"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

ВАТАНИГА МЕҲPИНИ ОФТОБ ҚИЛИБ ЯШАГАН ИЖОДКОP

Олийгоҳ аудиториясидан чиқиб, ишга келган ёшнинг кайфияти ўзгача бўлади. Кўнглинг осмонда, ундай қиламан, бундай қиламан... Орзулар қанотида учиб келиб... ўқиш бошқа, иш бошқа эканлигини англайсан.

1985 йилнинг илк ойидан “Амударё ҳақиқати” газетаси таҳририятига ишга келганимда менинг ҳам бошимдан шундай кечинмалар ўтган. Бироқ газетанинг ўша вақтдаги муҳаррири Гулнора опа Матёқубова, ўринбосари Саъдулла ака Хўжаниёзов, журналист Хонимжон опа Pажабова, маъсул котиб Норбой Тўрабоев, мухбир Зебо Pажабоваларнинг беғараз кўмаклари, йўл-йўриқлари билан ҳадемай касб кўникмаси ва малакасига эга бўлдим.

Мен Гулнора Матёқубова газетага муҳаррирлик қилган 15 йиллик даврнинг саккиз йилида таҳририятда ишлаган бўлсам, опанинг ходимларга талабчанлигига ва айни пайтда ўта жонкуяр ва фидойилигига доимо қойил қолиб келганман.

У вақтларда босмахонада газетани тайёрлаш асосан қўлда бажарилгани, ҳафтасига мунтазам уч марта чиқиб тургани учун кўпинча кечалари ҳам ишлардик. Оилали, фарзандлари ёш бўлишига қарамай, Гулнора опа бунинг учун ҳеч оғринмас, ходимларга ҳам ўз фидойилигини “юқтириб” қўйганми, билмадим, ҳеч ким куни бўйи ишлаганимиз камми, кечаси ҳам ишлаймизми, деб ўйламасди. Газетанинг ҳар янги сони ёруғликка чиққанида қувончимиз ичимизга сиғмай кетарди.

Шу йиллар оралиғида газета сифатли босилгани, долзарб мавзуларни маҳорат билан ёритгани учун собиқ иттифоқ миқёсидаги қатор танловларда ғолиб бўлди. Опа бутун иттифоқ журналистлари съездига делегат бўлди, номи эларо танилди.

Манғит шаҳрида туғилиб ўсган Гулнора Матёқубовада журналистик қобилият жуда эрта уйғонган. Мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ туман радиосида сухандонлик қилган, мақолалари, шеърлари Қорақалпоғистон, Ўзбекистон миқёсидаги даврий нашрларда ёритилган. Аввал Тошкент Давлат Университетининг филология факультетини, кейинчалик Олий партия мактабини тугатган. “Амударё ҳақиқати” газетасида 15 йил муҳаррирлик қилгач, “Халқ сўзи” газетасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича махсус мухбири, Манғит шаҳридаги 31-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади.

Биз шогирдларига, туманимиз халқига унинг теран мушоҳадага чорловчи хилма-хил мавзулардаги долзарб мақолалари, кўнгли қатларидан тўкилган шеърлари маънавий мерос бўлиб қолди.

Бағрикенг, одамгарчиликли, таҳририят ходимларини худди ўз боласидай ҳар қандай шароитда ҳимоя қила оладиган, касбига фидойи раҳбар, иқтидорли ижодкор Гулнора Матёқубова 2020 йил апрель ойида 74 ёшида оламдан ўтди.

Ҳа, опа умрининг ҳар лаҳзасини юртим деб, юрт шаънини улуғлаб, ўз кечинмаларини оташин сатрларга жойлаб яшади. Унинг ҳаётининг турли йилларида ёзган шеърлари жамланган “Ватан севгиси” номли тўпламдан жой олган ҳар бир шеърида юксак инсоний хислатлар улуғланади, юртига, юртдошларига кўнглидаги муҳаббат, ҳарорати сезилиб туради.

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, севимли устозимиз, эл ардоғида яшаган ижодкор Гулнора Матёқубовани, бошқа фахрий устозларимизни ҳар йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида байрам дастурхонимизга таклиф этиб, дийдорлашар, суҳбатларидан баҳраманд бўлардик.

Яратганнинг иродаси шудир-да, онамиздай суюкли устозимизни дард эрта йўқлади. Орамиздан бевақт олиб кетди. Бироқ соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, кўпгина етук журналистларнинг камол топишидаги эзгу хизматлари билан руҳан доим жамоада. Гулнора Матёқубова ўзи ёзганидай “Турмуш ташвишидан ғам чекай нега?

Доимо бахтдан масрур, шу юрт суюкли қизи” сифатида доимо барҳаёт.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: