"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

АМУДАPЁ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ БУГУН ЎЗ МУХЛИСЛАPИГА ЭГА

Телевидение – оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос, алоҳида бир туридир. Бутун жаҳон миқёсида телевидение бошқа оммавий ахборот воситалари орасида ахборот узатишда имконияти кенг восита ҳисобланади. Амударё телевидениеси ҳам мана 10 йилдирки, турли жанрлардаги кўрсатувлари билан томошабинлар эътиборини қозониб келмоқда.

Телеканал дастурлари дастлаб ҳафтада 3 кун, кунига 2 соатдан, фақатгина Манғит шаҳри ва шаҳар атрофидаги ҳудудларда эфирга узатилган бўлса, ҳозирги кунда нафақат туманимиз, балки Қорақалпоғистоннинг деярли барча ҳудудлари, ҳатто Хоразм вилоятининг, қўшни Туркманистон Pеспубликасининг айрим ҳудудлари аҳолиси ҳам телеканалнинг ранг-баранг кўрсатувларидан баҳраманд бўлмоқда.

Амударё телевидениеси кўрсатувлари 2010 йилдан эфирга узатилиб, ўша йилнинг 2 сентябридан тумандаги “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда фаолият олиб бора бошлади. Иккала таҳририят ўртасидаги ижодий ҳамкорлик натижасида газетада чоп қилинган кўплаб очерклар, мақолалар асосида телекўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилди. Телеканал орқали намойиш қилинган янгиликлар асосида тайёрланган хабарлар эса газетада чоп этилди. Ўтган давр мобайнида телевидение туман аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаб, тумандаги янгиликлар билан таништиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Намойиш этилган теледастурлар, туман ҳаётининг барча соҳаларидан тайёрланган телематериаллар, албатта, томошабинларга манзур бўлаяпти.

2014 йилнинг 2-чорагидан бошлаб, телеканал асосий эфир вақтининг давомийлиги ҳафтасига 12 соатдан 20 соатга узайтирилди.

Ўзбекистон Pеспубликасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтиш бўйича Давлат дастури асосида Амударё телеканали ҳам 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб аналог тизимдан рақамли форматга ўтказилиши натижасида теледастурларни узатиш хизматларининг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланиб, эфир вақти ва тарқатилиш ҳудудлари кенгайди.

Ҳозирги кунда телеканал кўрсатувлари Манғит, Нукус, Қўнғирот ва Мўйноқ шаҳарларидаги рақамли телевизион станциялари орқали кунига 18 соат эфирга узатилмоқда.

Туман ҳокимлигининг амалий ёрдами билан 2019 йилда телеканал таҳририяти жойлашган бинода капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Натижада турли мавзулардаги ток-шоулар, информацион дастурлар, кўнгилочар ҳамда болаларбоп кўрсатувларни тасвирга олиш учун етарли шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, телеканал таҳририятининг моддий-техник базасини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Биргина ўтган 2 йил ичида юқори сифатли, рақамли форматдаги теледастурларни тасвирга олиш ва шакллантириш учун рақамли видео камералар, монтаж компьютерлари, ёритгичлар, овоз ёзиш қурилмалари ва бошқа зарур жиҳозлар харид қилинди. Натижада турли мавзудаги, турфа хил ёшдаги томошабинларга мўлжалланган теледастурларни тайёрлаш имконияти яратилди.

Таҳририятнинг замонавий, энг сўнгги русумдаги алоқа ва дастурий таъминот воситаларидан самарали фойдаланиши натижасида телеканалда SMS-мулоқотлар, телевикториналар, жонли эфирдаги кўнгилочар дастурлар ҳамда жонли ижрода, жонли эфирдаги концерт дастурлари намойиш қилиниб, телетомошабинларга манзур бўлмоқда.

Таҳририят бир неча марта Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат грантлари ғолиби бўлди ва қатор лойиҳаларни амалга оширди.

Эфирга узатилаётган теледастурлар орқали таҳририят миллий истиқлол ғояларини тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш, мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ҳамда миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўз устида ишлаб, телевидениенинг имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда телетомошабинларга бири-биридан қизиқарли кўрсатувлар тайёрлаб келаётган таҳририятнинг ижодий ва техник ходимлари доим изланишда.

Мана шу аҳил ва интилувчан ижодий жамоанинг самарали меҳнатлари натижасида телеканал Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган телекомпаниялар ичида биринчилардан бўлиб, жонли эфир йўлга қўйилди. Қолаверса, интернетдан самарали фойдаланилиб, ижтимоий тармоқларнинг телеэфир узатиш дастурий таъминотига интеграция қилингани телетомшабинлар билан фаол ва жонли мулоқот ўрнатилишига замин яратмоқда.

Журналистиканинг барча йўналишлари каби телевидение ҳам халққа яқин бўлиши, жамият ва фуқаролар ўртасидаги кўприк вазифасини бажариши лозим. Бу телеканал ижодкорларининг олдига қўйган энг олий мақсадларидан бири ҳисобланади. Ана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида матонат билан хизмат қилаётган Амударё телевидениеси таҳририяти ижодий ва техник жамоасига, ҳар бир ҳамкасбимга ижодий баркамоллик, юксак парвозлар тилаб қоламан.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА,

журналист.

Суратларда: ATVда иш жараёнидан лавҳалар.

Янгиликни бўлишинг: