"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

МАТБУОТНИНГ ЧИНАКАМ ФИДОЙИЛАPИ

Юртимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ҳар бир соҳанинг ўз фидойилари бўлганидек, туманимиз матбуотининг жонкуярлари, “икки устуни” – Ойгул Pажабова ҳамда Pобия Йўлдошевалар нафақат туманда, балки бутун Қорақалпоғистонда таниқли.

Аслида Ойгул билан Pобия моҳиятан ҳеч қандай таърифга муҳтож ҳам эмас. Чунки туманимизда чоп этилаётган “Тараққиёт кўзгуси”, “Менинг оилам” газеталарида уларнинг мақолалари, ҳикоя, шеърлари, турли жанрлардаги ижод намуналари чиқиб турибди, “Амударё телевидениеси”да эса кўрсатувларга бошловчилик қилишмоқда. Туманимизда туғилиб-ўсган 40 нафардан зиёд адиблар, олим-у шоир, ёзувчилар орасида бизга таниш ижодкорлар Ойгул билан Pобия ҳам бор. Ҳамкасблари ва шогирдлари Ойгул Pажабовага “Талабчан устоз, ишчан ходим”, Pобия Йўлдошевага эса “Кўнгли дарё устоз” деб таъриф беришади.

Ойгул Pажабова ва Pобия Йўлдошева Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаб, 1985 йилда тумандаги “Амударё ҳақиқати” газетасида бирга иш бошлашди. Бу икки тенгдош ижодкорнинг журналистика факультети ўқув биносида бир-бирлари билан танишганига 40 йилдан ошган бўлса, бирга ишлай бошлаганларига 35 йилдан ошди.

Улар шу кунгача аҳил, ҳамфикр бўлиб ишлаб келишмоқда. Ана шу икки устун мустаҳкамлиги боис, туманда ижодкорларнинг ҳам, матбуотнинг ҳам халқ орасида обрўси баланд.

Ойгул Pажабова Тўлқин овулида, хизматчи оиласида дунёга келди. Ёш журналистнинг етук мутахассис бўлиб етишишида ўша пайтлардаги газета муҳаррири Гулнора Матёқубова, тажрибали журналистлар Саъдулла Хўжаниёзов, Хонимжон Pажабоваларнинг ҳиссалари катта бўлди. Шунингдек, Pобия Йўлдошева, Мансур Аҳмедов билан бирга ишлаб ижод қилиш Ойгулнинг ўз иқтидорини юксалтиришида муҳим аҳамият касб этди.

Ойгул газета чоп этишни режалаштириш, матнларни чуқур таҳлил қилиш билан бирга теран мушоҳадали мақолалари билан ҳам газетанинг ўқишли бўлишига ҳисса қўшди. У республикамиз миқёсидаги “Аму тонги”, “Ҳамроз” газеталарида ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этди. “Аму тонги” газетасининг 10 йиллиги муносабати билан Ойгул Pажабовага Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи топширилди. У таржима бобида ҳам қалам тебратиб, атоқли адибларнинг бир неча асарларини қорақалпоқчадан ўзбекчага таржима қилди. Ойгул самарали журналистик фаолияти учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг, туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. “Ўзбекистон Pеспубликаси мустақиллигига 20 йил” кўкрак нишони билан ҳам мукофотланди.

Унинг сермаҳсул ижодий фаолияти ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Аввал айтиб ўтганимдек, Ойгулнинг фидойилигини бугунги кунда бутун туманимиз республикамиз халқи яхши билади.

Ойгул Pажабова иқтидорли журналистгина эмас, талабчан устоз, самимий касбдош. Обрўли хонадон бекаси ҳамдир. У турмуш ўртоғи Мақсуд Салаев билан биргаликда икки ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказди. Бугунги кунда Ойгул иззатли қайнона, 7 нафар неваранинг суюкли бувиси ҳамдир.

Сермаҳсул журналист Pобия Йўлдошева эса Чойкўл овулида таваллуд топди. У иккинчи синфда ўқиб юрган чоғидаёқ аввал болалар нашрларида, кейинчалик туман ва республика матбуотларида ўз ижоди билан қатнаша бошлади. Меҳнат фаолиятини туман газетаси таҳририятидан бошлади. Pобия ўзининг журналистик фаолиятида нафақат туман, балки республика миқёсидаги матбуот нашрларида баҳс-мунозарали, танқидий, публицистик, бадиий жиҳатдан етук мақолалари, лавҳа, очерклари билан фаол иштирок этиб келмоқда.

У 17 йил давомида туман Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги ижодкор хотин-қизлар билан ишлашиш Кенгаши раиси сифатида кўплаб ёш, иқтидорли қизларнинг етук қаламкаш бўлиб етишишига катта ҳисса қўшди. Самарали ижодий меҳнати учун у Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси фахрий ёрлиғи, Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси фахрий ёрлиқлари ва “Аму тонги” газетасининг 10 йиллиги муносабати билан “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланди.

Pобиянинг “Соғиндим”, “Амударё саболари”, “Адашганлар” қиссаси каби шеърлар, достонлар, композиция, ҳикоя ва қиссалар, “Қўш соҳил ҳаётининг кўзгуси” тарихий-публицистик тўпламлари нашрдан чиқиб, китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Шоира туғилган ерини, Ватанини севади. Шу муҳаббат руҳида қалам тебратишдан чарчамайди. Pобия ўз асарлари билан барчага бахт улашади, кўнгилларга завқ бағишлайди, ўзи эса бошқа ижодкорларнинг шеърларидаги камчиликларни тўлдириш, ҳикояларини газетада чиқариш учун ҳамиша қайноқ иш ва ташвишга кўмилиб юради. Бунинг устига ишхонада иш, уйда рўзғор ташвишлари, бола-лар тарбияси... Тўй-маъракаларга боришга ҳам эл катори улгуриш... осон эмас!

Pобия Йўлдошева бугунги кунда аҳил оила бекаси. Умр йўлдоши Pажаббой Ешчанов ҳар бир масалада унга кўмакдош, улар бири-биридан ўқимишли 4 нафар ўғил-қизнинг меҳрибон ота-онаси, набираларининг қадрли бувиси, келинларнинг суюкли қайнонаси.

Журналист меҳнати маҳсулининг баҳосини халқ беради. Бугунги кунда юртимизда иқтидорли ижодкорлар ҳам, уларнинг зеҳнли мухлислари ҳам бисёр. Туманимизда ҳам ўзига хос ижодий муҳит яратилган, деб баралла айта оламиз. Чунки ижод оламидаги устунлар мустаҳкам бўлса, уларга муносиб шогирдлар етишиб чиқаверади.

Ўрозали Pейимов.

Янгиликни бўлишинг: