"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

КЎНГИЛЛАPДАН БОШЛАНГАН ОБОДЛИК МАҲАЛЛАЛАPДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ободлик – кўнгиллардан бошланади. Кўнгли обод инсоннинг оиласи, хонадони, ҳовлиси-ю томорқаси, маҳалласи ва эл-юрти обод бўлади. Чунки инсон кўнглидаги ободликдан ранг олган кўчалар, маҳалла гузарларидаги гўзаллик Ватанга кўрк-у тароват бағишлайди.
Аслида ўзбек халқига  уйинг остонасини тозала, дейишнинг ўзи ноўрин туюлади. Боиси, ҳар бир ўзбек хонадонининг доимий риоя қиладиган тонгги амали ҳовли-жойини, остонасини, кўча юзини супириб-сидириб, сув сепиш, мўъжазгина гулзорига тартиб бериш. Албатта, бу юмушларнинг бошида кўпни кўрган нуронийларимиз туришади. Шунинг  учун ҳам халқимиз уйидан кўчани айиришмайди.
Дарвоқе, уй ҳам, кўча ҳам ўзимизники, унинг тозалиги ва ободлиги эса она Ватанимиз гўзаллигига гўзаллик қўшади.
Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида “Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон” дастури доирасидаги кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Туманимизда ҳам Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўилми ташаббуси билан овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари томонидан мазкур дастур  доирасида июнь-август ойларида амалга ошириладиган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда  амалий ишлар олиб борилмоқда. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ишлаб чиқилган режавий-жадвал асосида ҳар бир овул ва маҳаллада фуқароларнинг ўзлари яшаб турган хонадон, кўча ва маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, хонадонларда юксак санитария маданиятини қарор топтиришда ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқлик билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги тадбирларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон Pеспубликаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Вазирлиги томонидан туманимизга биркитилган Вазирлик етакчи мутахассиси Гуласен Уббиева туман Маҳалла ва оилани  қўллаб-қувватлаш бўлими ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда овул ва маҳаллаларда тез-тез бўлиб, томорқа хўжалигини юритиш, аҳоли томонидан амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг бориши билан яқиндан танишиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга оширмоқда.
Яқинда Гуласен Уббиева ишчи гуруҳ аъзолари ҳамроҳлигида Манғит шаҳрининг бир нечта маҳаллаларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Хусусан,  Ойбек номли маҳаллалар аҳолиси томонидан амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Кўча бўйларига экилган дов-дарахтларга шакл бериш, уйларнинг фасад қисмларини таъмирлаш, безатиш, маҳалла гузарида сўлим гулзорлар барпо этиш ишлари кўнгилдагидек олиб борилаётганини таъкидлаб, бу борада зарур тавсиялар берди. Аммо Бўстон ва Беруний номли маҳаллалардаги ҳолат билан танишилганида баъзи хонадонлар, ошхоналар биноси ташқарисида ахлат уюмлари ётганлиги, уларнинг эгалари бунга бепарво қараб, қаровсиз ташлаб қўйганлиги маълум бўлди. Мутасаддилар бу камчиликларни бартараф этиш, агар яна шундай ҳолатлар аниқланса, бу бўйича жиддий чоралар кўрилиши ҳақида хонадонлар ва ошхона эгалари билан бирга фуқаролар йиғини масъулларини ҳам огоҳлантирдилар.

Шунингдек, Гуласен Уббиева Манғит шаҳрининг Олмазор, ва Янгиобод маҳаллалари ҳудудида аҳоли томонидан бажарилган кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини ҳам бориб кўрди. Бири-биридан обод ва файзли кўчалар, хонадонлар, “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида бирлашиб, ўзаро аҳилликда яшаётган, уй-жойлари ва маҳалласини янада обод ва кўркам гўшага айлантиришдек эзгу мақсад билан яшаётган аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг эзгу орзуларига, қувонч ва ташвишларига ошно бўлди. Шу баробарида мазкур маҳаллалар аҳолиси учун умумий бўлган муаммоларни ўрганди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш чораларига тўхталиб, бу муаммоларни имкони борича ижобий ҳал этиш юзасидан туман Маҳалла ва Оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъулларига, ишчи гуруҳ аъзоларига зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.
Гуласен Уббиева қайси овул ва маҳаллада бўлмасин, амударёликлар қалбида жўш урган ободлик туйғуси барча маҳаллаларга, ҳар бир оила ва хонадонга кўркамлик бахш этиб турганини мамнуният билан таъкидлади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: