан, тўғриси, дилимда ҳавас ва ҳайрат уйғонди. Хаёлимдан: "шу ёшгина йигит шунча ишни қандай амалга оширди экан?”, - деган бир савол кечди.

- Сиз ҳайрон бўлаётирсиз, - худди хаёлимдагини ўқигандай мамнун жилмайди Исломбек. – Тўғри, фермер хўжалигини бошқариш осон эмас. Бир вақтнинг ўзида давлат корхонасида ҳам ишлайман. Лекин бир нарсани биламанки, бир-бировга ҳурмат, оғизбирчилик бўлса, инсон энг оғир муаммоларни ҳам осонгина ҳал эта олади. Менинг барча ишларимнинг, ютуқларимнинг илҳомчиси муҳтарама онажонимиз, ака-укаларим – оилам. Агар мен бағри қуёшдай иссиқ оилам бўлмаганида ҳеч нарсага эришмаган бўлардим.

Бағри қуёшдай иссиқ оила. Унинг соҳиби, соҳибаси кимлар эдики, ўғил уларни қуёшга менгзади. Шу қуёш тафти унга куч-қудрат, ақл-заковат ато этганидан кўнгли тоғдай юксак, ниятлар улуғ, орзу-умидлари виқорли.

Ислом Маткаримов улғайган оилада отанинг ўз ўрни, шу мўътабар зот томонидан яратилган қонун-қоидаларга нисбатан ҳурмат ва эътибор ҳамиша баланд бўларди. Исмоил фермер – "Исмоил чорвадор” дейишарди унинг отасини. Овул-элда Исмоил оға билан унинг рафиқаси Pабиға муаллиманинг ҳурмати, обрўси баланд эди. Бири ишбилармон, тадбиркор инсон, ибратли оила соҳиби, бири овул ёшларининг севимли устози, эъзозли хонадон бекаси, умрининг 27 йилини ёш авлод тарбиясига бағишлаган мўътабар инсон бўлганлиги боисидан эҳтиромга сазовор эдилар. Ота-она феълидаги одамийлик фазилатлари, эл-юртга қайишиб, яхшилик, эзгулик томон интилиб яшаш хислатлари беш нафар ўғил феълида мужассам бўлиб, бу оила арконини яшнатиб юборди. Иқтисоди тамоман издан чиққан, деярли талон-тарож бўлиб қолган собиқ "Тўлқин” хўжалиги ҳудудида чорвачилик фермасини қайта ташкил этган раҳматлик Исмоил оға Маткаримов тўлиб-тошиб ишлаб юрганида тўсатдан вафот этди.

- Гўё ҳамма ёқ ҳувиллаб қолгандай, кўнглимга қил сиғмай қолди, - маҳзун хотирлайди Pабиға опа Жўллибоева умр йўлдошини. – Унинг эзгу ниятлари кўп эди. Янги-янги режаларни тузарди, ишонасизми, 15-20 йил олдиндан кўра билиш, қатъий хулосалар чиқара олиш қобилияти бор эди отасининг. "Ҳали шундай кун келадики, - дерди кулиб, ўғилларимиз орқали иккимиз машҳур бўлиб кетамиз. Ўз боғларимиз, мева-сабзавотни қайта ишловчи корхонамиз, ўз чорвамиз, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик, ғаллачилик хўжаликларимиз бўлади!” – дердилар.

- Қўйсангиз-чи, шунча бойликни қаердан оламиз? – деганман ўшанда. – Энди билсам, бутун бойлигимиз ўғилларимиз экан...

Халқимиз тилида эъзоз топган: "Отага қараб ўғил ўсар”, деган пурмаъно ҳикмат Исмоил оға билан Pабиға опалар қурган аҳил оилада ўз такомилига етди. Ота феълидаги жамики эзгу фазилатлар беш ўғил хулқини безади. Эсини таниган кунидан бошлаб оилада ҳалол меҳнат, бир-бировга меҳр-оқибат таълимини олган фарзандларнинг барчаси ўқимишли, тадбиркор, энг муҳими, оилапарвар инсонлар бўлиб вояга етишди.

- Мана бу уй-ҳовлини Исмоил оғангиз бошчилигида, бутун оила жамлигида қурганмиз, - кенг ва шинам, кўча юзасидан бошлаб дов-дарахтларга бурканган хонадон ичкарисига бошларкан дейди мамнуният билан Pабиға опа. – Ўғилларимнинг барчасини, ҳозир эса невараларимни ҳам 5 ёшидан меҳнат қилишга ўргатганмиз. Исмоил оғангиз овозини кўтариб уришмасдилар, сўкмасдилар. Ўғилларини ёнларига олиб, "жўра-жўра” деб эркалатиб ишга ўргатардилар. Ҳар бир ўғлимнинг ўз иши бўларди. Ҳозир ҳам шундай. Бизнинг оилада ҳеч ким бўш ўтирмайди.

Мактаб таълимидан бўшаган ўғиллар учун оилада Исмоил оға бошчилигидаги тарбиявий соатлар бошланарди. Шунинг учун ҳам Pабиға опа билан Исмоил оғанинг ўғиллари мустақил ҳаётга қадам қўйганларида ўз кийимларини ўзлари ювиб, тоза кийишдан тортиб, томорқа хўжалигини юритиш, чорва молларини парваришлаш сирларини ўргандилар, боғдорчилик, паррандачилик соҳаларини пухта эгаллаган, меҳнаткаш, меҳр-оқибатли инсонлар сифатида шаклландилар. Ота-оналарининг ҳар бир қилган эзгу ниятларини ўзларининг яхши хулқлари, фидойи меҳнатлари билан зийнатладилар. Pаҳматлик Исмоил оға Маткаримовнинг ниятлари, орзулари маҳсули бўлиб "Тўлқинли Исмоил чорвадор” номи билан бошланган хайрли ишлар "Амударё соҳили" бўлиб бепоён пахтазорлар, тутзор-у ғаллазорларга, боғ-роғларга, балиқлари сузиб юрган "Аму-Тўлқин балиғи" ҳовузларига, қатраси дардга малҳам асалари уяларига кўчди. Тадбиркор ўғиллар номи мамлакатга танилди.

Бугунги кунда катта ўғил Шуҳратжон етук иқтисодчи, туман омухта ем, шрот-шелуха сотиш бирлашмаси бошлиғи, Тошкент иқтисодиёт университетида таҳсил олган Қудратжон "Аму-Тўлқин балиғи” МЧЖ раиси, учта олий ўқув юртини тугатган Илҳомжон Беруний туман ДСИ бошлиғи, Исломбек эса "Манғит почта” корхонасига раҳбарлик қилиш билан бирга "Амударё соҳили” фермер хўжалиги раиси.Кенжа ўғил Азаматжон Тошкент ахборот технологиялари Университети талабаси. Ака-укаларнинг барчаси тадбиркор, ишбилармон. Отаси бошлаган эзгу ишни давом эттириб, деярли тарқаб кетган чорвачилик фермаси негизида "Тўлқинли Исмоил чорвадор” чорвачилик фермасини қайта ташкил этган Шуҳратжон Маткаримовнинг, "Аму-Тўлқин” балиғи МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиб, элдан олқиш олган Қудратжоннинг, катта бир туманнинг йирик иқтисодий соҳасини бошқараётган Илҳомжоннинг ва бугун ўз ишлари билан бутун Ўзбекистонга танилган "Амударё соҳили” фермер хўжалиги раҳбари, "Ташаббус-2014” кўрик-танловининг "Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори” номинацияси ғолиби Исломбекнинг ютуқларидан фақат "Тўлқин” овули аҳлигина эмас, бутун амударёликлар мамнун.

Асосий фаолияти пахтачилик, ғаллачилик, сабзавот-полиз, картошка, дон экинлари, чорвачилик, асаларичилик, боғдорчилик ва пиллачилик бўлган "Амударё соҳили” фермер хўжалиги тумандаги иқтисоди ривож топган кўп тармоқли хўжаликлардан бири саналади. Фермерлик фаолиятини 2011 йилда бошлаган Исломбек Маткаримов ишни онаси ва ака-укалари билан бамаслаҳат, аниқ ва пухта режа асосида ташкил этди. Дастлаб 89,7 гектар ерда деҳқончилик қилган фермер қисқа вақт ичида ўз фаолият кўламини кенгайтириш ҳисобига экин майдонини 186,1 гектарга етказди. Пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари, боғдорчилик, балиқчилик ва асаларчилик йўналишларини, чорвачилик фермасини ташкил этди. 2012 йилда тижорат банки кредит маблағлари ҳисобидан 2210,5 млн. сўмлик инвестиция киритиб, Голландия технологияси асосида беш турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг натижасида фермер хўжалигида 51 та иш ўринлари яратилиб, 31 нафар коллеж битирувчилари доимий иш билан банд бўлишига эришилди.

- Отам доимо ҳар бир бошлаган хайрли ишинг ҳисобидан эҳтиёжманд одамларга хайр-эҳсон қилишни унутманглар, - дердилар босиқлик билан сўзлайди Исломбек. – Эндиликда онажоним маслаҳатлари билан тез-тез хайр-эҳсон қилиб турамиз.

"Амударё соҳили” фермер хўжалиги ҳисобидан фақат 2012-2013 йилларда 30,6 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди. Таълим муассасаларига сут ва гўшт, балиқ маҳсулотларини хайрия қилган Исломбекнинг хизматидан элдошлари мамнун.

- Ўғлимнинг режалари катта, - дейди Pабиға опа мамнуният билан. – Ҳали кўрасиз, шундай бир кун келадики, менинг ўғилларим Амударё элининг номини жаҳонга танитади.

Исломбекнинг катта режалари – улар фарзандларидан мамнун онахоннинг ишончларидан қанотланган эзгу режалар эди назаримда. Қаранг, келгусида меҳнат унумдорлигини ошириш эвазигақишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 500,0 миллион сўмга етказиш, ўз маблағи ҳисобидан 50,0 миллион, банк кредит маблағлари ҳисобидан 150,0 миллион сўм атрофида инвестиция маблағларини жалб қилиб, нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, балиқчилик соҳасини кенгайтириб, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш соҳасида маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини ишга тушириш ва ниҳоят "Амударё соҳили” номи билан ўз маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилишга эришиш.

- Ана шунда ишчиларимиз сафи 65 нафарга етади, янги иш ўринлари яратилади! - Ўз режалари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди Исломбек. – 2014 йилда хайрия ишларимиз ҳам кўпаяди. Йил давомида 25 миллион сўмлик хайрия ишларини амалга оширишни ният қилганмиз.

Яхши ният – у ҳамманинг ҳам кўнглидан кечиб, ҳаётга айланавермайди. Албатта, ҳар бир қилинган эзгу ният самимий бўлсагина инсон кўнглига ободлик бахш этади. Шунинг учун: "ниятинг йўлдошинг бўлсин!”, - дея тилаклар қилинади. Ният кўнгилга тугилса-ю, уни амалга оширмоқ учун инсон тоза дил билан, ихлос билан интилмаса, кўнгилда тугун бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳар бир эзгу ният дилдаги самимият чўғидан тафт олиб, ҳаётга айланади. Pабиға опанинг ўғиллари қилган яхши ниятларда ҳамиша ана шундай самимият чўғи бор, кўнгилларга хуш келадиган тафт - ҳарорат бор. Шунинг учун ҳам ҳамқишлоқлари бу оила фарзандларига ҳавас қилса не ажаб. Гулбаҳор, Мийвегул, Ойгул, Юлдуз исмли исмлари-жисмларига монанд келинларнинг одоб-у икромларидан, ўзларига ярашган хулқ-миназларидан: "келинг, уйга киринг, тузимиздан тотиб кетинг”, - дея мулозамат кўрсатиб, хонадонга келгувчи меҳмонларга эврилиб туришларидан кўнглингиз яйраб кетади. Ҳавас қиласиз. Қўлларига митти белкуракчалар олиб энаси - Pабиға опа бошчилигида томорқа ерида меҳр билан ишлаётган болажонларни кўриб, ҳавасингиз ҳайратга айланади. Қаранг-а, бу оилада болаларга 5-6 ёшидан меҳнат таълими ҳам бериларкан, хонадон боғида ҳар бирининг ўз дарахти, ўз гулзори бор. Табиат неъматларига ихлос, она заминга меҳр уйғотиш дарслари эмасми бу! Бу меҳр болажонлар билан бирга улғайиб, она Ватан сарҳадларини қучмайдими бир куни! Оиланинг 5 нафар тадбиркор ўғиллари изини босишга, Ватан равнақига, фаровонлигига, ободлигига ҳисса қўшмоққа, Ватанга муносиб фарзанд бўлмоққа қўйилаётган қутлуғ қадамлар ҳам шу – "Амударё соҳили”нинг, она Ватаннинг келгуси ворислари!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: